Фото:Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Давлат Умаров: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?

Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Давлат Умаров «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида 2018 йил Россияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида волонтёр сифатида қатнашгани ҳамда «Ливерпуль» футболчиси Стивен Жеррарднинг бутсасини илиб олишига бир баҳя қолганлиги ҳақида сўзлаб берди.

Саккиз ёшимдан футбол ўйинларини томоша қилишни бошлаганман. 2002 йилги жаҳон чемпионати эди. Турнир атрофидаги ҳаяжон мени ўзига тортган бўлса керак. Ёзнинг бутун бир ойи давомида маҳалламизда ҳамма фақат футбол ҳақида гапирарди.

Ўша мундиалда бразилиялик Роналдо порлаган, лекин менинг хотирамда Германия терма жамоаси дарвозабони Оливер Каннинг ўйини кўпроқ из қолдирган – финалга қадар фақат битта гол ўтказиб юборганди. Унга ҳеч ким гол ура олмайдигандек, ҳатто бирон бир супер қаҳрамон ҳам унинг ёнидан ўта олмайдигандек туюларди. Финалда эса айнан ўша «сўйлоқ» унинг дарвозасига иккита гол урди ва менинг футболга энди ошиқ бўлаётган қалбимни биринчи марта парчалади. Ва бу умидсизлик мени бир неча йилга футболдан узоқлаштирди.

2005 йилнинг ёзида телевизорни ёқдим ва футбол трансляциясига дуч келдим. Қизил либосдаги футболчилар оқ ранглиларга қарши майдонга тушишганди. Вақт ўтиб бу футбол тарихига энг ажойиб камбеклардан бири сифатида кирган «Милан» ва «Ливерпуль» ўртасидаги Чемпионлар лигаси финалининг такрорий трансляцияси эканлигини тушунганман. Аммо ўшанда ҳали клуб ёки Чемпионлар лигаси нима эканлигини тушунмасдим ҳам.
Мен «Ливерпуль» футболдаги бир умрлик муҳаббатим бўлиб қолишига қарор қилдим
Ўйинни ёққанимда иккинчи бўлимнинг бош эди, қизил либосдаги футболчилар 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишаётганди. Умидсиз ҳолат. Ҳеч ким бунчалик кўп голларга жавоб қайтариш мумкинлигига ишонмасди, бунинг устига «Миланнинг» афсонавий таркибига қарши.

«Қизиллар»га жуда ачиндим ва «заифроқ» жамоани қўллаб-қувватлашга қарор қилдим. Орадан бир неча дақиқа ўтиб «қизиллар» сардори боши билан гол урди ва ҳамма уйғонди. 6-7 дақиқада «Ливерпуль» ҳисобни тенглаштирди ва ақл бовар қилмас ишлар бўлиб кетди. Қўшимча вақт, кейин пенальти, Дудекнинг ажойиб сейвлари (дарвозабоннинг хавфли зарбани қайтариши) ва «Ливерпуль» ғалаба қозонди.
реклама
реклама
Бу жасоратдан бутун футбол олами лол қолди. Ва мен кўрганларимга ишонмасдим. Мен ўша пайтда майдонда, қизил мухлислар орасида бўлишни ва бу ажойиб муҳитни ҳис қилишни жуда хоҳлардим.

Энг умидсиз вазиятда таслим бўлишни истамаган, охиригача боришга ўзида куч топа олган «Ливерпуль»ни севиб қолдим. Мен одамларни мўъжизаларга ишонтирган клубнинг руҳига ошиқ бўлдим. Менга сардор Стивен Жеррарднинг характери жуда ёқди, у бошқаларга ўрнак бўлиб, футболчиларни ҳам, мухлисларни ҳам олдинга чорларди. «Ливерпуль» футболдаги бир умрлик муҳаббатим бўлиб қолишига қарор қилдим.

Ўшанда ҳали клубни олдинда катта муаммолар кутиб турганини, улар ўнлаб йиллардан бери Англия чемпионлигини қўлга кирита олмаганини ва яқин 10 йил ичида чемпионлик тантана қила олмаслигини билмасдим.
«Кейинги мавсумда биз албатта
муваффақият қозонамиз»
2019 йилгача бир-иккита соврин ва кичик муваффақиятларгина бўлди. Ҳар доим нимадир етишмасди. Ҳаттоки 2013-2014 йилги ажойиб мавсум ҳам Жеррарднинг фожиали тарзда сирғаниб кетганлиги ва қўлдан бой берилган чемпионлик билан якунланди ва клуб сардори «Англия чемпиони бўла олмаган буюк инглиз»га айланди. 2015 йилда Стиви Жи клубни бутунлай тарк этди, бу жамоа учун ҳам, шахсан мен учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Бу энди «Энфилд» стадионида Жеррарднинг ўйинини кўриш орзуимни амалга ошира олмаслигимни англатарди.

