Ўзбекистоннинг энг машҳур ва севимли хонандаларидан бири Севара Назархон 25−28 март кунлари Халқаро форумлар саройида концерт беради. «Газета.uz» мухбири Виктория Абдураҳимова хонанда билан бўлажак концертлар, телевизион мусиқий танловлар, ота-онаси ва ўзига бўлган мустаҳкам ишончнинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашиб, Севара Назархон ва эртак эльфларини нима боғлаб туришини билиб олди.

— Охирги марта қачон концертда бўлгансиз? У кимнинг дастури эди?

— Концерти қолдирилган Бастага (россиялик рэп-қўшиқчи ва продюсер) боришни режалаштиргандим. Менга болаларга, муҳим, глобал мавзуларга бағишланган ["Сансара"] қўшиғи ёқади. Унчалик ҳам концертбоп эмасман. Бу, эҳтимол, касб тақозоси бўлса керак. Ҳа, вақтга ҳам қаранг. Концертларга вақт йўқ. Қандайдир фикрлар туғилиб қолса, телефонни олиб, у ерда ҳамма нарсани кўришингиз мумкин.

Шунда ҳам аксарият ҳолларда ўз концертларим. Вирусли даврларда ҳам, барибир, тадбирлар ўтказилди. Одатий кунлар қайтишини ва концертлар худди аввалгидек етарлича табиий бўлишини истардим.


— Концертларингиз яқин кунларда бўлиб ўтади. Ўзингизни қандай ҳис қиляпсиз? Нималарни ҳис қиляпсиз?

— Ўзимни яхши хис қиляпман. Атрофимда содир бўлаётган ҳамма нарсани ҳис қиляпман. Асаб тизимимнинг ҳамдардликка жавоб берадиган қисми 100 фоиз ишлайди, шунинг учун ич-ичимдан ташвишланаман ва бу табиий ҳолат.

Мусиқаларимда, хусусан матнларида қандайдир илоҳий мазмун мужассам, деган ички туйғу бор. Шунинг учун, назаримда, айнан ҳозир концерт, мусиқанинг айни вақти. Ахир қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеаларни ҳеч ким кутмаганди.

Уларни эътиборсиз қолдириш имконсиз, чунки ҳар жойда дўсту қадрдонларимиз бор. Мусиқа эса ҳаммани жипслаштиради, яқинлаштиради, нима учун бу ерда эканимизни тушунимизга ёрдамлашади. Балки айнан шу лаҳзалар учун.

— Humo Arena`даги концертларга тайёргарлик жараёнида чипта сотишдан тортиб, тингловчилар учун иссиқ поллар ташкил қилишгача бўлган барча жараённи тўлиқ ўз зиммангизга олдингиз. Бу сафар ҳам шундайми?

— Вазият шуни тақозо қилди, жараёнда тўлиқ иштирок этдим: бошидан охиригача, саҳнага чиқишгача, овозни монтаж қилиш, созлашгача. Барчаси назоратим остида бўлгани ҳамма жойда [қатнашдим] ва ақлдан озиб юрдим дегани эмас. Албатта, йўқ. Йиллар синовидан ўтган ишончли одамлар бор. Улар ўз ишларини яхши билишади, лекин чиқишда мени аниқ текшираман, чунки бу концертда нималар бўлиши кераклигини мен биламан.

Ўзимизни тез-тез саккизоёқлар деб атайман. Биз кўп нарсани қамраб олишга ҳаракат қиламиз, лекин ваколатларни бошқаларга топшириш тўғрироқдек туюлади. Бу бор эътиборингизни керакли нарсага қаратиш учун керак.

Ҳаммасини одатимга кўра назорат қиламан, чунки «Шарқ — нозик масала». Ҳамма нарса ўз-ўзидан жойига тушавермайди.

Концерт уюштириш жуда қизиқарли жараён ҳамда номувофиқликларни бартараф этиш, вазиятларни ва ўзимни тўғрилаб олиш менга завқ бағишлайди. Одамлар билан мулоқот қилганда, қанчалик стрессли бўлмасин, ҳамма нарсани эҳтиёткорлик ва «табассум билан» қилиш керак, деб ўйлайман. Ҳар бир масалага диққат билан ёндашамиз, сабр билан таҳлил қиламиз. Якунда ҳаммаси яхши чиқади.


