14 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ҳисоб палатасининг 2021 йилги фаолияти бўйича ҳисоботи эшитилди. Ҳисоботда келтирилган давлат харидларидаги қонунбузилиш ва коррупция ҳолатлари кўлами ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Ушбу мақолада давлат харидларида қандай коррупцион схемалар мавжудлиги ҳамда уларни бартараф этиш учун қонунчиликда ва назорат амалиётида қандай ўзгаришлар қилиш кераклиги ҳақида сўз юритилади.

Мактаб, касалхона, кўприклар, йўллар қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш каби давлат сиёсатининг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа устувор вазифаларнинг барчаси давлат буюртмаси (харидлари) орқали амалга оширилади. Иқтисодда давлат улуши ва иштироки катта бўлган мамлакатларда давлат харидлари хусусий сектор учун муҳим молиялаштириш манбаларидан бири ҳисобанади.

Давлат харидларининг асосий принциплари, булар — очиқлик ва шаффофлик, рақобат, холислик ва коррупцияга йўл қўймасликдир. Лекин, ҳеч кимга сир эмаски, давлат харид ва буюртмаларида коррупцион ва рақобатга зид амалиётлар кенг тарқалган.

Ҳисоб палатасининг ҳисоботига кўра, 2021 йилда давлат харидлари жараёнида 763 та ҳолатда 971,1 млрд сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган. Қурилиш соҳасининг ўзида эса 3,5 трлн сўмлик тендер савдоларида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳисоботига кўра эса, 2021 йилда давлат харидлари бўйича 452 та тендер савдоларида 145,3 млрд cўм миқдорида қонун ҳужжатларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Бу фақат аниқланганлари.

Амалиётда кенг учрайдиган давлат харидларидаги схемаларни 2 та турга бўлиш мумкин:

а) буюртмачи (давлат органи) ва тендер иштирокчиси (тадбиркор) ўртасида тил бириктириш (коррупция);

б) тендер иштирокчилари (тадбиркорлар) ўртасидаги тил бириктириш (картель келишуви).

Буюртмачи (давлат органи) ва тендер иштирокчиси (тадбиркор) ўртасида тил бириктириш коррупцион схемаси иштирокчилари қўллаши мумкин бўлган усулларни кўриб чиқамиз.

Порасини олган ёки «откат» ваъда қилинган давлат хизматчиси ўзига керакли тадбиркор тендерда ғолиб бўлишини таъминлаши учун амалиётда бир нечта схемалардан фойдаланади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу қоидабузарликлар қонунчиликдаги камчиликлар сабабли эмас, асосан амалиётда уларга қарши кураш сустлигидан келиб чиқади.

1. Сохта саралаш. Буюртмачи тендер талабларида товар (ишлар, хизматлар)нинг хусусиятларини керакли ишлаб чиқарувчи фирманинг маҳсулотига мослаб тавсифлайди. Ёки тендер талабларида фақат керакли фирмада мавжуд малакалар алоҳида кўрсатилиши мумкин. Бу эса потенциал тендер иштирокчилар сонини камайтиради ва ўзига керакли фирманинг ютиб чиқишига замин яратади.

2. Товар (хизмат)га зарурати йўқ талаблар қўйиш. Керакли фирма тендерда ютиб чиқиши учун буюртмачи маҳсулот (хизмат)га зарур бўлмаган талабларни қўяди. Масалан, тендер талабларида етказиб берувчининг расмий дилер бўлиши кераклиги кўрсатилади ёки рухсатнома сертификати айнан маҳсулотни ишлаб чиқарган завод томонидан тақдим этиш зарурлиги, ишни бажариш учун зарур бўлмаган ҳужжатлар, лицензия ва рухсатнома, сертификатлар талаб этилади. Аслида бундай талабларнинг қўйилиши товар (хизмат)нинг сифатига таъсир қилмаслиги мумкин. Бироқ бу керакли фирма учун рақобатни сезиларли даражада камайтиради ва ютиб чиқиш имкониятларини оширади.

3. Тендер ҳужжатларини мураккаблаштириш. Бунда тендер ҳужжатлари бир неча ўнлаб саҳифалардан иборат мураккаб (ноаниқ) техник топшириқларни ўз ичига олган бўлади. Натижада тендер иштирокчиларининг кўпчилиги уларни тўлдиришда хатога йўл қўйиши мумкин. Буюртмачи эса ҳужжатлардаги бундай хато ва камчиликларни асос қилиб иштирокчиларни тендердан четлатиши ёки балларини камайтириши мумкин. Натижада тендерда тўғри ва мукаммал «жавобларни» тақдим этган керакли фирма ғалаба қозонади.

4. Нохолис (субъектив) баҳолаш. Бу комиссия томонидан аризаларни кўриб чиқишда иштирокчилар томонидан кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилигини текширмаслиги ёки баҳолаш тартибида кўзда тутилмаган таклифлар учун ҳам қўшимча балл беришда намоён бўлади. Масалан, комиссия томонидан баҳолаш жараёнида иштирокчиларнинг харид предметига тааллуқли бўлмаган кўрсаткич ва ютуқларини инобатга олиш.

Мисол тариқасида Коррупцияга қарши кураш агентлигининг маълумотларини келтириш мумкин: «Тошкент вилоятида 50,7 млрд сўмлик қурилиш объекти бўйича ўтказилган тендерга МЧЖ „В“ категория билан кириб, баҳолашда Қурилиш вазирлиги томонидан „ССС“ категорияга қайта баҳолангани оқибатида мазкур МЧЖ мағлуб бўлган)».

Шунингдек, субъектив баҳолашнинг яна бир кўриниши сифатида — бу буюртмачининг таклифдаги кейинчалик назорат қилмаган кўрсаткичларни баҳолаш жараёнида инобатга олишидир. Мисол сифатида, фирма юқори малакали мутахассисларга эга эканлиги учун тендерда ғалаба қозонади. Лекин шартномани бажариш жараёнида аризада кўрсатилган мутахассислар ишга жалб қилинмаган ва буюртмачи эса бунга эътибор бермаган бўлади.

5. Тендер аризаларининг асоссиз рад этилиши. Буюртмачи томонидан тендерда иштирокчиларнинг аризалари асоссиз ёки тегишли тушунтиришларсиз рад этилади. Шунингдек, ҳатто тезда бартараф этилиши мумкин бўлган ҳужжатлардаги майда камчиликлар важ қилиниб, фирманинг тендер ёки аукциондаги иштироки рад этилади. Техник топшириқда иш ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материаллар нархини ҳисоблаб, сметага киритиш зарурлиги ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган бўлса-да, буюртмачи бундай ҳисоб-китоблар йўқлиги сабабли аризани рад этганини мисол келтириш мумкин.

Масалан, Аксилкоррупция агентлиги маълумотларига кўра, Болалар-ўсмирлар спорт мактабига 800 млн сўмлик 27 та турдаги спорт инвентарлари сотиб олиш учун танлов эълон қилинган. Таклифларни баҳолашда танлов иштирокчисининг таклифлар солинган конвертларни очиш жараёнида бўлмаганлиги сабабли фирманинг аризаси қабул қилинмаган, ваҳоланки қонунчиликда танлов иштирокчиси вакили танловда шахсан қатнашиши шартлиги ва иштирок этмаслик танловдан четлатишга асос бўлиши белгиланмаган. Таклифларни кўриб чиқиш ва баҳолаш баённомасида танловдан четлаштирилиш сабаблари кўрсатилмаган.

6. «Имконсиз миссия». Бунда, мисол учун, тендер лойиҳасини бажаришга атайин жуда кам муддат қўйилиши мумкин. Мисол учун, харидор мураккаб монтаж ишлари учун атиги бир кун ажратган. Табиийки, ушбу ишларни анча олдин бошлаган ёки олдиндан келишиб олган фирмагина тендерда ғолиб чиқиши мумкин.

Кўпинча, бундай схемада буюртмани бажариш учун нореал қисқа муддатлар белгиланади. Натижада, инсофли фирмалар тендер шартларини бажара олмаслигини тушунишади ва иштирок этишдан бош тортишади. Кейин эса, тендерни ҳақиқий деб топиш учун қўғирчоқ фирмалар тендерга жалб қилиниб, керакли фирма ғолиб чиқиши таъминланади. Ғолиб фирма ишни муддатида бажармаса ҳам ҳужжатлар тўғриланиб, иш «ёпти-ёпти» қилинади ва ҳеч ким ҳеч қаерга даъво қилмайди. Бундан ташқари, буюртмачи ҳали тугалланмаган ишларни қабул қилиб, тўловларни олдиндан амалга ошириб қўйиши ҳам мумкин. Амалда ишни муддатидан кеч тугатилиши каби ҳолатлар ҳам коррупциядан далолат бериши мумкин.

Антикоррупция агентлигининг маълум қилишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 7833 та қурилиши тугалланган деб фойдаланишга қабул қилинган объектлардан 2928 та объект аслида фойдаланишга тайёр ҳолда бўлмаган.

7. Буюртмачи томонидан тендерга оид махфий маълумотларни очиқлаш. Масалан, буюртмачи танловда тадбиркорлар томонидан тақдим этилган пул котировкалари ҳажми ҳақидаги маълумотларни керакли фирмага ошкор қилади. Натижада, керакли фирма энг мақбул нархни таклиф этиб, тендер (аукцион) ғолибига айланади.

8. Х-вариант. Буюртмачи тендер ҳужжатлари ва талаблари билан керакли фирмани тендер эълон қилишдан анча олдин таништиради. Натижада ушбу фирма аризасини тайёрлашда маълум бир имтиёзга эга бўлади. Мисол учун, тендер ҳақидаги эълон берилгандан кейин ҳужжатларни топширишга бир ой вақт берилади, лекин аслида керакли ҳужжатларни тендерга тайёрлаш учун камида 2−3 ой кетиши мумкин.

9. Бир нечта техник ва функционал жиҳатдан мустақил лотларни биттага бирлаштириш. Бундай ҳийла рақобатни чеклаш учун ишлатилади, чунки бир иштирокчи бир вақтнинг ўзида бир нечта ўзаро боғлиқ бўлмаган ишларни бажаришга малакаси етишмаслиги мумкин. Одатда тадбиркорлар маълум турдаги товар ёки хизматларга ихтисослашган бўлади. Шу сабабли буюртмачи ҳар хил турдаги эҳтиёжларини битта харид (буюртма)га жамлаши потенциал иштирокчиларнинг тендерда иштирок этишига тўсиқ бўлиши мумкин.

Мисол сифатида сут маҳсулотларидан қаймоқ ва пишлоқни бир лотга бирлаштиришни келтириш мумкин. Одатда пишлоқ ишлаб чиқарувчилар фақат пишлоққа ихтисосланган бўлишади. Яна бир мисол, йўллар, пиёдалар йўлаклари, ер ости ўтиш жойлари, жамоат транспорти бекатлари, кўприкларни ремонт ва сақлаш хизматлари каби бир нечта ишни битта лотга бирлаштириш орқали фақат йирик фирмалар тендерда иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.

10. Ноқулай шартлар. Мисол учун, давлат органи бажарилган иш учун кўпчилик тадбиркорларга мақбул бўлмаган тўлов шаклларини таклиф этади (узоқ муддатли ёки бўлиб-бўлиб тўлов шакллари) ва натижада кераксиз фирмаларнинг тендерга қизиқишини пасайтиришга эришиши мумкин.

11. Расмиятчилик. Иш бажарилгандан ёки қурилиш бошлангандан кейин тендер эълон қилинади. Мисол учун, Самарқанд вилояти ҳокимлиги компанияси тендерни 2021 йил 3 август куни эълон қилади, лекин аслида қурилиш май ойида, эълон қилиш муддатидан уч ой олдин бошланган.

12. «Яширин» харидлар. Агар буюртмачи тендерга бегона фирмалар эътиборини қаратишни истамаса, тендерни «яшириши» мумкин. Мисол учун, сотиб олиш предметини ёки тендерни аслига мос келмаган бошқача ном билан атайди, унинг тоифасини нотўғри белгилайди. Натижада бу тендерга камроқ фирмалар ариза топширади ва ўзига керакли фирма ютиш имкониятларини оширади.

13. Тендерда иштирок этишдан бош тортишга ундаш. Буюртмачи ўзига керакли тадбиркор ютиб чиқиши учун тендерда ғолиб бўлиш эҳтимоли юқори бўлган тадбиркорга маълум бир ҳақ эвазига тендердан воз кечишни таклиф қилади.

14. Шартнома шартларини ўзгартириш ёки бажарилмаган ишни қабул қилиш. Керакли фирма тендер (аукцион)да ғолиб чиқиш учун бозор нархига мос бўлмаган зарарли нархларни ҳам таклиф этишига тўғри келиши мумкин. Лекин кейинчалик шартномани бажариш жараёнида шартнома шартлари икки томонга манфаатли тарзда ўзгартирилади. Амалиётда шартнома нархи ўзгармаган, лекин амалда харид кам ҳажмда етказиб берилган ҳолатларни ҳам кўриш мумкин. Бундан ташқари, шартномадан фарқли турдаги маҳсулотлар буюртмачи томонидан қабул қилиб олиниши ҳам коррупция мавжудлигидан далолат беради. Мисол тариқасида 3,2% сут ўрнига 2% сутни етказиб беришни келтириш мумкин.

Мисол учун, Аксилкоррупция агентлиги маълумотларига кўра, Жиззах вилоятида 19 та объектда 6,3 млрд сўмлик қурилиш ишлари тўлов ҳужжатларига асоссиз қўшиб ёзилгани ва 1,4 млрд сўмлик аслида бажарилмаган ишлар ҳисобот ҳужжатларига қўшиб ёзилгани аниқланган. Қарши тумани Ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи ўзининг синглиси таъсисчилигидаги фермер хўжалиги билан 149,1 млн сўмлик гул кўчатларини ўтказиш бўйича шартнома тузиб, 27,1 млн сўм асоссиз харажатлар ҳисоботга киритилиб, ортиқча маблағ олинишига йўл қўйилгани аниқланган. Шаҳрисабз туман «Обод қишлоқ» дастури асосида 2 та маҳаллада пиёдалар йўлаги қуриш ва тунги ёритиш чироқларини ўрнатишда корхона томонидан 67 млн сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишлар қўшиб ёзилгани ва смета ҳужжатларига материаллар нархлари асоссиз ошириб кўрсатилгани аниқланган.

Шунингдек, Китоб туманида жойлашган Қашқадарё вилоят 2-сон асаб-руҳий касалликлар диспансерига янги «олиб келинган» Мobile X-Ray RU-510 русумли рентген аппарати ўрнига қоғоз қути билан ўралган қизил рангдаги эски темир буюм тургани маълум бўлди.

15. Лоббизм. Бу энг агрессив схемалардан бири. Бунда давлат органи томонидан тендер ўтказмасдан керакли хусусий фирма билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш учун махсус ҳукумат қарори чиқартириб олинади. Амалиётда бу 2 та кўринишда учрайди: а) қарорда айрим давлат органларига тендер ўтказмасдан ўзи хоҳлаган хусусий фирмалар билан тўғридан-тўғри шартнома тузиш ҳуқуқи берилади; б) айрим қарорларда тендерсиз давлат буюртмалари бўйича тўғридан-тўғри шартнома тузиш керак бўлган хусусий фирма (МЧЖ) номи аниқ кўрсатилади.

Юқоридаги ҳолатлардан ташқари, давлат харидларида буюртмачи томонидан тендер (аукцион)да ғолиб чиққан фирма билан шартнома имзолашни кечиктириши, ўз вақтида бажарилган иш бўйича топшириш-қабул қилиш далолатномасини имзолашдан асоссиз бўйин товлаши, фирмага тендер шартномаси бўйича тўловни вақтида амалга оширмаслиги каби ҳолатлар ҳам мансабдорларнинг «откат» таъма қилаётганлидан келиб чиқиши мумкин.

Энди эса тендер иштирокчилари (тадбиркорлар) ўртасидаги тил бириктириш ҳолатларини кўриб чиқамиз.

Буюртмачининг алоқаси йўқ ҳолатда тадбиркорлар ўртасида ҳам тендердаги нархни ошириш ёки ғолиблик бўйича келишувлар бўлиши мумкин. Бунда ҳам инсофсиз тадбиркорлар қонун талабларини четлаб ўтиш мақсадида турли хил схемалардан фойдаланишади.

1. «Уч мушкетёр». Бу схема учун учта иштирокчи керак бўлади, улардан иккитаси нарх тушурувчи ролини бажариб, нархни иқтисодий жиҳатдан фойдасиз чегарага (30−70%) туширади. Бунда аффилланган ёки сохта фирмалар мушкетёр ролида иштирок этиши ҳам мумкин. Натижада инсофли тадбиркорларнинг тендер ёки аукционга қизиқиши сўниб, танловни тарк этишга мажбур бўлишади. Танловнинг сўнгги дақиқаларида учинчи «мушкетёр» нархни рақобатчи нархидан бироз пастроқ беради. Аризаларнинг иккинчи қисмларини кўриб чиқиш пайтида нархларни кескин туширган «мушкетёр"лар атайин ариза ҳужжатларида камчиликларга йўл қўйишади ва шу сабабли уларнинг таклифлари буюртмачи томонидан рад этилади. Натижада учинчи «мушкетёр» ғалаба қозонади.

2. Навбатли ғолиблик. Ушбу схемага кўра тендердаги ғолиблик навбатма-навбат бўлади. Тендерда тадбиркорлар келишган бўлса, нархлар арзимаган миқдоргагина (0,5−1%) пасаяди. Фойда эса кўпинча келишув иштирокчилари ўртасида субпудрат шаклида деярли тенг тақсимланади ёки бошқа мукофот вариантлари ҳам қўлланилиши мумкин.

3. Пассив иштирок. Бунда қўғирчоқ фирмалар жалб қилинади ва улар атайин ютиш эҳтимоли паст бўлган таклифларни (юқори нархлар, бажариб бўлмайдиган шартлар) тақдим этадилар ва натижада керакли фирма ғалаба қозонади. Шунингдек, айрим фирмалар томонидан иштирок этиш учун ариза берилади, лекин нарх бўйича таклифлар тақдим этилмаслиги ҳам мумкин. Одатда бундай қўғирчоқ фирмаларнинг аризаларини ҳам битта керакли фирманинг ўзи тайёрлаб топширади. Шунинг учун амалиётда турли фирмаларнинг ҳужжатлари бир хил IP адрес орқали топширилганлиги ёки ҳужжатларда бир хил хатоликлар (орфографик, ҳисоб-китобдаги хатолар) мавжудлиги далил сифатида қўлланилганлигини кузатиш мумкин.

Юқоридаги ҳийлалардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда давлат харидларидаги коррупцияга қарши кураш самарасини ошириш учун қуйидаги таклифларни билдирмоқчиман:

1. Дата-скрининг имконияти эга барча давлат харидлари ўтказиладиган ягона портал яратиш ва дата-скрининг амалиётини йўлга қўйиш. Таклиф этилаётган дата-скрининг давлат дастурида назарда тутилган нафақат давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатларни, балки коррупциянинг бошқа яширин белгилари (нархлар кескин (20−50% гача) тушишиб кетиши, аризаларни рад этиш, нархларни арзимаган 0−1% гача пасайиши каби ҳолатлар) асосида ҳам шубҳали тендерларни тезда аниқлаш имконини беради. Дата-скринингнинг ушбу меъзонларини ўрнатишда Руминия ва Жанубий Корея давлатлари тажрибаси қўл келиши мумкин.

2. Давлат харидларида тенг рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида ҳукумат қарорлари асосида тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкониятларини максимал даражада қисқартириш ва аниқ мезонларини белгилаш керак (масалан, давлат хавфсизлиги, фавқулодда ҳолатлар, мудофа каби ҳолатлар билан чеклаш).

3. Жавобгарликни кучайтириш. Жиноят кодексига «Давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш» номли алоҳида модда киритиш таклиф этилади. Жиноий жавобгарлик учун давлат харидларида коррупцион ҳолат бўлиши шарт эмас, давлат харидларидаги процессуал қоидаларни қўпол ёки такроран бузилишининг ўзи жиноий жавобгарликка тортиш учун етарли асос бўлиши керак. Айрим ҳолатлар учун давлат харидларидаги қонунбузилиш ҳолатлари бўйича бир марта маъмурий жавобгарликка тортилгандан кейин такроран содир этилганлик учун жиноий жавобгарлик белгилаш мумкин. Лекин давлат харидлари тўғрисидаги қонунчилик бузилиши оқибатида давлат бюджетига зарар етказилса, тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни белгилаш масаласини ўйлаб кўриш керак. Бу мансабдорларнинг давлат харидларида масъулиятини оширишга ёрдам беради ва маъмурий ёки интизомий жавобгарлик билан қутилиб кетишларининг олдини олади.

4. Давлат харидларидаги коррупцион схемаларни аниқлаш ва исбот қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тегишли давлат хизматчиларига махсус тренинглар ташкил этиш.

5. Тадбиркорларга давлат харидларидаги коррупцион схема ва келишувлардан воз кечиш ҳақида тушунтириш бериш. Уларга давлат харидларидаги ҳуқуқбузарликлар юзасидан қандай ҳолатларда шикоят қилиш ва судга мурожаат қилиш мумкинлигини бўйича ҳуқуқий билимларни тарғиб қилиш.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Хусаин Раджапов Тошкент давлат юридик университети «Бизнес ҳуқуқи» кафедраси мудири ҳисобланади. Кобе университетида (Япония) ҳуқуқий фанлар соҳасида PhD даражасини олган. Рақобат ҳуқуқи мутахассиси.