Мустақил медиа марказлар ва журналистлар халқаро тармоғи платформаси OCCRP Швейцариянинг Credit Suisse банкининг сиздирилган 18 мингдан ортиқ ҳисоб рақамларини ўрганиб, банк хизмат кўрсатган муаммоли мижозлар бўлганлигини аниқлади. Банк томонидан хизмат кўрсатилган мижозлар орасида юқори лавозимли сиёсатчилар ва уларнинг яқинлари бор. Улар орасида 4 нафар ўзбекистонликлар ҳам мавжуд.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовнинг рафиқаси Рано Раматова номида Credit Suisse банкида ҳисоб рақами бўлган. У 2010 йилдан ушбу банкда 954 минг франк (1 млн 36 минг 906 доллар) пулни сақланган.


Журналистлардаги маълумотларга кўра, Рано Раматова 2010 йилда Британия Виргин оролларида Kelran International Limited офшор компаниясини очган. Шундан кўп ўтмай у Швейцария банкида ҳисоб рақами очади.

«[2015 йил мартида] Британия Виргин ороллари молиявий регулятори Келтраннинг агентига компанияга нисбатан пулни ювиш бўйича тергов олиб борилаётганини маълум қилади ва Раматова ҳақида қўшимча маълумот сўрайди. Раматова Orient Group компаниясидан тавсиянома олади, лекин шундан кўп ўтмай Credit Suisse банкидаги ҳисоб рақамини ёпади», дея таъкидлайди журналистлар.

Ҳисоб рақами бўйича ишончнома унинг қизи ва Очилбой Раматов «Ўзбекистон темир йўллари» раҳбари бўлган пайтда компания билан ишлаган Orient Group ҳам-таъсисчисига берилгани айтилади.

Ўзбекистон теннис федерациясининг собиқ бош котиби (1998−2019) бўлган Игорь Шепелев Швейцария банкида иккита ҳисоб рақамига эга бўлган. Шепелев 2006—2009 йилларда 2,05 млн франклик (2,24 млн доллар) ва 2009−2014 йилларда 2,8 млн франклик (3,06 млн доллар) маблағларни банкда сақлаган.

2005 йилда Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланган Игорь Шепелев фармон матнида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ) ходими сифатида қайд этилган.


Банкда ҳисоб рақамига эга бўлган яна бир Ўзбекистон фуқароси Гулрух Тиллаева — Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг куёви Темур Тиллаевнинг қариндоши эканлиги айтилади. У Швейцариянинг Credit Suisse банкида турмуш ўртоғи Никита Калиниченко билан умумий ҳисоб рақамига эга. ОАВ маълумотларига кўра, Калиниченко Тиллаев номидан Марказий Осиёдаги энг йирик савдо марказларидан бири бўлган «Абу Сахий»ни бошқарган.

Гулрух Тиллаеванинг маблағлари банкда 2009 йилдан бери сақланади. Максимал қиймати — 2 млн 226 минг 946 Швейцария франки. Бу тахминан 2 млн 421 минг 117 доллар 88 центга тенг.


Банкда ҳисоб рақамига эга бўлган яна бир ўзбекистонлик Нарзиева Саодат Бурхановна — асли ўзбекистонлик россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг синглиси. У тиббиётда ўттиз йилдан ортиқ тажрибага эга акушер-гинеколог.

2004 йилдан бери унинг ҳисоб рақамларида камида 5,3 млрд франк (5,8 млрд доллар) пул маблағлари бўлиб ўтган. «Унинг ҳисоб рақамидаги маблағлар иш фаолияти билан боғлиқ эмас», — дейилади журналистлар суриштирувида.

Бундан ташқари, банк мижозлари орасида Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жомарт Токаевнинг собиқ хотини Надежда Токаева (1,6 млн долларлик ҳисоб рақами), Қозоғистоннинг собиқ раҳбари Нурсултон Назарбоевнинг қизи Дарига Назарбаева оиласи (жами 45,8 млн долларлик ҳисоб рақамлари) ва Нурсултон Назарбоевнинг куёви Тимур Кулибаев (энг максимал балансли ҳисоб рақамида 917 млн доллар) ҳам мавжуд.