Humo Arena`даги концертдан. Тошкент. 2021. Фото: Sevara.ru

— Москванинг Vegas City Hall`идаги концертингиздан сўнг овоз режиссёри Александр Астахов ўзининг инстаграмида: «Бундай концертлардан сўнг бир ой шунчаки жим бўлишни хоҳлайсиз», — деб ёзди. Нима учун бундай ёзган, деб ўйлайсиз?

— Менимча, ҳар бир айтган сўзимизни 100% фақат ўзимиз ҳис қиламиз. Концертга тайёргарлик пайтида биз бир-биримизни танимасдик. Бизнинг биринчи учрашувимиз, биринчи ҳиссиётларимиз Vegas City Hall`да бўлиб ўтди.

Саша — улкан мутахассис, ўз ишининг устаси. Ҳиссиётли, мураккаб инсон. У ўзи шундай яралганки, мусиқа билан боғлиқликни мукаммал ҳис қилади. Менимча, Саша буни ўзида ҳис қилишни чин дилдан хоҳлаган.

— Концертдан кейин энг кўп нимани хоҳлайсиз?

— Йўқ бўлиб қолишни. Қаергалиги муҳим эмас. Бу каби «мен йўқман» ҳолатлари бўлиб турадику. Бунинг сабаби, саҳнада ўзингиздаги борини берасиз ва натижада кучингиз қолмайди.

Бу ҳолат қайтишни эмас, балки хотиржамлик, тўлдиришни талаб қилади. Мен тез қувватланувчи генераторман. Менга кўп нарса керак эмас. Бўш хона, мазали бирор нарса. Концертдан кейин баъзан фойда беради (кулади).


Vegas City Hall`даги концертдан. Москва. 2019. Фото: Sevara.ru

— Халқаро форумлар саройида иккинчи марта чиқиш қиласиз. Бу худди биринчисидек ҳаяжонлими ёки бошқача туйғулар борми?

— Ҳаяжон бор, чунки ҳаммамиз ҳам инсонмиз, энергиямиз, барчамиз қайсидир маънода бир-биримизга таъсир қиламиз.

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда ўз вазифаси бор. Менинг вазифам, масалан, барчамизни бойитишдир. Мен шунчаки қўшиқ айтадиган санъаткор эмасман. Асарлар яратаман, уларни оркестр, кейин хор билан таҳлил қиламан. Шунинг ўзи қанчалик масъулият. Кейин саҳнада нима содир бўлаётганига, залда жойлаштириш қандай кечишига, ёруғлик қандай ишлашига, овознинг қандай кетишига қарайман. Бу мени унчалик ташвишга солмайдиганга ўхшайди, лекин буларнинг барчасини ўйлайман. Йиллар ўтгани сайин зиммамга олаётган юкламалар ҳажми ҳам ортиб бормоқда.

Бошқа томондан, томошабиннинг ҳолати ўзгаришсиз қолади ва сиз қаерда ижро этишингиз муҳим эмас. Томошабин ҳамма жойда сиз хоҳлаганингиздагина органик бўлади.

Кўпинча [артистлар] «Умид қиламанки, сизга ёқади» деган иборани ишлатишади. Аслини олганда, мен мусиқам кимгадир ёқади деб умид қилмаганман, лекин тақдир тақозоси шундай бўлди. Содир бўлаётганларнинг барчаси — марҳаматдир. Иш фаолиятининг одамларда акс-садо бериши ҳаммага ҳам насиб этавермайди. Мен фақат касбимни эмас, ҳаммани назарда тутяпман. Томошабинлар олдида ҳаяжонланиш ҳам бахт.

— Интервьюларингиздан бирида одамларни лол қолдириш жуда қийинлигини айтгандингиз. Артист ва томошабин ўртасидаги муносабатлардаги ҳайрат, бу — мажбурий компонентми ёки иккинчи даражалими?

