Дам олиш куни ҳаво ҳарорати меъёрдан кўра иссиқ бўлиши кутилмоқда, деб хабар берди Ўзгидромет.

25 февраль, жума куни Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Фақат куннинг иккинчи ярмида Самарқанд вилояти, Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Республиканинг тоғ олди ҳудудларида баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади. Ҳаво ҳарорати +13…+18 илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда.

Қиш фаслининг охирги кунларида Эрон ҳудудларидан ҳаво кириб келиши кучайиши ҳисобига Ўзбекистонда қиш фаслига ҳос бўлмаган жуда илиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +17…+22 даража илиқгача, жанубда +23…+25 даражагача кўтарилади. Бу ушбу кунларнинг иқлимий меъёрларидан 8−10 градусгача юқори.

Республика ҳудудининг каттта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат шимолий ҳудудларга 27 февраль, якшанба куни Каспий денгизи ҳудудларидан нам ҳаво массаси кириб келиши бошланади. Якшанба куни Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида баъзи жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин.

Февраль ойининг сўнгги куни — 28 февралда республиканинг барча ҳудудларига нам ҳаво массаси кириб келади ва баъзи жойларда ёмғир ёғади. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кузатилмайди.

Кундуз кунги ҳарорат бироз пасаяди, аммо қиш фаслининг охири учун бўлган меъёрий қийматлардан юқори бўлади. 25−28 февраль кунлари республиканинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи бор, дейилади хабарда.