Фото:Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Кирилл Альтман: Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?
Ўзбекистонда футболни севишади ва кўпчилик болалигидан севимли жамоасини танлаб, унга ишқибозлик қилади. Журналист Кирилл Альтман «Қандай қилиб футбол мухлисига айландим?» лойиҳаси доирасида нега Ўзбекистонда маҳаллий клубларга мухлислик қилинмаслиги ва футболда оддий ҳисобдан кўра нима жозибалироқ эканлиги ҳақида гапирди.
Мен 1994 йилдан футбол томоша қилишни бошлаганман. Мактаб даврида ҳамма иккита жамоага мухлислик қиларди: «Реал» ёки «Манчестер Юнайтед». Ўша пайтларда ҳатто «Барселона» ҳам унчалик машҳур эмас эди. Мен «Реал» ишқибози эдим. Ўшанда Раул ва Морьентес авлоди дель Боске бошчилигида майдонга тушарди. 2003 йилда дель Боске мураббийликдан кетганидан сўнг мен уларни кузатишни тўхтатдим.

Бироз вақт ўтгач, Лондоннинг «Арсенал» жамоасига қизиқишни бошладим. Аниқ асос йўқ эди, лекин ўшанда Венгернинг умидли ёшлари етишиб чиққа бошлаган эди (Арсен Венгер — мураббий): Фабрегас, Уилшер, Расицки, Ван Перси. Бу йигитлар шунчалик ақлдан оздирадиган ва ёқимли футбол ўйнашардики, мен 15 йилга ушбу клубга маҳлиё бўлиб қолдим.
Бизни барга киритишни хоҳлашмасди, чунки мухлислар столларни синдиришарди. Ҳозир, албатта, мен бу ваҳшийлик эканлигини таъкидлайман.
2009 йили Америкадан қайтдим ва Тошкентдаги «Арсенал» мухлислари гуруҳига қўшилиб қолдим. Улар ҳатто расмий фан-клуб мақомини олиш учун ҳам ариза беришган эди. Биз ҳар ҳафта 25-30 кишилик гуруҳ бўлиб, ҳар хил барларга борардик, бақирардик, “We love you Arsenal, we do” деб қичқирардик.

Фан-клуб билан бирга йиғиладиган пайтларимиз жуда ажойиб дамлар эди. Мен узоқ вақтдан бери бундай ҳис-туйғуларни бошдан кечирмаяпман. Адашмасам, биз Premier Lounge`да йиғилардик, лекин бизни ичкарига киритишни хоҳламасдилар, чунки мухлислар столларни синдиришарди. Ҳозир мен бу ваҳшийлик эканлигини таъкидлайман, албатта. Мен ҳеч нимани синдирмасдим, лекин бошқа йигитлар ҳаммасини ағдар-тўнтар қилиб юборишарди, айниқса ғалабадан кейин мағлубиятдан кўра кўпроқ нарсалар синарди.
реклама
реклама
«Арсенал»га мухлислик қилишни бошлаганимнинг биринчи йилидаёқ жамоа лигадаги бирорта ўйинда мағлуб бўлмасдан, машҳур Олтин дублни қўлга киритди. Аммо шундан кейин муаммолар бошланди. Йилдан-йилга одамнинг ҳафсаласи пир бўлиб бораверарди. Ҳар йили қандайдир бемаъни ҳодисалар рўй берарди, бир мавсумда беш-олтита шундай умидсизлик ҳолатлари бўларди. «Арсенал» биринчи бўлимда 4:0 ҳисобида ғалаба қозониши, кейин эса ютқазиши ёки дуранг ўйнаб қўйиши мумкин эди. Чемпионлар лигасининг нимчорак финалларида доим чиқиб кетишарди. Жамоани шунчаки тор-мор қилишарди, «Бавария» уларни уч марта ер тишлатган.

Биз унчалик завқ олмай қўйдик. Ўша пайтда, ҳатто «абадий тўртинчи ўрин» ҳақидаги мем ҳам туғилди, аслида эса бунинг ҳеч қандай асоси йўқ эди. Клуб фақатгина икки ёки уч марта тўртинчи ўринни эгаллаган. Бунгача «Арсенал» олтинчи, учинчи, иккинчи ўринларни эгаллаганди.

«Арсенал»нинг ўйини аста-секин турғунлашди, мураббий Венгер ҳар доим битта нарсани қайтарарди, аммо ҳеч нарса ўзгармасди. Бу жуда узоқ ва қийин давр эди. Ва кейин футбол менга завқ бағишламай қолди.
Ҳар сафар «Арсенал» футболчилари майдонга тушганда, мен қўрқардим
Венгернинг кетишини кутмай 2018 йилда «Арсенал» билан хайрлашдим, чунки беш-олти йилдан бери менда ҳеч қандай ҳис-туйғулар қолмаганди. Мен вақт ўтиб «Арсенал»га қизиқишни тўхтатган жуда кўп одамларни биламан. Аммо ҳозир муаммолар гирдобида қолган «Манчестер Юнайтед»ни қўллаб-қувватлашда давом этаётганлар ҳам бор. Лекин «Арсенал» мухлисларининг азоби 10 йил олдинроқ бошланган.

Бироз вақт футболни кузатишни тўхтатдим. Аммо 2019-2020 йилги мавсумда «Бавария» мени ўзига ром этди. Ўша пайтдаги мураббий Ник Ковач ўз интервьюларидан бирида шундай деган эди: «Сиз фақатгина 100 км/соат тезликда юришга қодир бўлсангиз, автобанда 200 км/соат тезликда ҳаракатлана олмайсиз». У ишдан бўшатилганидан сўнг, унинг ёрдамчиси Ханси Флик мураббий этиб тайинланди ва янги ўйинчиларсиз, худди шу таркиб билан Бундеслига (Германия чемпионати) кубогини қўлга киритди, «Барселона»ни тор-мор қилди ва Чемпионлар лигасида ғолиб бўлди. Ва мен бу жамоани ёқтира бошладим. Ўша мавсумдан бери «Бавария»нинг янги мухлиси бўлдим.
Агар Ўзбекистон клублари ҳақиқий ҳис-туйғуларни улашганида, бизда ҳам мухлислар оломони бўларди
«Бавария»да менга футболчилар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик ёқади, ҳар бир бўғинда ажойиб профессионаллар ўйнайди. «Арсенал»дан кейин бу жуда катта фарқ эди. Ҳар сафар «Арсенал» футболчилари майдонга тушганда, мен қўрқардим.

2020 йилда Германияга бориб, «Бавария» ўйинини жонли равишда томоша қилишни режалаштиргандим, аммо пандемия бошланиб қолди. Кейин саёҳат қилиш учун керакли вакцина билан эмландим, менда Шенген визаси ҳам бор, лекин ҳозир Германияга кириш қийин. Энг катта орзуим – «Бавария» ғалаба қозонадиган Чемпионлар лигаси финалини томоша қилиш.
Футбол – бу томоша ва энг аввало ҳиссиётлардир. Ўзбекистонда ҳақиқий ҳис-туйғулар улашадиган клублар бўлганида, бизда ҳам мухлислар оломони бўларди.

Ҳа, Наманганда «Навбаҳор» бор. Вилоятларда футбол кўришга келишади, «Пахтакор» ўйинларига беш-олти минг одам йиғилса керак. Шунчаки, бизда чемпионат қандай ўйналишини ҳамма тушунади. Қандайдир хаёлпарастликда яшайдиган одамлар ҳам бор, улар нимадир содир бўлади, деб ўйлайди.

Лекин аслида Ўзбекистон чемпионати даҳшатли ботқоқлик. Мен ҳар қандай клубга, жумладан «Пахтакор» ёки «Бунёдкор» бўладими, мухлислик қилардим. Аммо уларнинг ўйинини томоша қилиш унчалик қизиқ эмас. Европа футболида эса қандайдир томошани кўрасиз. «Арсенал» қанчалик ёмон ўйнамасин, ҳеч бир маҳаллий клуб бундай ўйинни кўрсатиб бера олмайди.
реклама
реклама
Одатда, Бундеслига ўйинлари дам олиш кунлари бўлиб ўтади. Чемпионлар лигаси кунлари эса уйқуни қурбон қиламан, яқинда кечки соат 3 гача ўйинни томоша қилдим. Мен трансляция учун абонемент сотиб олган бўлардим, Bayern TV телеканалига обуна бўлардим, лекин Ўзбекистон учун обуна йўқ, гарчи мен тижорий жиҳатдан даромад келтирадиган мухлис бўлсамда.