— Ҳайратлантириш муҳим, чунки ҳар биримиз ажойиб мўъжизалармиз. Бошқа масала шундаки, ҳамма ҳам ўзини тўлдиришни, ноёблигини тушунишни, ўзини ифода этишни билавермайди. Ҳар биримизнинг бетакрорлигимиз таассурот уйғотади, томошабинни ва ўзини ҳайратлантиришга имкон беради. Инсон бунга қодир бўлиши мумкин, бироқ ўзига нисбатан мустаҳкам ишонч бўлмаса, буни англаб етмайди.

Ўз-ўзидан ҳузурланиш ҳам катта иш, бу бир йилда бўладиган нарса эмас, унга ўрганишга кўп йиллар кетади. Одам ўз-ўзидан ҳузурланишни бошлаганда эса ҳайрат, мулойимлик, завқ ҳам туғилади. Томошабин асир қилиб қўядиган ҳолатлар бўлади! Юзларни, кўзларни кўрасиз ва шунчаки учиб кетасиз. Бу мен билан тез-тез содир бўлади.


— Айтингчи, томошабинлар учун қандай дастур тайёрлаяпсиз?

— Сизни чиндан ҳам ўйлантирадиган, ўзига ғарқ қилиб юборадиган лаззатли нарсани.

Бу сафар иштирок этаётгандарнинг ҳаммаси маҳаллий дўстларимиз эканидан жуда хурсандман. Оркестр, хор бўлади. Мўжизакор мақомчилар жамоаси қўшилади. Улар отамнинг ва менинг яқин дўстларим. Ёшига қарамай (60−70 ёш), жуда навқирон кўринишади, мусиқанинг табиатини ичдан ҳассослик билан ҳис қиладилар. Ўчиб қолмайдиган моторлар. Уларнинг мусиқани етказиб беришларидан илҳомланаман.

Мақом аслини олганда чуқур ва мураккаб мусиқадир. Лондондаги муносиб продюсерлар билан танишувим «Йўл бўлсин» (2003 йил), «Сен» (2007 йил) номли ажойиб альбомларнинг яратилишига сабаб бўлди. «Тортадур» (2011) альбомида эса мақомчиларимиз билан ишлаш мен учун тенгсиз тажриба бўлди.

Бу мусиқанинг яшашини жуда хоҳлардим. Бунинг учун нима қилиш керак, деб ўйлайман баъзан, чунки мақомлар тузилиши жиҳатидан ҳазм қилиниши қийин, ичида фалсафа кўп.

Эсимда, ўзим ҳам баъзи қисмларини асл ижрога бироз яқинроқ қилиб куйлашга ҳаракат қилганман ва одамлар нима учун бунга ўз ҳаётларини бағишлашларини англаб етганман.

Мақом қоидаларга риоя қилган ҳолда жуда эҳтиёткорлик билан ўзгартирилиши мумкин. Ҳеч нарса ҳақида ўйлаш шарт эмас. Шунчаки мос келиши керак, шунинг учун халқ мусиқаси контекстида ҳис-туйғулар билан яшайман.

Дастурнинг ушбу элементи шахсан мен учун аҳамиятли, гарчи концертда ижролар сони кўп бўлмаса ҳам. Улар заминимизнинг гўзаллиги, ички табиати ҳақида ҳикоя қилишади. Биз кўп миллатли, илиқ, меҳмондўст давлатмиз ва нима бўлишидан қатъи назар, шундай бўлиб қоламиз. Маданий база мавжуд. Агар таълим яхшироқ бўлиши кераклигини айтмаса.

— Келинг, репертуарингиз ҳақида суҳбатлашайлик. Севара Назархонни танимайдиган одамга унинг ижоди билан яқиндан танишиш учун қайси қўшиқни тавсия қилган бўлардингиз?

— Ҳеч қайсисини. Эшитиш ёки эшитмасликларига қандайдир хотиржам муносабатда бўламан. Ер шари менинг атрофимда айланади деб ҳеч қачон ўйламаганман ва шундай бўлиб қоламан. Шунинг учун мен ҳеч нарсани тавсия қилмайман. Қайси бири маъқул келса, шуни тингланг.

