Тошкент шаҳрининг 10 туманидаги Давлат хизматлари марказлари фуқароларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириши учун сўнгги мижоз қолгунича хизмат кўрсатади. Бу ҳақда ДХА матбуот хизмати хабар берди.

Аввалроқ, эски ҳайдовчилик гувоҳномалари қуйидаги муддатларда янгисига мажбурий алмаштирилиши хабар қилинганди:

  • 2010 йилгача берилганлари — 2022 йил 31 мартгача;
  • 2010−2012 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 июнгача;
  • 2013−2015 йилларда берилганлари — 2022 йил 30 сентябргача;
  • 2015 йилдан кейин берилганлари — 2022 йил 31 декабргача.

Таъкидланишича, бунинг ортидан «права»ни алмаштириш истагида ДХМларга келаётган фуқаролар сони кескин ошган, бунда бошқа вилоятлардан пойтахтда вақтинча юрганлар ҳам хизмат учун мурожаат қилмоқда.

Графика: ДХА матбуот хизмати.

25 февраль ҳолатига, битта ДХМга кунига 300−700 киши ушбу хизмат учун келмоқда. Республика бўйича кунига 4 мингга яқин, Тошкент шаҳридаги битта ДХМда 200−250 та атрофида алмаштириб берилмоқда. 2020 йилда — 118 042 та, 2021 йилда — 279 842 та «права» алмаштирилган. Шу йилнинг январида 21 998 та, февралнинг 25 кунида — 49 832 та хизмат кўрсатилган.

Шундан келиб чиқиб, фуқароларга давлат хизматини кўрсатишда қўшимча қулайлик яратиш мақсадида Тошкент шаҳрининг Миробод, Мирзо Улуғбек, Яшнобод, Яккасарой, Сергели, Чилонзор, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод тумани ДХМларида 21 февралдан «Сўнгги мижозгача» иш режими ташкил қилинди.

«Бунинг учун иш графиги меҳнат қонунчилиги доирасида қайта кўриб чиқилди», — дейилади хабарда.

Бунда ДХМлар орқали ҳайдовчилар душанбадан-жума кунига қадар эрталаб соат 9:00 дан кечгача ҳамда шанба куни соат 09:00дан 13:00 га қадар хизматдан фойдаланишлари мумкин.

ДХА қўшимча қилишича, эски «права»ни янгисига алмаштириш учун нафақат ДХМларга, балки бевосита ваколатли идора ИИББ ЙҲХБ бўлимларига ҳам мурожаат қилиш мумкин.