1 март куни БМТ бош котиби Украинага фавқулодда гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича иккита кенг кўламли дастурни ишга туширди, деб хабар берди ташкилот матбуот хизмати.

Улардан бири тўғридан-тўғри можаро зонасида қолган одамларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлса, иккинчиси мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган украиналикларга ёрдам бериш билан боғлиқ.

«Халқаро ҳамжамият Украина халқига сўзсиз ёрдам кўрсатишга мажбур, — деди Антонио Гутерриш. БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, Украинадаги жанговар ҳаракатлардан жабр кўрган ва уй-жойини тарк этган 6 миллиондан ортиқ одамнинг ортиб бораётган гуманитар эҳтиёжларини қондириш учун келаси уч ой ичида 1,1 млрд доллар керак бўлади.

«Хорижга, асосан Польша, Венгрия, Руминия ва Молдовага қочиб кетган украиналикларга келсак, бу ерда биз 551 млн доллар йиғишни сўраяпмиз», — деди Антониу Гутерриш.

Иккала дастур ҳам ҳаётан муҳим дори-дармонлар ва тиббий буюмлар, ичимлик суви, чодирлар ва ҳимоя воситалари захирасини тўлдириш учун воситаларни сотиб олишни ўз ичига олади. БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, ҳар икки дастур ҳам мувофиқлаштирилган, бир-бирини тўлдиради ва дарҳол амалга оширишга мўлжалланган.

БМТ бош котиби БМТ агентликлари Украинада қолиши ва ишлашини яна бир бор тасдиқлади.

«Ҳозирги кескинлашувдан олдин ҳам гуманитар ташкилотлар мамлакат шарқидаги 3 млн кишига ёрдам беришди, — деди Антонио Гутеррес. — Энди биз мавжуд дастурларни кенгайтирамиз, шунингдек, мамлакатнинг исталган нуқтасида, керакли жойларда янгиларини яратамиз. Биз ва ҳамкорларимиз бетарафлик, холислик, мустақиллик ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ жабрланганни қўллаб-қувватлаш тарафдоримиз».

Инсонпарварлик эҳтиёжларини баҳолаш ва ёрдам ҳажмини ошириш учун БМТ агентликлари, бош котибнинг сўзларига кўра, кечаю кундуз ва ҳафтада етти кун ишлайди. Ўтган якшанба куни БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ўзининг биринчи юк машинасида гуманитар ёрдамни Украинанинг марказий қисмига етказди. ЮНИCЕФ ҳамкорлари болаларга психологик ёрдам кўрсатишга тайёр.

Жаҳон озиқ-овқат дастурининг (WFP) озиқ-овқат ёрдамининг биринчи партиялари Туркиядан Украинага йўл олди. WFP 3 млн кишига озиқ-овқат, нақд пул ва ваучерларни тарқатиш бўйича фавқулодда операция ўтказмоқда.

«Бироқ энг самарали инсонпарварлик ёрдами — замбараклар овозини ўчиришдир, — деди Антонио Гутерриш. — Аскарлар ўз казармаларига қайтишлари керак. Раҳбарлар дипломатияга мурожаат қилишлари лозим. Мен таъсирга эга бўлганларнинг барчасини ундан ушбу бемаъни можарога барҳам бериш учун фойдаланишга чақираман».

«Украина халқи ўз тарихидаги энг қора кунни бошидан кечирмоқда, — деди БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари ва фавқулодда ёрдам координатори Мартин Гриффитс. — Ёш болали оилалар ертўлалар ва шаҳар метросига яширинмоқда ёки портлашлар ва сиреналар чинқириғидан қочиш учун кетишга ҳаракат қилишмоқда. Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони тез суръатларда ўсиб бормоқда. Биз оддий украиналикларнинг ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун ёрдамни зудлик билан кенгайтиришимиз керак».

Гриффитснинг сўзларига кўра, 6 млн украиналик учун фавқулодда ёрдам дастури энг заиф қатламлар учун нақд пул тақдим этиш, озиқ-овқат ёрдами, сув, санитария, соғлиқни сақлаш ва таълим дастурларини қўллаб-қувватлаш чоралари ҳамда вайрон бўлган уйларни тиклашни ўз ичига олади.

БМТнинг гуманитар ёрдам ходимларининг барча можаролардан жабр кўрган ҳудудларга инсонпарварлик, бетарафлик, холислик ва мустақиллик тамойилларига мувофиқ хавфсиз ва тўсиқсиз кириши талаб этилади, дея қўшимча қилди БМТ раҳбари ўринбосари.

БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссари Филиппо Гранди, ўз навбатида, Украинадаги уруш Европадаги бу асрдаги энг катта гуманитар инқирозга айланиши мумкинлигини айтди. «Биз қочқинларни, жумладан, маҳаллий ҳамжамият ва алоҳида шахсларни қабул қилишда қўшни давлатлардан бирдамлик ва меҳмондўстликни кўряпмиз, — деди у. — Бироқ инқироз кўламига муносиб ёрдам бериш ва янги келганларни ҳимоя қилиш учун кўпроқ ҳаракат талаб этилади».

ЮНИCЕФ, ўз навбатида, Украинадаги болаларга ёрдам бериш учун 276 млн доллар, шунингдек, қўшни мамлакатлардаги қочқинларга қарши кураш минтақавий режасини амалга ошириш учун қўшимча 73 млн доллар сўрамоқда. Бу ҳақда ЮНИCЕФ ижрочи директори Кетрин Рассел маълум қилди.

«Украинадаги можаро авж олган зонада қолган болалар ва уларнинг оилаларининг аҳволи дақиқа сайин ёмонлашмоқда, — деди у. — Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарлик бошқармаси томонидан текширилган маълумотларга кўра, камида 13 нафар бола ҳалок бўлган ва жанговар ҳаракатлар кучайгани сари бу рақамнинг ошишини кутмоқдамиз. Кўплаб болалар шикастланган, бошқалари эса атрофда содир бўлаётган воқеалардан чуқур жароҳат олишган. Юз минглаб болалар мактабга бормаяпти».

Кетрин Рассел ЮНИCЕФ Украинадаги ҳаёти ва келажаги қил остида турган болалар ва оилаларга ёрдам беришда жаҳон ҳамжамиятининг сахийлиги ва ёрдамига таянади. «Ушбу можародан жабрланган ҳар бир болага етиб бормагунимизча, биз тинчлана олмаймиз», — деди у.

ХВЖ ва Жаҳон банки Украинага ёрдам пакетларини тайёрлайди

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки Украинадаги уруш юзасидан қўшма баёнот берди.

«Муассасаларимиз Украинани молиявий ва сиёсий жабҳада қўллаб-қувватлаш учун биргаликда ишламоқда ва ушбу ёрдам ҳажмини зудлик билан оширмоқда», — дейилади баёнотда.

«Украинанинг тезкор молиялаштириш инструменти орқали фавқулодда молиялаштириш тўғрисидаги сўровини кенгашимиз кейинги ҳафтадаёқ кўриб чиқиши мумкин, — дейилади баёнотда. — Бундан ташқари, биз Украина учун Stand-By дастури устида ишлашни давом эттирмоқдамиз, унга кўра июнь ойи охиригача қўшимча 2,2 млрд доллар ажратилади».

«Жаҳон банки Гуруҳида жорий ҳафтада бошқарувга тасдиқлаш учун тақдим этиладиган камида 350 млн долларлик бюджет маблағларини тезкор ўзлаштириш, кейин эса соғлиқни сақлаш ва таълимни қўллаб-қувватлашга тезкор тўлов учун 200 млн долларлик операциялар учун яқин ойларга мўлжалланган 3 млрд долларлик кўмак пакетини тайёрламоқдамиз», — дейилади баёнотда.

ХВЖ ва ЖБ минтақа ва дунёнинг бошқа давлатлари учун можаро ва қочқинларнинг иқтисодий ва молиявий оқибатлари устида ҳам биргаликда иш олиб бораётганини маълум қилди.

«Биз керак бўлганда қўшни давлатларга кенгайтирилган сиёсий, техник ва молиявий ёрдам кўрсатишга тайёрмиз, — дея ишонтирмоқда халқаро молия институтлари. — Ушбу инқироз бутун дунёдаги одамларнинг ҳаёти ва турмуш тарзига таъсир қилади ва биз уларга ўзимизнинг тўлиқ кўмагимизни таклиф қиламиз».