21 март куни Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларига эгалик қилувчи Meta компанияси Москва суди томонидан экстремистик ташкилот деб тан олинди. Бу ҳақда олдинроқ Россия бош прокуратураси даъво киритган эди. Суд қарори дарҳол кучга кирди — эндиликда Россияда Facebook ва Instagram`дан фойдаланиш тақиқланган, бироқ бу тақиқ WhatsApp мессенжерига жорий қилинмади.

Россия Бош прокуратурасининг даъвоси компания Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларини ёритиш бўйича қабул қилган сиёсатга боғлиқ. РИА Новости маълум қилишича, Instagram Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси» ҳақидаги фейкларни ўчириш бўйича 4,5 мингдан ортиқ талабларга жавоб бермаган.

«Сетевые свободы» канали юристларининг таъкидлашича, эндиликда россияликлар Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқларида реклама сотиб олишса, бу экстремистик ташкилотни молиялаштириш деб қаралиши мумкин. Россия ОАВлари эса Meta`ни тақиқланган ташкилот деб белгилашлари керак бўлади.

Шунингдек, юристлар ижтимоий тармоқлар тақиқланишининг ҳуқуқий оқибатларини таҳлил қилишган:

  • ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқий жавобгарлиги Meta Рlatforms Inc. фаолияти тақиқланганлиги ҳақидаги маълумот РФ Адллия вазирлиги сайтидаги реестрда пайдо бўлганидан кейингина кучга киради. Тармоқларда рўйхатдан ўтиш ва сиёсий бўлмаган мавзуларда пост қолдириш ўз-ўзидан экстремистик жиноят ёки ҳуқуқбузарликни келтириб чиқармаслиги керак, бироқ ҳуқуқий нормалар кенг ҳамда фаоллар ва журналистлар жавобгарликка тортилиши мумкин;
  • Россия Жиноят кодексининг 282.3 моддасига (экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш) мувофиқ, компаниянинг IT-мутахассислари-ходимлари таъқиб қилиниши эҳтимоли мавжуд. Meta акцияларига эгалик қилувчиларга ҳам бу тааллуқли (282.3 моддаси бўйича таъқиб қилиш халқаро қидирув эълон қилишга рухсат беради);
  • символикаларнинг ҳар қандай оммавий намойиши — сайтда, магазин ва кафе эшикларида, автомобилда, ижтимоий тармоқларда, постерларда, визиткаларда — маъмурий жавобгарликка тортилиш учун асос бўлади, бунда мамлакатнинг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 20.3 моддасига мувофиқ, 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланиши ҳам мумкин.

Cnew.ru келтирган статистик маълумотларга кўра, февраль ойида Россияда энг оммабоп ижтимоий тармоқ «ВКонтакте» бўлган — 21,86% улуш. Facebook 17,35%, YouTube 15,22%, Instagram 14,08% улушга эга бўлган.

Шунингдек, 21 март куни Роскомнадзор Euronews сайтини ҳам блоклади.