Ўзбекистон ТИВ расмий вакили Юсуп Кабулжанов 23 кундан бери Украинада ушлаб турилганини айтган ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг видеомурожаатига изоҳ берди. 1 апрель куни ижтимоий тармоқларда ўзини Хайдарали Куранбаев деб таништирган ҳайдовчилардан бири воқеа ҳақида сўзлаб берган видео тарқалди.

Унинг сўзларига кўра, 13 февраль куни бошқа юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари рух етказиб бериш учун Ильич номидаги Мариуполь металлургия комбинати томон йўлга чиққан. 23 февраль куни Украина чегарасини кесиб ўтиб, белгиланган манзилга етиб боришган. Юкларни божхона расмийлаштируви 24 февраль кунига режалаштирилган бўлган, аммо уруш бошланиши сабабли ҳайдовчилар бунга улгуришмаган.

«Айрим машиналар юкни туширишга улгуришмади ва биз шу ерда қолдик. Уч-тўрт кундан кейин азовчилар („Азов“ махсус мақсадли алоҳида бўлим — таҳр.), бизнинг иккита машинамизни олиб кетишди… Биз ҳеч қаерга чиқмадик, завод ҳудудида тургандик», — деди у. Улар бу ерда 23 кун қолиб кетишган.

«Қандайдир ҳарбийлар келишди, яхшиси бу ердан кетиш кераклиги ҳақида огоҳлантиришди: „Ëмон ҳарбийлар келишади“. Биз ундан шуни эшитдик ва яқин жойдаги қишлоққа қочиб кетдик. У ерда 9 кун яшадик. Шундан кейин қишлоқда Ўзбекистон ҳайдовчиларини излашаётганини эшитиб қолдик. Биз яна яшириндик», — деди у.

Хайдарали Куранбаев маҳаллий аҳоли уларга ўзини мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси чегарасигача боришга ёрдам берган, у ердан эса ҳарбийлар Россияга чегарадош Новоазов туманига етказиб қўйишган.

ТИВ вакили Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари томонидан «ушбу ватандошларни ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган ҳудудлардан эвакуация қилиш масаласи муваффақиятли ишлаб чиқилди».

«Уларга ҳар томонлама ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Айни пайтда Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтмоқдалар», — дейилади хабарда.