Биламан, менинг қўшиғим бўлмаса-да, кўпчилик «Там нет меня»ни («У ерда йўқман») яхши кўради. Шундай бўлдики, тингловчилар учун у мен билан жуда мустаҳкам боғланган ва мен ҳам уни қисман ўзимникидек қабул қиламан.

«У ерда йўқман» қўшиғининг муаллифи ва илк ижрочиси Игор Николаев эканлигини камчилик билади. Кўпинча концертларда унинг қандай пайдо бўлганини айтиб бераман. На одамларни, на ўзимни зўриқтириб қўймаслик учун тушунтириш қисмини қисқача айтиб ўтаман. Ҳар ким ҳодисалардан ортиқча изоҳларсиз ўзига керагини олишини хоҳлайман.


«У ерда йўқман» қўшиғига ишланган клипдан лавҳа.

— Ҳаётингизни бирор қўшиғингизнинг номи ва сатри билан ифодалаб беринг, илтимос.

— Менга «Мени сев, жонгинам, бўлгин вафодор» («Мени сев» қўшиғидан — таҳр.) ибораси ёқади. Гўёки ўзимга мурожаат қилаётгандекман: ўзингни ўзгартирма, батартиб бўл.

Йиллар ўтиб, умуман олганда, ўзгараётганимизни тушунамиз. Бутунлай эмас, чунки феъл-атвор шаклланади, маълум одатлар вужудга келади, лекин биз ўзимизни тузатишимиз мумкин. Бор гўзаллиги ҳам шунда. Мен кўрсатмалар билан яшамайман.

— «Если бы любовь была такой» («Севги шундай бўлганида эди») қўшиғига ишланган клипда онангиз билан бирга тасвирга тушгансиз. Эшитиб қарасам, бу қўшиқ дадангиз Анвар Назархонов ҳақида экандек туюлди. Менга шундай кўриндими?

— Менимча, бу онам борлиги учун шундай бўлди. У бу қўшиқни яхши кўради. Унинг фикрича, бу отам учун.

Менга барчамиз охирги пайтларда кучли муҳаббат етишмовчилигини бошдан кечираётгандек туюлади. Ўзимга нисбатан соф муносабатларни хоҳлайман. Шу қўшиқни куйлаганимда, мен эришни бошлайман.


Севара Назархон онаси Муҳтарам Бекназарова билан. «Севги шундай бўлганида эди» қўшиғи клипидан кадр.

— Отангиз ҳақида ўйлаганингизда нималарни эслайсиз?

— Кўз қарашларимиз. Доим қўлларимизни солиштиришни яхши кўрардим — улар жуда ўхшаш. Унинг ширин табассуми, болаларча соддалиги. Бизнинг алоқамиз, эҳтимол, жимжитроқ эди. У ақл бовар қилмайдиган ижобий энергия таратарди. Бу менга ҳам ўтган деб ўйлайман.

Унинг бенуқсон ҳалоллиги мени қойил қолдирарди, шу билан бирга, баъзан унинг учун хафа бўлиб кетардим, уни хафа қилишлари, чув туширишларини ўйласам қўрқиб кетардим. Дадамнинг ҳалол, камтарин инсон бўлганидан хурсандман. У бу борада бемисл эди.

Унинг йўқлигини доим унутиб қўяман, кетганида ҳам кўз ёш тўкмаганман. Шунчаки қўлларини ўпиб, оқ йўл тилагандим. Ҳеч қандай қайғу, ҳасрат йўқ эди. Отам вафот этган куннинг эртасига мен суратга олишда қатнашганимни эслайман. Яшнадим, жилмайдим. Яқин инсонимнинг йўқлигини англаб етиш имконсиз эди. Фақат ёлғиз қолганимдагина қайғуришга вақт ажратардим.

Ҳаммамиз бу дунёда меҳмон эканимизга ишонаман. Киану Ривз айтганидек, бу ердан ҳеч ким тирик чиқмайди.

— Онангиз Муҳтарам Бекназарова мусиқа мактабида ишлаган, бир муддат унга раҳбарлик ҳам қилган. Илтимос, айтинг-чи, у мусиқий дидингиз ва услубингиз шаклланишида қандайдир рол ўйнаганми, унинг устига онангиз кучли характерга эга аёл эканлиги ҳақида гапиргандингиз?

