4 мартдан 5 мартга ўтар кечаси Самарқанддаги Маданият ва истироҳат боғидаги «Маданият маркази» биносининг томи учиб кетди. Бу ҳақда Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Бу ўша вақтда туманда кузатилган кучли шамол оқибатида юзага келган ва «Гўзалкент» маҳалласидаги турар-жой биноси том қисмига ҳам зарар етган.


Фото: Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.

Шунингдек, Каттақўрғон шаҳридаги «Ватанпарвар» маҳалласи ва айрим кўчалардаги кўпқаватли биноларнинг томи ва яқин атрофдаги автомобилларга ҳам зарар етган.

Шаҳар ҳокимлиги масъул раҳбарларидан иборат гуруҳ таъмирлаш ишларини бошлаб юборгани маълум қилинди. Жабрланган ва жароҳат олганлар йўқ.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Газета.uz» дам олиш кунлари республикада ёғингарчилик бўлиши, чанг тўзони кузатилиш эҳтимоли борлиги ҳақида ҳам хабар берганди.

Шунингдек, Ўзбекистонда 5−9 март кунлари кучли ёмғирлар ёғиши туфайли 9 та вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел келиш хавфи эълон қилинганди.