Барча муваффақиятсизликларга қарамай, клуб мухлисларида кучли ишонч бор эди. Энг ёмон мавсумлар, энг ёмон трансферлардан кейин ҳам мухлислар: «Кейинги мавсумда албатта муваффақиятга эришамиз» дейишарди. Эҳтимол, айнан шу ишонч клубга вақти-вақти билан деярли мағлубиятли ўйинлардан ғалаба билан чиқиб кетишга ва «истанбулча камбек» сценарийсини такрорлашга ёрдам бергандир. «Барселона»га қарши 4:0 ҳисобини ва Арнольднинг “corner taken quickly”сини эсланг. Энг ёмон ўйинларда ҳам «Ливерпуль» ёрқин ўйин кўрсатишига умид бўлади ва улар ҳақиқатдан ҳам ўз характерини кўрсатишади.

Мен бу клубга ишқибозлик қилишни тўхтатиш ҳақида ҳеч қачон ўйламаганман, ҳатто хаёлимга ҳам келмаган. Қалбни тирнайдиган мағлубиятлар пайтида ҳам, клуб кучли тўртликка кирмаган даврларда ҳам, мен «Ливерпуль» мухлиси бўлиб қолиш истаги йўқолмасди.
2018-2019 йилги мавсум умрим давомида эсда қоладиган энг зўр мавсумлардан бири бўлди. Биринчидан, 2018 йилнинг июнь ойида Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатига бордим. Ва шунчаки мухлис сифатида эмас, балки ФИФА волонтёри сифатида. Ўшанда Будапештда магистратуранинг биринчи курс талабаси эдим. Май ойининг охирида Россиядаги жаҳон чемпионатида волонтёр сифатида қатнашиш учун таклиф қилишди. Худди шу вақтнинг ўзида, дунёнинг етакчи инвестицион банкларидан бири бўлган Morgan Stanley`нинг Будапештдаги офисида амалиёт ўташга таклиф қилишди.
Бу орзулар ва келажак истиқболлари
ўртасидаги тўқнашув эди.
ФИФА волонтёрлиги ва банкдаги амалиёт тахминан бир вақтда бошланиши керак эди. Бу орзулар ва келажак истиқболлари ўртасидаги қандайдир тўқнашув эди. Morgan Stanley ҳақида гап кетганда, кўпчилик учун қандайдир волонтёрлик ҳақида ўйлашнинг ҳожати йўқдек туюлиши мумкин. Бироқ онгли ҳаётининг кўпроқ қисмини футбол билан ўтказган одам учун эса бу танлов жуда қийин эди. Мен орзуимдан воз кечишни хоҳламасдим, лекин бундай банкда амалиёт ўташ имкониятини йўқотишни ҳам истамасдим.

Аммо ўйинлар назариясидан маълумки, вазиятнинг ечими ҳар доим ҳам бирор томоннинг йўқотишига олиб келмаслиги мумкин. Тўғри ёндашув билан win-win ечим (иккала томоннинг вазиятдан ютиб чиқиши) топиш имконияти доим мавжуд. Хуллас, «сих ҳам куймасин, кабоб ҳам» қабилида иш тутишни ўйлардим.

Жаҳон чемпионати ташкилий қўмитасига хат ёздим ва бу волонтёрлик мен учун қанчалик қадрли эканлиги ҳақида қалбимдагиларни тўкиб-солдим. Санкт-Петербургдаги волонтёрлик кунларимни 20 кунгача қисқартиришларини сўрадим. Шу вақтнинг ўзида, мен Morgan Stanley`га ҳам хат ёзиб, банкдан амалиётни таклиф қилинган санадан бир ой кейинроқ бошлашга рухсат беришини сўрадим. Ва қандайдир ақл бовар қилмайдиган нарса рўй берди: ҳар икки истагим амалга ошиб, иккала томон ҳам рози бўлишди. Бу жуда ажойиб воқеа эди! Гўёки дунё орзуимга содиқ қолганлигим учун мени мукофотлагандек.
Россиядаги 2018 йилги Жаҳон чемпионатида. Санкт-Петербург, «Газпром Арена».
Санкт-Петербургда Жаҳон чемпионатидаги 20 кун унутилмас бўлди: янги танишувлар, ўйиндан олдинги маросимларида иштирок этиш, афсоналар билан бир майдонда бўлиш. Салоҳнинг гол урганини кўрдим ва бошқа кўплаб ижобий ҳис-туйғуларни бошдан кечирдим. Ўшанда бундан ортиқроқ футбол бахтига эга бўлолмайман, деб ўйлар эдим. Лекин хато қилган эканман...

2019 йил бошида ижтимоий тармоқларда март ойида «Энфилд» стадионида «Ливерпуль» ва «Милан» афсоналари ўртасида хайрия ўйини бўлиши ҳақидаги постни кўриб қолдим. Асосий клуб ўйинларига бориш жуда қийин, аммо ўртоқлик ёки шунга ўхшаш хайрия ўйинларига чипталар эркинроқ сотилади. Мен эса шошилинчи билан «Коп» секторида (клубнинг энг афсонавий сектори) битта чипта сотиб олдим.
Ўйиндан бир неча кун олдин Стивен Жеррард (у ўшанда Шотландиянинг «Рейнжерс» клубига мураббийлик қиларди) ҳам ушбу ўйинда иштирок этиб, сардорлик боғичи остида жамоасини майдонга олиб чиқишини билиб қолдим. «Наҳотки, бу рост бўлса?» - дердим ва дарҳол Жеррарднинг «Энфилд»даги ўйинини кўриш ҳақидаги орзуим эсимга тушиб кетди.