Мен ёмон кўрадиган клублар йўқ. Лекин баъзиларини жиним озгина суймайди: «Барселона» ва «Челси» клубларига чидаб туролмайман. Мен ҳар доим уларга қарши мухлислик қиламан, чунки бу клубларда менга ёқмайдиган футболчилар бор. Футболчи қандайдир аҳмоқлик қилса, унга мухлислик қилишни хоҳламайсиз.
Оддий ҳисобдан кўра чиройлироқ нарсалар бор
Мен «Арсенал»га мухлис бўлганимда ҳамма уни топ клуб деб ўйларди, гарчи «Арсенал» ҳеч қачон топ клуб бўлмаган бўлсада. Ажойиб стадиони, яхши маркетинг бор, бизнес яхши йўлга қўйилган холос. Сиз қандайдир мўъжизани кутасиз, лекин вақти-вақти билан клуб қандайдир ўртамиёна клубга ютқазиб қўяверади.

«Арсенал»нинг муваффақиятсизликлари менга кучли таъсир қиларди, аммо мен буни енгилроқ қабул қила бошладим ва энди мен натижага эмас, балки ўйиндаги деталларга эътибор беришга ҳаракат қиламан. Оддий ҳисобдан кўра чиройлироқ нарсалар бор. Энди мени оддий нарсалар ҳам ҳайратлантиради: Киммих қандай ўйнайди ёки Левандовски. Футболни энди яхшироқ тушунишни бошладим, деб ўйлайман.

Мафтункор футбол бор, бу «Реал Мадрид», «Ливерпуль» эса жанговар ўйин намойиш этади. «Бавария»да эса тизимли иш йўлга қўйилган. Мен ана шу футболнинг мухлисиман. Менга «Бавария»нинг ишларни амалга ошириш усули жуда ёқади: уларнинг бизнесга ёндашуви, мухлислар билан қандай ишлаши, «Инстаграм»ни қандай юритиши.

Мен бир умрга эслаб қолган учта ўйин бор ва уларни ҳали ҳам томоша қилишим мумкин. Биринчиси, 2003 йилги Чемпионлар лигаси чорак финалида «Реал» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги ўйин. «Реал» ўз майдонида 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, сафарда 4:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўшанда бразилиялик Роналдо хет-трик (битта ўйинда бир ўйинчи учта гол уриши – таҳр.) қайд этди, Олд Траффорд эса ўрнидан турган ҳолда уни олқишлади.

Бошқа ўйин — «Арсенал»нинг 2011 йилда «Барселона» устидан 2:1 ҳисобида қозонган ғалабаси. Аршавин ва ван Перси гол урганди. Жавоб ўйинида ҳакам ван Персини майдондан четлатиб, ўйинни бузди ва «Арсенал» 3:1 ҳисобида мағлуб бўлганди.

Учинчи ўйин — албатта, 8:2 ҳисобида тугаган «Бавария» — «Барселона» ўйини. Бу ўйинлардан кейин бир неча кун ўзимга кела олмай юрганман. Бу ажойиб туйғулар эди.
Футболда мухлислар ўзларини жуда агрессив тарзда тутишади. Одамлар стадионга ҳам айнан ўз ҳис-туйғуларини ташқарига чиқариш учун келишади. Масалан, Туркияни олайлик. Мен битта ўйинни стадионда томоша қилганман, бу топ ўйин эмас эди. Лекин ҳамма бақирарди, ниманидир ёндирарди, синдирарди ва бундай ҳолат ҳар ҳафта содир бўлади. Балки ҳуқуқ-тартибот идоралари нимададир сустлик қилишар.

Масалан, ҳозир Англияда ҳеч нарса қилиб бўлмайди, полиция дарҳол олиб кетади, Германияда ҳам шундай. Бизда эса чойхонанинг олдида жанжаллашиб қолишлари, бақиришлари, баҳслашишлари мумкин. Учта семиз милици ходими туради — улар нима қилишлари мумкин? Ҳеч нарса. Футболчиларнинг умумий тарбияси, умумий маданияти эса шунчаки жуда паст даражада. Ўтган йилнинг октябрь ойида «Пахтакор» устози бизда стадионларнинг аҳволи ёмонлиги ҳақида гапирганда «Сўғдиёна»нинг ҳеч ким танимайдиган футболчиси унга «ўзинг аҳмоқсан» руҳида жавоб қайтарди. Бунинг учун Хюистра дисквалификация қилинди. Бу циркка ким мухлислик қилади?
Матн: Давлат Умаров
Фотосуратлар муаллифи Евгений Сорочин / «Газета.uz»
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳаволада танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг