1 февраль ҳолатида Ўзбекистон банкларининг кредит портфелидаги муаммоли кредитлар (NPL) улуши 5,4 фоизга ошган. Бу ҳақда Марказий банк маълумотларида қайд этилди.

Қайд этилишича, банкларнинг умумий NPL миқдори 17,47 трлн сўмни ташкил қилмоқда. Бу 1 январь ҳолатидаги кўрсаткичга нисбатан 503 млрд сўмга кўп демакдир. Банкларнинг кредит портфели эса 2,2 трлн сўмга қисқарган.

Февраль ойида NPL энг кўп «Ипотекабанк» кредит портфелида ошган. Ой давомида банкнинг NPL миқдори 193 млрд сўмга ортиб, умумий 1,17 трлн сўмга етди. Шунингдек, «Ўзмиллийбанк»да NPL миқдори 109 млрд сўмга ошди ва 3,41 трлн сўмни ташкил қилди. «Қишлоққурилишбанк» портфелида ҳам 149 млрд сўмлик ўсиш кузатилди.

NPL ўсишининг асосий қисми давлат улуши мавжуд банклар ҳисобига тўғри келади. Ушбу банкларда NPL 453 млрд сўмга (ой давомида умумий NPL ўсишининг 90 фоизи) ортган. Давлат улуши мавжуд банклардан фақат учтаси — «Халқ банки» (67 млрд сўм), «Асакабанк» (87 млрд сўм) ва «Агробанк» (3 млрд сўм) муаммоли кредитлардан халос бўлди. Шунга қарамасдан, «Халқ банки» (3,79 трлн сўм, жами кредитлардаги улуши — 19,6%) муаммоли кредитлар қолдиғи бўйича биринчи ўринда турибди.

Хусусий банкларда NPL қарийб 50 млрд сўмга ортди. Ушбу банклар орасида NPL энг кўп Asia Alliance Bank кредит портфелида (+60 млрд сўм) ортди. Шунингдек, «Трастбанк» портфелида ҳам 43 млрд сўмлик ўсиш қайд этилди. «Капиталбанк» 37 млрд сўмлик, «Равнақбанк» ва «Ипак йўли» банклари 53 млрд сўмлик, TBC эса 9 млрд сўмлик NPL’дан қутулди.

NPL’нинг жами кредитлардаги улуши энг юқори бўлган банк Hi-Tech (93,1%) ҳисобланади. Ундан кейинги ўринларни «Туркистон банк» (69,1%) ва «Ўзагроэкспортбанк» (56,3%) эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов имтиёзли кредитлар таркибида муаммоли кредитлар улуши 18 фоизни ташкил этишини таъкидлаган эди. Таққослаш учун, 1 декабрь ҳолатига кўра, банк секторининг умумий кредит портфелидаги NPL улуши 5 фоизни (хусусий банклар) ва 5,7 фоизни (давлат улуши бўлган банклар) ташкил этганди.