29 март куни Тошкентда Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Туркия миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар ўртасида икки томонлама ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро доиравий битим имзоланди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Аввал ёзганимиздек, имзолаш маросими Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Ҳужжат ҳарбий соҳада икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, жанговар тайёргарлик, ҳарбий таълим, шунингдек, мудофаа саноатини ривожлантиришга қаратилган, дея таъкидланди Мудофаа вазирлигидан.

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар якунлари бўйича Туркия ўз ҳарбий-саноат комплекси имкониятларини баҳам кўришга тайёрлигини айтди.

«Туркиянинг бу борадаги ютуқлари аллақачон ўз тасдиғини топган», — деди у.