Украина ва Россия делегациялари 7 март куни Беларусдаги Беловеж пушасида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича музокараларнинг учинчи босқичини ўтказишди. Учрашув уч соатдан ортиқроқ давом этган.

Россия президенти ёрдамчиси Владимир Мединскийнинг маълум қилишича, томонлар «узоқ вақт олдинги учрашувда келишилган, бироқ умуман ишламаган гуманитар йўлаклар муаммосини муҳокама қилишган». Унинг сўзларига кўра, йўлаклар украин ҳарбийларининг ўз маъмурияти топшириқларига қулоқ солмаганлиги учун ишламаган.

«Биз бу муаммони кўтардик. Бироқ, умид қиламизки, эртадан йўлаклар ишлашни бошлайди. Украина томони бизга ўз кафолатларини берди. Бундан ташқари, сиёсий-ҳарбий масалалар бўйича мухокамалар давом этди. Бироқ улар ҳозирча енгил кечмаяпти ва нимадир дейишга ҳали эрта», — дея таъкидлади у.

Владимир Мединский музокараларнинг учинчи босқичидан кутилган натижалар амалга ошмаганлигини, бироқ кейинги учрашувда сезиларли даражада олдинги силжиш бўлишидан умид қилишини қайд этди. «Музокаралар давом этади», — деди у.

У Россия делегацияси томонидан олиб келинган ҳужжатлар украиналиклар томонидан ўрганиш учун «уйга» олиб кетилганини таъкидлади. Мединский келишувга эришилгандек туюлган масалалар бўйича ҳеч бўлмаганда протокол имзолашга умид билдирганини, бироқ ҳеч нарсага имзо чекилмаганини қўшимча қилди.

Россия делегацияси аъзоси, Давлат думаси депутати Леонид Слуцкий музокаралар тез орада давом этишини таъкидлади. «Навбатдаги ёки ундан кейинги босқичда охирги натижага эришилади деган иллюзиялар билан ўзимизни алдамаймиз. Бу жуда оғир ва босқичма-босқич иш. Ҳамкасбларимиз бирданига бизнинг позициямизга яқин қандайдир позицияни эгаллашларига ва уни кейинчалик сўзсиз бажаришларига умид қилмаяпмиз», — деди у.

Украина президенти офиси раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк музокараларда гуманитар йўлаклар бўйича олдинги силжишлар бўлганини қайд этди, бироқ мамлакатдаги вазиятни яхшилайдиган натижаларга ҳали эришилмаганини таъкидлади. У ўт очишни тугатиш ва хавфсизлик кафолатлари бўйича маслаҳатлашувлар давом этишини қўшимча қилди.

Музокараларнинг учинчи кунида жимлик режими ишлаши керак эди. Томонлар бир неча маротаба гуманитар йўлаклар ташкил этишига ҳалақит беришди ва бир-бирларини ўт очишни тўхтатишга риоя қилмасликда айблашмоқда.

Россия Мудофаа вазирлиги Киев, Мариуполь, Харьков ва Сумдан тўртта гуманитар йўлаклар очилганини маълум қилди. Ушбу йўлакларнинг айримлари Украина фуқароларини Россияга олиб кетиш учун мўлжалланган эди.

Украина томони ушбу режани маъқулламади. Мамлакат бош вазири ўринбосари Ирина Верещук Россия гуманитар йўлакларни очишнинг «қабул қилиб бўлмайдиган вариантини» тақдим этганлигини таъкидлади. У Украина шаҳарларига олиб борувчи бошқа эвакуация режасини таклиф қилди ва Россияни уларнинг очилишини тасдиқлашини сўради.

«Иванково, Диморов, Вишгород, Киев атрофидаги одамларимиз кейинчалик самолётларда Россияга учиш учун Беларусга боришмайди», — деди у.

Кейинроқ Россия идораси Украина томони соат 13:00 ҳолатига гуманитар йўлакларни ташкил этиш бўйича битта ҳам шартни бажармаганлигини таъкидлади. Мудофаа вазирлиги эвакуация йўналишларига «Украина қуролли кучлари ва миллатчилар томонидан 172 та ўққа тутиш» ҳолатлари қайд этилганлигини маълум қилди.