5 март куни Visa ва Mastercard тўлов тизимлари Россияда ўз фаолиятини тўхтатишини билдирди. 10 март куни эса 200 дан ортиқ давлат ва 130 дан ортиқ валюталарни бирлаштириб турувчи Western Union компанияси ҳам Россия ва Беларусда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишини маълум қилди.

Бундай вазиятда Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари уйга пул юбориш ёки уйдан пул жўнатмасини олишда қайси тизимлардан фойдаланиши мумкин? «Газета.uz» ушбу масала юзасидан бир нечта банклар билан боғланиб, улардан изоҳ сўради.

«Саноат қурилиш банк»

«Саноат қурилиш банк» матбуот хизматининг маълумотига кўра, Росияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар Moneygram, Unistream, Contact, «Золотая корона», Ria ва Asia Express тўлов тизимлари орқали Ўзбекистонга бемалол пул ўтказишлари мумкин. Россия ва Ўзбекистон банклари ўртасидаги пул ўтказмалари бўйича ҳеч қандай чекловлар йўқ, дея таъкидлади банк вакили.

«Ипотека банк»

Банк матбуот хизматининг маълум қилишича, Россиядан Ўзбекистондаги «Ипотека банк» карталарига Paycent, «Сбер онлайн» ва «Золотая корона» иловалари, шунингдек Россияда жойлашган банклар орқали пул ўтказмаларини амалга ошириш мумкин.

«Халқ банки»

«Халқ банки» мутахассисининг «Газета.uz»га маълум қилишича, ҳозирги вақтда Россиядан пулни ўтказиш учун энг асосий илова бу «Сбер онлайн».

«Бу илова орқали бизни картага ёки бошқа бирор картага тўғридан-тўғри пул ўтказиш мумкин. Энг машҳур сервис шу, 90−95% пул ўтказувчилар шундан фойдаланишади. Бундан ташқари, «Золотая корона» бор, у орқали пул ўтказиш учун мигрантлар «Золотая корона»ни офисига бориб, пул ўтказмаларини амалга оширишади», — деди мутахассис.

«Ҳамкорбанк»

«Ҳамкорбанк» матбуот хизматининг маълумотига кўра, айни вақтда Россиядан банкнинг карталарига «Сбер онлайн» иловаси ва «Золотая корона» орқали муаммосиз пул ўтказса бўлади.

«Агробанк»

«Агробанк» мобил иловаси орқали нафақат Россиядан Ўзбекистонга, балки Ўзбекистондан Россияга ҳам пул юбориш мумкин. Ушбу маълумотни банкнинг ягона ахборот маркази ходими «Газета.uz»га тасдиқлади.

«Капиталбанк»

«Капиталбанк» расмий сайтида жойлаштирилган маълумотга кўра, «Asia Ekspress» иловаси орқали банкнинг исталган офисида Россиядан пул ўтказмаларини қабул қилиш ва юбориш мумкин.

Аввалроқ, Ўзбекистон Марказий банки банкларнинг валюта хавф-хатарларини минималлаштириш мақсадида Россия рублини сотиш ва сотиб олиш курсларини жорий халқаро котировкаларга асосан кун давомида ўзгартириб бориш юзасидан тавсиялар берган эди. Қайд этилишича, бу Россиядаги Ўзбекистон фуқароларига пул маблағларини Россия рублида юбориш ва мамлакат ҳудудида ушбу маблағларни ихтиёрий валютада қабул қилиб олиш имконини беради.