Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги болалар боғчасида 25 нафар тарбияланувчилари заҳарланди. Бу ҳақда Мактабгача таълим вазирлиги хабар бермоқда.

МТВ ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан ҳамкорликда тумандаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотидаги ҳолат ўрганиб чиқилди.

Маълумотга кўра, 2 августдан 11 августгача интоксикация синдромининг клиник кўринишлари бўлган тарбияланувчилар Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Тошкент 1-шаҳар юқумли касалликлар клиник шифохонаси, Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ва Оққўрғон тумани юқумли касалликлар шифохонасига жоялаштирилган.

«12 август ҳолатига кўра, 6 нафар тарбияланувчи оғир ҳолатда жонлантириш бўлимида даволанмоқда, шундан 1 нафар тарбияланувчи ўпканинг сунъий нафас бериш мосламасига уланган бўлиб, ҳолати ўта оғир ҳолатда қолмоқда. Қолган 19 нафар тарбияланувчиларнинг ҳолати ўртача оғир деб баҳоланган. Касалхонага ётқизилган тарбияланувчилардан бактериологик текширув ўтказиш учун таҳлиллар олинган ва лабораторияга юборилган», — дейилади хабарда.

Эпидемиологияга қарши тадбирларни мувофиқлаштириш ва маҳаллий мутахассисларга услубий ёрдам кўрсатиш учун юқумли касалликлар бўйича мутахассислар ва эпидемиологлар гуруҳи юборилган.

«Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан консилиум ўтказилиб касалхонага ётқизилган тарбияланувчиларга клиник кўринишларига кўра ботулизм ташхисига гумон қилинган. Якуний ташхис эпидемиологик текширув натижалари ҳамда бактериологик тадқиқот маълумотларига асосланиб қўйилади. Даволаниш давомида 21нафар тарбияланувчиларнинг саломатлиги ҳолатида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда», — дея қайд этилди МТВ баёнотида.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлардаги хабарга кўра ушбу мактабгача таълим ташкилотида 1 нафар тарбияланувчининг озиқ-овқат заҳарланишидан вафот этганлиги келтирилган.

Расмий маълумотларга кўра, тарбияланувчи М.Б. 2 августгдан 7 августга қадар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилояти филиали шифокорлари томонидан шифохонадан ташқари икки томонлама ўчоқли пневмония ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шиши асоратлари ташхиси қўйилиб даволаш ишлари олиб борилган. Шифокорларнинг ҳаракатларига қарамай пневмония касаллиги асоратларига кўра юрак қон-томир етишмовчилиги туфайли 7 август куни биологик ўлим қайд этилган, дея қайд этди МТВ ахборот хизмати.

Бош прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, Оққўрғон туманида боғча тарбияланувчилари заҳарланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.