Самарқанд вилоятининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан 16 февраль куни ўтказилган тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрида яшовчи ҳайдовчилардан тамагирлик қилиб келган бир гуруҳ шахслар фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарда айтилишича, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган 7 нафар шахс «Самарқанд-Навоий» ва «Самарқанд-Бухоро» йўналишида қатновчи ҳайдовчилардан зўравонлик ва товламачилик йўли билан пул тама қилиб келган. Хусусан, улар доимий йўналишда такси қиладиган ҳайдовчилардан 300−500 доллардан, кунлик қатновчи ҳайдовчилардан 30 минг сўмдан 50 минг сўмгача пул маблағларини талаб қилишган.

Гуруҳ аъзоларининг фаолиятига қарши чиққан ёки сўралган пул маблағларини бермаган ҳайдовчиларга гуруҳ томонидан ёлланган бир гуруҳ уюшган спортчилар томонидан жисмоний тазйиқ, зўравонлик ва оғир турдаги тан жароҳатлари етказилган.

Гуруҳ етакчилари В.Ф. ва Э.Д.лар тадбирга жалб қилинган фуқароларга товламачилик қилаётган вақтида жиноят устида қўлга олингани айтилмоқда.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан гумондорларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш қўзғатилган.