Бу орзуим амалга ошиши тақдир экан. Бу ёғи энг яхши фильмлардагидек бўлди: стадион бўйлаб саёҳат, муқаддас «This is Anfield» белгиси олдида суратга тушиш, дунёнинг энг яхши сектори «Коп» стадионида ўйинни томоша қилиш. Мен ўйин бошланишидан олдин «Коп» билан “You’ll Never Walk Alone” (клуб мадҳияси)ни куйладим — бу «қизиллар» мухлиси ҳаётида содир бўлиши мумкин бўлган энг зўр нарсалардан бири.

«Энфилд» стадиони майдонига олиб чиқадиган тоннелда осилган
«This is Anfield» белгиси. Фото: Давлат Умаров
Агар Стивен Жеррарднинг бутсасини илиб олганимда, мен ишқибозлик ҳаётида юксак онларни бошидан кечириб бўлган ва бутун умри давомида бу лаҳзага қиёслаб бўладиган бошқа ҳеч қандай воқеа содир бўлмайдиган одамга айланардим.
«Ливерпуль» ва «Милан» афсоналари таркиби мен мерсисайдликларга мухлислик қилишни бошлаган 2005 йилги ажойиб финалдаги кўплаб ўйинчилардан иборат бўлганлиги ҳам қизиқ бир воқелик эди. Барча собиқ юлдузлар майдонга тушишди: Пирло, Кака, Инзаги, Малдини, Гаттузо, Дида, Шмицер, Каррагер, Дудек, Сиссе, Луис Гарсия ва бошқалар. Гўёки узоқ 2005 йилда тилаган орзуим ҳавода қотиб қолиб, 14 йилдан кейин амалга ошгандек ва менга ҳамма нарсани жонли тарзда ҳис қилиш имкониятини бергандек бўлди.

Ўйин сценарийси ҳам худди махсус тадбирларга тайёрлангандек эди. 2:2 ҳисобида ўйин давом этаётган бир вақтда Стивен Жеррард деярли сўнгги дақиқаларда гол уриб, «Ливерпуль» афсоналарига ғалаба келтирди. Гол урилгандан кейин у мен ўтирган сектор ёнига югуриб келиб, голни биз билан нишонлади — мендан 15 метрлар нарида.

Ўйин тугагач, афсоналар стадионни айланиб, хайрия учрашувини томоша қилган мухлисларга миннатдорчилик билдира бошлашди. Мен эса ҳамма ўйинчиларни яқиндан кўриш учун ўрнимдан пастга тушгандим. Жеррард болаларга сардорлик боғичини ва бошқа жиҳозларини бериш учун бизга яқинлашди. Тасаввур қилинг-а, сизнинг кумирингиз сиздан уч метр узоқликда турибди. Атрофдагилар ва мен улар билан бирга «Стивен, Стивен» деб бақира бошладик. У бизни эшитиб, бутсаларини ечди. Улардан бирини биз томон улоқтирди. Уни ёнгинамда турган йигит ушлаб олди. «Эҳҳҳ, — деб ўйладим мен. — Қандай омадсизлик, а? Мен унга жуда яқин эдим, сал қолганди-я». Стиви Жи эса олға борарди.
реклама
реклама
Аммо икки дақиқа ўтар-ўтмай, ўйлаб қолдим: «Бутсани илиб олмаганим барибир яхши бўлди. Агар мен уни илиб олган йигитнинг ўрнида бўлганимда, ишқибозлик ҳаётида юксак онларни бошидан кечириб бўлган ва бутун умри давомида бу лаҳзага қиёслаб бўладиган бошқа ҳеч қандай воқеа содир бўлмайдиган одамга айланардим».

Ўша бутсани қўлга кирита олмаганим мени ҳис-туйғуларга чанқоқ скаузер, ҳали «Ливерпуль» мухлиси сифатида ҳаётининг энг яхши дамларини бошдан кечирмаган фанат бўлиб қолишимга хизмат қилди.

Жаҳон чемпионати, «Энфилд»даги ўйин, «Коп» билан «YNWA» ни куйлаганим, кўз ўнгимда Жеррарднинг гол уриши – менимча, футбол билан боғлиқ барча орзуларим рўёбга чиққандек гўё. Аммо мен бу ҳис-туйғуларни қайта-қайта бошдан кечиришга тайёрман ва ишончим комилки, мен биринчи марта бўлгани каби ўзимни бахтли ҳис қилавераман.
Матн: Давлат Умаров
Фотосуратлар муаллифи: Евгений Сорочин / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг