Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитасининг (ДСҚ) операцион самарадорлиги ва натижадорлигини ошириш ҳамда мамлакат солиқ тўловчиларига янада сифатли хизмат кўрсатишга қаратилган солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа маъқулланди. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси «Газета.uz»га маълум қилди.

Лойиҳа 60 миллион АҚШ доллари миқдоридаги имтиёзли кредит ҳисобига амалга оширилади. Жаҳон банки гуруҳининг таркибига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси ушбу маблағни Ўзбекистон ҳукуматига жуда паст фоизда ва 30 йилгача бўлган муддатга имтиёзли кредит шаклида тақдим этади.

«Ҳукумат мамлакатдаги бизнес ва инвестиция муҳитини яхшилаш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тизимидаги ислоҳотларга устувор аҳамият бермоқда. Янги лойиҳа Давлат солиқ қўмитасининг фаолиятини солиқ тўловчилар манфаатлари нуқтаи назаридан такомиллаштиришга ёрдам беради», — дейди Марко Мантованелли, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

«Хусусан, лойиҳа солиқ солинадиган базани кенгайтиради, бу эса ҳозирги кунда ЯИМнинг тахминан 50 фоизини ташкил этадиган иқтисодиётнинг норасмий секторини қисқартиришга ёрдам беради, солиқ тушумлари ҳажмини кўпайтиради ҳамда янада самаралироқ солиқ маъмуриятчилиги тизмидан фойдаланиб маҳаллий фирма ва компанияларга янги иш ўринларини яратишга ёрдам беради».

Лойиҳа учта асосий компонентни ўз ичига олади, улар Давлат солиқ қўмитасининг операцион, институционал, технологик ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради, шунингдек, Ўзбекистонда солиқ қонунчилиги талабларига ихтиёрий риоя қилишни рағбатлантиради.

Лойиҳанинг биринчи компоненти Давлат солиқ қўмитасига солиқ маъмуриятчилигининг асосий иш жараёнларини автоматлаштиришга сармоя киритишга имкон беради. Бунга қуйидагилар киради:

  • қоғоз ҳужжатларни қисқартириш ҳамда юридик ва жисмоний шахслар томонидан солиқларни тўлаш жараёнини соддалаштириш мақсадида ДСҚ солиқ бошқарувининг янги ахборот тизимини ишлаб чиқиш;
  • ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) инфратузилмасини модернизация қилиш;
  • ДСҚнинг янги маълумотларни қайта ишлаш ва сақлаш марказини яратиш;
  • АКТ учун масъул бўлган ДСҚ бўлинмаларининг ўз фаолиятини бошқариш ва режалаштиришдаги имкониятларини такомиллаштириш.

Лойиҳанинг иккинчи компоненти иқтисодиётнинг норасмий секторини қисқартириш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда ёрдам беради. Бунга қуйидаги чоралар киради:

  • солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича ДСҚнинг ижро этувчи салоҳиятини яхшилаш;
  • бизнесни солиқ қонунчилигига риоя қилишга ундаш, шу жумладан солиққа оид бўлмаган имтиёзлардан фойдаланиш орқали рағбатлантириш;
  • шунингдек хусусий сектор билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шу жумладан солиқ тўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгартириш ва солиқ қонунчилигига риоя қилинишини таъминлашга қаратилган янги ёки соддалаштирилган солиқ сиёсати ва протседураларини ишлаб чиқиш орқали.

Лойиҳанинг учинчи компоненти малакали ва компетенцияга эга ходимларни ишга жалб қилиш мақсадида ДСҚнинг инсон ва институционал салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган. Бунга доимий равишда малака ошириш ва касбий тайёргарликни такомиллаштириш орқали ДСҚ ходимларни бошқариш сиёсатини такомиллаштириш ва уларнинг салоҳиятини ривожлантириш бўйича бир қатор тадбирлар киради.