— Жудаям! Ҳалигача у билан вақт қувноқ ўтади (кулади). Ўтган йили 76 ёшида онамнинг Чорвоқдаги беш метрлик кўприкдан шўнғишга қарор қилганини айтиб беришни яхши кўраман. Мен сакраш хавфлими ёки йўқми деб чуқурликни ўлчар эканман, у аллақачон сувда эди. «Онам, — дейман, — ақлли иш. Баракалла». У ўзига сакрасам, демак, узоқ умр кўраман, деб айтган экан. Бу характер.

Ота-оналар, албатта, ўзларининг намуналари, кайфиятлари, дахдорликлари билан бизга таъсир қилади. Балки ҳаммамиз ҳам буни кўра олмаслигимиз мумкин. Онамнинг таъсири катта, чунки у мусиқачи ва мотиватор бўлган — мен учун. Гарчи у билан кўп баҳслашган бўлсам ҳам.

Унинг мусиқачи сифатидаги йўли узоқ, яхши ва машаққатли йўлдир. Менимча, у саҳнани орзу қилган. Бу орзуларни кўпроқ мен амалга оширдим, чунки давр бошқача эди. Ота-онамиз замин ҳозирлашди, икки-учта ишда ишлаган вақтлари бўлган. Шу туфайли биз болалар кўпроқ ёлғиз қолардик. Кечқурунлари эса пианино чалардик, онам рубоб чалар, меҳмон аримасди.

Буларнинг барчаси ўз изини қолдирди. Гарчи ўшанда мен учун мусиқа энг охирги вариантдек туюларди. Мен тилшунос, стоматолог бўлишни хоҳлардим — мусиқачи бўлмасам бас эди. Бироқ охир-оқибат барибир буларнинг барчаси мени ўзига тортди. Қисматда бори албатта содир бўлади. Шунчаки биз шундай бўлишини ҳар доим ҳам тушунавермаймиз ва ишонавермаймиз.


— Бир марта сиз ҳар қандай овозни, у хоҳ шитирлаш бўлсин, хоҳ ҳуштак, эшитиб, мусиқа ёза олишингизни айтгандингиз. Қайси қўшиғингизнинг ноодатий туғилиш тарихига эга?

— Менинг Максим Пенсон деган дўстим бор. Биз миллион йилдан бери дўстмиз, бир-биримизни ҳурмат қиламиз. Максимнинг Ҳамид Олимжон майдонида овоз ёзиш студияси бор. Ва Нержи деган ити. У «Не учун осмон» қўшиғини ёзишда беихтиёр қатнашган: қўшиқ айтаётганимда югуриб ўтган. Биз ушбу «элемент»ни олиб ташлашимиз мумкин эди, лекин мен усиз қўшиқ тўлиқ бўлмаслигини англадим ва уни қолдиришга қарор қилдим.

Кўп қўшиқларимда «шизоид лаҳзалар» бор. Уларни сақлаб қоламан. Бунда, эҳтимол, ҳозир, шу дамда муҳим бўлган ўзлигим мужассамдир. Шундай экан, дўстлар, ижод қилинглар ва қўрқманглар.

— Биографиянгизда эслашни истамайдиган нарса борми?

— Йўқ, ҳаммаси шу қадар зўрки, миннатдорчилик билан эслайсан. Бир куни акам: «Худо ҳаммамизни бирдек севади», деди. Ва: «У мени шундай яхши кўради», — дея қўшиб қўйди. Унинг тақдири бироз мураккаброқ. Бу сўзларда жуда кўп ҳикмат бор.

Ўйлайманки, Яратган зот бизга муайян механизмни жо этган. 30 ёшларгача биз хотиржаммиз, хоҳлаганимизни қиламиз. 30 дан кейин — ишонч, амбициялар даври. 40 га яқинлашганда баъзилар учун ҳаёт динамикаси кўтарилади, бошқалар учун эса пасаяди. Баъзи одамлар ўлим ҳақида ўйлашади. Ҳар бир босқичда ўзгариш муқаррар. Ўз ичингизда эса соатингизни хоҳлаганча дастурлашингиз мумкин. Ҳозир менинг принципим — «Мен яхшиман».

— Менимча, сизни жуда яхши кўрадиган одамлар бу саволга жавоб бериб, «Голос» шоусини айтган бўлишарди. Нега шундан кейин сиз вокал лойиҳаларида қатнашмадингиз?

— Гастроллар жуда кўп бўлди. Мен уч давлатда: Россия, Буюк Британия ва Ўзбекистонда яшаганим учун чарчардим. Гастроллар орасидаги интервалларда «Танцы со звёздами» («Юлдузлар билан рақс»), «Точь-в-точь» («Қуйиб қўйгандек» — эркин тарж.) лойиҳаларида иштирок этдим. Ҳақиқатан ҳам, вокали йўқ эди.

Ростини айтсам, «Голос»да иштирок этишимни тасодиф, хато деб ўйлайман. Питер Гэбриел (инглиз қўшиқчиси, қўшиқлар муаллифи ва мусиқий продюсер — таҳр.) билан узоқ гастролларга чиқардим. Жиддий мукофотлар бор эди (улардан бири 2004 йилдаги нуфузли BBC World Music Award мукофоти доирасида «Best Asian Artist» («Энг яхши Осиё артисти») номинациясидаги ғалаба эди — таҳр.). Лойиҳада мени ўзаро «Тайсон» деб аташарди. Эҳтимол, менинг мусиқий тарихим кўпчиликнинг ғашига теккан бўлса керак, зеро бундай шоуларда бу янги номлардан муҳимроқ.

Мен учун «Голос»да иштирок этиш альбомларимни эълон қилиш учун имконият бўлди. Айтганча, улар ўшанда жуда яхши кетди.


Севара «Голос» шоусидаги эшитувларда, 2012 йил.

— Нега Америка ёки Британиянинг «Голос"ига (The Voice) бормадингиз?

— Альбомларим рус тилида бўлгани учун бу лойиҳалар қизиқишмади. Инглиз тилидаги нарсаларни қилиш вазифаси ҳеч қачон бўлмаган.

Мен, албатта, ёшлигимда «жазз» билан шуғулланганман, Фицджеральд, Армстронг қўшиқларини ижро этганман. Сўнгра ўз фикрларим борлигини, ёзишим кераклигини англаб етдим. Асосийси, ўзингизни жуда жиддий қабул қилманг. Содир бўлдими — яхши, тегиб кетдими — ажойиб.

— Янги бошлаётган мусиқачиларга бундай танловлар керакми ёки бугунги кунда порлаб чиқиш учун Ютубнинг ўзи етарлими?

— Албатта, керак. Шунчаки ҳозир ҳаммаси осонлашиб кетди. Блогерлик пайдо бўлиши билан ҳамма нарса жуда соддалашди.

Болаларга танловлар керак. Бу ривожланиш, коммуникация. Иккинчидан, улар орасида соғлом рақобат туғилади. Танловларнинг мақсади шунда.

Улар телевизион танловларга айланганида эса ҳар қандай қўполлик, режиссура мавжуд бизнесга айланади. Баъзан барчаси қандай содир бўлаётганини тушунолмай қоласиз, ҳалолми ёки йўқ. Кўплаб саволлар саволлигича қолади.

— Шахсан мени танловлар тарихида ғолибларнинг, ҳатто ўта шов-шувлилар ҳам, одатда лойиҳалар якунлангач, катта саҳнага қадар етиб бора олмасликлари ҳайратга солади. Нега шундай?

— Бу жуда оддий. Киши машҳур бўлмаганида, у чироқлар манзараси, олқишлардан сеҳрланади. Бу тугамайдиганга ўхшайди, лекин ҳамма нарса бир лаҳзада тугайди. Бу вақт ичида артист дастурини кенгайтиришга улгурмайди. Унда саҳна билан боғлиқлик ҳисси йўқ, чунки танловларда улар ўзларининг қўшиқларини эмас, балки каверларни куйлашади.

Мен ўзимни анча қулайроқ ҳис қилдим. Мен дарҳол ўзимнинг катта дастурим, қўшиқларим билан сафарларга чиқдим. Одамлар нафақат менинг каверларимни, балки ўзимни ҳам эшитишни хоҳлашди.

Шунинг учун артист ўз репертуарини кенгайтириб бориши керак. Ўз маданиятига ва ўз шахсий ижодига эга бўлмаган одам, овози ажойиб ёхуд одатдагидек бўлсин, аслида ўзига ҳам керакмас.

Шу маънода менга Эдит Пиаф (француз хонандаси ва актрисаси — таҳр.) ёқади. Бу жозибасизгина аёлнинг овози жуда ғалати эди, лекин у саҳнада нақадар гўзал эди! Пиаф — бу камтарона қобилиятларга эга бўлган одам қандай бўлиши мумкинлигига мисол.

Ҳозир ҳамма нарса анча соддароқ, кўп нарса қадрсизланган. «Қадриятлар» сўзи йўқолди, «профессионаллик» сўзи ҳеч кимга унчалик керак эмас. Ва бу ҳамма жойда содир бўлмоқда.

Мен ўз концертларимни уюштираман, улардан завқланаман. Содир бўлаётган ҳодисаларга ижобий, кенг объектив орқали қарайман. Ўзимга эслатиб қўяманки, сиз олдинга қадам босишингиз, олға интилишингиз, ўзингиз учун ҳаракат қилишингиз керак, чунки ҳаёт сиз ўзингиздан завқланишингиз ва қўлингиздан келганини қилишингиз учун бир марта берилади. Агар қила олмасангиз — қидиринг, тополмасангиз — давом этинг.


— Кўпинча ижодий касб эгалари бўлган қизлар қийин танловга дуч келишади: карьерами ёки оила. Қачондир шу танлов олдида қолганмисиз?

— Бундай танловни қилиш керак бўлган вазият бўлганди. Ўзим бўлиш истагим устун келганди.

Ҳаммамиз маълум бир нуқтага қадар итоаткор болалармиз. Ота-оналаримизни ҳурмат қиламиз. Бизнингча, улар ҳақ ва бу танлов ҳам, балки тасодифий эмас. Лекин бир неча марта мен «мебель кўришга келган» деб айтадиган одамлар олдига чойнакни дўқиллатиб қўйишимга тўғри келган. Шундан кейин улар одатда қайтиб келишмайди.

Улар уйимизга келишни тўхтатганда, мен бу мавзу ҳақида қайғурмаслигим ва давом этишим мумкинлигини англадим.

— Сизнингча, бу танлов адолатлими?

— Қанчалик адолатли бўлмасин, дунё остин-устун бўлди, аёллар кучайиб кетди. Биз ҳозир баҳслаша оладиган, ўзимизни ҳимоя қила оладиган ҳолатдамиз. Бу аёл учун катта ўзгариш.

Осиё ва Ғарбда вазият қандай ривожланаётганини солиштириш жуда қийин. Ҳамма жойнинг ўзига хос анъаналари, ўзига хос хусусиятлари бор. Негадир юртимизда эркак ўзини аёлдан устун деб билади. Қисман шундайдир. Эркакнинг калласи ва билими бўлса, аёлини бошига кўтаради.

Бу мавзу биз учун ҳалокатли, чунки кўпчиликда ақл ва билим етишмайди. Аёл азоб чекади, чунки эркак унга нисбатан ноҳақлик қилади. У шикоят қилмайди. У ўтиради, ибодат қилади, ҳамма нарса ўзгаришини кутади. Лекин ҳеч нарса ўзгармайди, чунки у ҳаракат қилмайди — уни бунга ўргатишмаган. У эса ўрганиши керак. Ва эркак ҳам.

— Ҳаётингизда ким биландир ўзингизни таққослаганмисиз?

— Албатта! Сиз доимо ўзингизни бошқалар билан солиштирасиз.

— Кўпинча ким билан?

— Уитни Хьюстон (америкалик актриса ва хонанда, жаҳон мусиқаси тарихида тижорий жиҳатдан энг муваффақиятлилардан бири — таҳр.) билан. Аммо охирги пайтлари қўрқинчли. Ахир қандай қилиб, шундай гўзал, бемисл аёл қандай қилиб дунёни ташлаб кетди, деб ўйлайман. Дароз, озғин.

