Марказий банк хорижий валюталарнинг сўмга нисбатан 24 мартдан амал қилувчи курсларини эълон қилди. Унга кўра:

  • 1 АҚШ доллари 62,40 сўмга пасайди ва 11 509,59 сўмни ташкил этмоқда;
  • 1 Евро 66,68 сўмга пасайди ва 12 726,15 сўм деб баҳоланди;
  • 1 Рубль 2,83 сўмга кўтарилди ва 113,39 сўмга тенг бўлди.

«Миллий валюта курси динамикасида ташқи хатарлар ва девальвацион босимлар таъсирларига жавобан тўғриланиш кузатилиб, жорий йил бошидан сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси 6,8 фоизга қадрсизланди», — дейилади МБ пресс-релизида.

Марказий банк Раиси Мамаризо Нурмуратов ҳозирда кенг жамоатчиликни ташвишга солаётган саволларга атрофлича жавоб берди. Жумладан, у Марказий банкнинг жорий йил учун алмашув курси ўзгариши прогнози бўйича саволга жавоб берди.

«Биз миллий валюта алмашув курси бўйича прогнозларни амалга оширмаймиз ва сўмнинг АҚШ долларига нисбатан курси ички валюта бозорида ички ва ташқи омиллар таъсирида шаклланган талаб ва таклиф мувозанатига боғлиқ бўлади», — деди регулятор раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, Марказий банк алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш ва бозорнинг барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида жорий йил март ойининг биринчи ярмида «нейтраллик тамойиллари» доирасида ички валюта бозорида интервенциялар ҳажмини оширди. Мазкур интервенциялар ўтган йилда валюта бозоридаги ижобий шароитлар натижасида юзага келган қўшимча захиралар ҳисобидан амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, 17 март куни Марказий банк асосий ставкани 3 фоиз бандга ошириб, йиллик 17 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Регулятор 2020 йилдан бери асосий ставкани 14 фоиз даражасида ушлаб келаётган эди.

«Бошқарув қарори билан асосий ставканинг оширилиши ҳам маълум маънода миллий валюта курсини барқарорлаштиришга хизмат қилади», — дея таъкидлади Мамаризо Нурмуратов.

«Бу миллий валюта курсини кредит ва фоиз канали орқали мувозанатлашга қўшимча восита бўлади», — дея изоҳлади иқтисодчи Отабек Бакиров. Шунингдек, иқтисодчи кредит ва фоиз каналлари сўм курсига қандай таъсир қилишини ҳам изоҳлаб ўтди.

Фоиз ва кредит канали миллий валюта курсига қандай таъсир кўрсатади?

«Валюта курси ошиб бораётгани муносабати билан тижорат банклари капитали етарлилигига қўшимча юклама ҳосил бўлади. Табиийки, банклар фақат 100 фоизлик риск даражасидагина кредитлар ажратишга ўтади. Энди 100% риск шкаласида янги бериладиган корпоратив кредитлар 23 фоизгача, жисмоний шахсларга эса 26 фоизгача оширилиши мумкин», — деб ёзди Отабек Бакиров ўзининг Telegram-каналида.

Унинг таъкидлашича, кредитлар турли йўллар билан истеъмолни ва қўшимча импортни рағбатлантиради. Фоиз ставкалар кўтарилгач, кредитга талаб бирмунча мақбуллашади ва ажратиладиган янги кредитларнинг сўм курсига босими анча камаяди.

«Ўз-ўзидан, депозитлар ва омонатларнинг фоиз ставкалари ошади. Шу кунларда бозорда 24%, 25 фоизлик омонатлар таклифлари пайдо бўлса, ҳайрон бўлмаслик керак. Содда айтганда сўмдаги маблағларни долларга айлантириш афзаллиги камаяди», — дея маълум қилди иқтисодчи.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин долларнинг сўмга нисбатан расмий курси 241,61 сўмга кўтарилиб, 11 571,99 сўмни ташкил қилганди.