Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-ДМТТда заҳарланган 25 нафар тарбияланувчи воқеаси юзасидан 6 кишига нисбатан айблов эълон қилинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Тошкент вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тарбияланувчилар заҳарланиши билан боғлиқ жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Ҳозирда жиноят иши бўйича 6 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 116-модда (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 257−1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айблов эълон қилиниб, уларга нисбатан тегишли эҳтиёт чоралари қўлланилган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг августида заҳарланган болаларнинг 6 нафари оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида эканлиги, 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига улангани, яна 19 нафар тарбияланувчининг ҳолати ўртача оғир деб баҳолангани ҳақида ёзгандик.

Бундан ташқари, ўшанда тарбияланувчи М.Б. 2 августгдан 7 августга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари томонидан шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шиши асоратлари ташхиси қўйилиб даволаш ишлари олиб борилганди. Мактабгача таълим вазирлиги шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни биологик ўлим қайд этилганини маълум қилганди.