Одатда одамлар ўзига паст баҳо бергани учун ўзларини бошқалар билан солиштиришади. Шунинг учун мен ҳаммага маслаҳат бераман: терапияга боринг, ўз устингизда ишланг, қўрқманг. Асосийси, муносиб мутахассис бўлсин.

Инсоннинг ички ғурури яхши даражада бўлса, у ўзини фақат кечаги кундаги ўзлиги билан солиштиради. Унинг битта вазифаси бўлади: яхшироқ бўлиш.

— Турли йилларда бир нечта интервьюларингизда жуда қизиқарли бир иқрорга боргансиз, лекин негадир бу эътибордан четда қолди. Мен сиздан сўрайман: нега ўзингизни эльф деб ўйлайсиз?

— (кулади) Мен ҳали ҳам ўзимни шундай дейман.

— Сиз қандай эльфсиз? Ўрмон, баланд, зулмат?

— Мен ҳеч қачон эльфлар тарихини бунчалик чуқур ўрганмаганман. Бу менга ёқади, чунки бу эртак. Ва маълум даражада у бизнинг ҳаётимизда мавжуд. Бўлиши ҳам керак.

Мендаги эльф, бу — ички образдир. Мен у билан яшамайман, «қулоқларим қани?» — деган савол билан уйғонмайман. Лекин улар қанчалик енгил ва қизиқарли экани менга жуда ёқади. Исландияда эльфларнинг ҳуқуқлари ҳимояланган. Бунга ишониш учун қанчалик ақлдан озишингиз кераклигини тасаввур қила оласизми? Бу жуда ажойиб!

Ўйлайманки, бизни мўъжизалар ҳаракатга келтиради. Агар биз уларга ишонмасак, биз бўшмиз. Бундай танишларим кўп, улар ҳеч нарсани ўйлашмайди. Ҳамма нарсани биладиганга ўхшашади, лекин гаплашадиган ҳеч нарса йўқ. Қанақасига?


— Ўзингизни ғалати деб ҳисоблайсизми?

— Йўқ, мен ғалати эмасман. Айтганча, атрофдаги ҳамма нарса ғалати. Мен эса ўзимни ажойиб деб ҳисоблайман. Ва барчамиз ўзимизнинг шундай ажойиблигимизни тан олишимизни хоҳлардим.

Ўзимдаги инсонийликни жуда яхши кўраман. Одамларни яхши кўраман. Шу туйғуга келиш жуда муҳим деб ҳисоблайман, чунки бир кун келиб биз бўлмаймиз.

Ҳар бир инсон эсдалик сифатида нимани қолдиради? Одамларга эмас, ўзига. Бу саволни ёдда тутсак, бир соат ҳам беҳуда кетмайди.

— «Письма» (Вячеслав Бутусов билан дуэт — таҳр.) деган қўшиғингиз бор. Тасаввур қилайлик, бирданига зерикиб қолгани учун консерваторияни ташлаб, Лондонга учиб кетган қизга бугун қандай мактуб ёзардингиз?

— Катталар сифатида биз ёшларга кўп нарсаларни айтишимиз мумкин.

Мен катта ёшдаги бўлган ўзимга ёзмоқчиман. Ундан бу енгилликни сақлаб қолиш, ўзимда янги гулларни ўстиришни, эси йўқроқ бўлишини, ҳамма учун ғайритабиий, ўзим учун эса идеал бўлишни сўрардим. Шунчаки бўлишни сўрардим, чунки сен аллақачон мавжудсан.

Ўзингни сев — бу жуда мавҳум ҳикоя аслида. Кўпчилик учун тушунарсиз. Қандай севиш? Ёнингизда бўладиган ва бўшлиқдан чиқиб кетишингизга, ўзингизга боғлаб ташлаган нарсаларни қўйиб юборишга ёрдам берадиган одамни топишингиз керак. «Сабабчи» деб аталади. Ва ер юзида ҳаммамиз бир-биримиз учун катта сабабчимиз.

«Газета.uz» интернет нашри таҳририяти Human House галереясига ва шахсан Лола Сайфига интервью учун жой ажратгани учун миннатдорчилик билдиради.