15 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқотлари бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.


Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

«Давлатимиз раҳбари Туркманистон томонини ғоятда муҳим сиёсий тадбир — президент сайлови муваффақиятли ўтказилгани, унда Сердар Бердимуҳамедов ишончли ғалаба қозонгани билан самимий табриклаб, қардош Туркманистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини изчил мустаҳкамлашга қаратилган биргаликдаги ишлар давом эттирилишига ишонч билдирилди. Икки томонлама муносабатлар кун тартиби ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, икки мамлакат етакчилари парламентлар ўртасидаги фаол мулоқотни, шу жумладан халқаро ташкилотлар доирасида давом эттириш муҳимлигини таъкидладилар.

Бўлажак олий даражадаги тадбирлар режаси кўриб чиқилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Туркманистоннинг сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедовни сайловда қозонган ғалабаси билан табриклагани ҳақида хабар қилинган эди.