Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Савдони молиялаштиришга кўмаклашиш дастури доирасида Ўзбекистондаги тўртта тижорат банкига жами 210 млн доллар кредит ажратади. Бу ҳақда банк сайтида маълум қилинди.

Савдони молиялаштиришнинг янги доимий лимитлари Ўзбекистоннинг тўрт йирик банки — «Асакабанк» (60 млн доллар), «Ипотекабанк» (30 млн доллар), «Ўзмиллийбанк» (40 млн доллар) ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк»га (80 млн доллар) маҳаллий корхоналарга товар захираларини яхшироқ бошқариш ва узоқроқ муддатларда савдони режалаштириш мақсадида ажратилиши маълум қилинди.

24 март куни биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ЕТТБ ҳамда «Ўзсаноатқурилишбанк» ўртасида ЕТТБнинг 80 млн доллар миқдоридаги револьвер кредит линияларини жалб этиш тўғрисида келишув имзоланди.

Келишув доирасида ЕТТБ томонидан банк мижозларининг экспорт-импорт операцияларини молиялаштириш учун қисқа муддатли кредитлар ажратилади.

«Ҳозирги нотинч даврда савдонинг аҳамияти ниҳоятда ошди. Биз ҳамкор банкларимиз учун янги доимий лимитлар очиш орқали ўзбекистонлик импортчи ва экспортчиларни қўллаб-қувватлаяпмиз, бу эса бутун мамлакат бўйлаб бизнесни қамраб олади», — дейди ЕТТБ президенти Одиль Рено-Бассо.

ЕТТБнинг Савдони молиялаштиришга кўмаклашиш дастури ҳозирда Ўзбекистоннинг еттита маҳаллий банки билан ҳамкорлик қилиб, уларнинг хусусий корпоратив мижозларига, жумладан кичик ва ўрта бизнес вакилларига халқаро савдо қилиш учун ёрдам бериб келаётгани айтилди. 2017 йилда банк Ўзбекистонда ўз фаолиятини қайта йўлга қўйганидан бери Савдони молиялаштиришга кўмаклашиш дастури 700 млн евродан ортиқ бўлган 1000 га яқин савдо операцияларини амалга оширишга ёрдам берган.

Ҳозирга қадар ЕТТБ Ўзбекистон бўйлаб 108 та лойиҳага жами 2,92 млрд евродан ортиқ сармоя киритган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ЕТТБ 2021 йилда Ўзбекистонга 22 та лойиҳа орқали 690 млн долларга яқин инвестиция маблағларини йўналтиргани ҳақида хабар берилганди.