Ўзбекистон футбол терма жамоаси сардори, «Рома» футбол клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов УЕФА расмий сайтига катта интервью берди. «Газета.uz» ушбу интервьюнинг таржимасини тақдим этади.

26 ёшли ҳужумчи Жарқўрғонда ўтган болалиги ва оиласи ҳақида гапириб, улар ёш футболчини ҳар доим, ҳатто ютқазганда ҳам қўллаб-қувватлаганини айтган.

12−13 ёшида «Машъал» академиясида ўйнаш учун бошқа вилоятга кетган Шомуродов учун бу қийин бўлган.

«Чунки мен уйдан кетганимда жуда ёш эдим. Оиламни соғинардим, лекин бошқа илож йўқлигини тушунардим. Уйда мени интилишларим қўллаб-қувватланди. Мен яшаган Муборак шаҳрида ёзда саҳродагидек иссиқ, қишда жуда совуқ. Лекин у ерда мураббийлар яхши, академия жуда яхши. Футболчилар учун эса шароитлар етарли, шунинг учун ҳам биз чидашимиз ва ишлашимиз керак эди», — деган у.

— Барча мураббийларингиз Элдор Шомуродовнинг асосий кучи унинг менталитетида деб айтишади. Сиз олдингизга катта мақсадалр қўясиз ва уларга эришиш учун бутун эътиборингизни қаратасиз. Сиз доимо Европа даражасига чиқишни орзу қилганмисиз?

— Машъалда асосий жамоа ўйнаганида биз тўпларни олиб келиб турардик. Мен ҳам шундай савияга чиқишни орзу қилардим. Тезроқ бу жамоада шу майдонда ўйнашни бошлаш учун ўсишни хоҳлардим. Ва жиддийроқ ўйнай бошлаганимда, мен янада кўпроқ ўсишим ва бошқа футбол муҳитига интилишим кераклигини тушуна бошладим. Уйга келганимда доим Европа футболини томоша қилардик. Қариндошларим ҳам у ерга бориб ўйнашга ҳаракат қилишим кераклигини айтишди. Шундай қилиб, мен Европада ўйнашни орзу қилардим. Унга қараб интилдим ва охирида муваффақиятга эришдим.

— Сизнинг болаликдаги кумирингиз ким эди?

— Дидье Дрогба ва Фернандо Торрес. Мен уларни жуда яхши кўрардим ва ҳар доим уларнинг ўйинларини кузатардим.

Фото: thetimes.co.uk

— Сиз Челси мухлисимисиз?

— Мухлислик қилганман. Энди эса мен «Рома»нинг мухлисиман.

— Ўзбекистонда сиз қаҳрамондексиз. Бундан ташқари, терма жамоа сардори. Бундай ёшда бу мақом сиз учун нимани англатади?

— Бу мен учун катта аҳамиятга эга. Буни сўз билан таърифлаш қийин. Бунчалик эрта сардор бўламан ва терма жамоа учун бу қадар муҳим футболчи бўламан, деб ўйламагандим. Ҳозир бизда авлодлар алмашмоқда, ёш ўйинчилар майдонга тушяпти, мен катта [ёшли] футболчи сифатида уларга ўрнак бўлишим керак, шу сабабли бу мен учун жуда муҳим.

— Ватан сиз учун қанчалик муҳим? Уйга тез-тез бориб турасизми?

— Ватанимни жуда яхши кўраман. Мен учун мамлакат ҳам, Ўзбекистон терма жамоаси ҳам муҳим. Терма жамоага чақиришганда келаман. Ёки таътил пайтида. Бошқа пайтларда вақт кўп эмас. Албатта, Ўзбекистонни соғинаман, ота-онамни ҳам.

— Сиз А сериясида Илёс Зейтуллаевдан кейинги иккинчи ўзбекистонликсиз. Сиз бундан фахрланасизми?

— Албатта фахрланаман. Мен бундан мамнунман. Лекин бизда бу даражада ўйнай оладиган футболчилар кўп. Ва мен уларнинг бу ерда ўйнашларини жуда истардим. Европада имкон қадар кўпроқ ўйинчиларимиз бўлишини истардим. Бу бутунлай бошқача футбол, бошқа тезлик. Бу ерда ўсиш учун шароитлар бор. Футболчиларимиз Европада қанча кўп бўлишса, терма жамоага шунчалик яхши бўлади.


— Италиядан олдин «Ростов»да ўйнагансиз. Карьерангизнинг ушбу даври ҳақида гапириб беринг.

— Биринчи йил унчалик яхши ўтмади. Бу адаптация жараёни эди. Мен мослашардим. У ерда футбол бутунлай бошқача эди — Европага яқинроқ. [Бош мураббий] Валерий Карпин мени жуда қўллаб-қувватларди, ишонч берарди ва мен учун ҳаммаси яхшиланишни бошлади.

— «Ростов»да ўзингизни кўрсатгач, «Женоа» сизга эътибор қаратди. Янги давлатга кўчиш қандай бўлди?

— «Ростов»да охиргидан олдинги йилни жуда яхши ўтказдим. Кейинги олти ой давомида ёмон ўйнадим. Бунинг сабаблари бор. Лекин менда ҳали ҳам Европада ўйнаш истаги бор эди. Осон кечмади. Гол урмасангиз, Европага чиқиш қийин. Аммо «Женоа» менга ишонди, бунинг учун клубга раҳмат! Улар мени «Ростов»дан сотиб олишди. Мен ўтишга рози бўлдим, чунки бу менинг Европада ўйнаш орзуим сари биринчи қадам эди. Мен учун топ-клубда эмас, балки таркибга киришим мумкин бўлган жойда фаолиятни бошлаш муҳим эди. Биринчи йил оғир ўтди. Россия ва Ўзбекистонда менталитет ўхшаш, Европада эса бутунлай бошқача. Шунинг учун, дастлабки икки-уч ой осон бўлмади, лекин кейин кўникишни бошладим. Энди мен бу ердаги одамлар қандай фикрлашини яхши тушунаман.

— Маданият қандай фарқ қилади? Бу ерда сиз учун нима янгилик бўлди?

— Россия ва Ўзбекистонда ҳамма етти кун кетма-кет ишлайди. Шанба ва якшанба кунлари бу ерда ҳеч нарса ишламайди, ҳамма дам олади. Мутлақо бошқа маданият, бошқа тил. Одамлар бошқача фикрлайди.

— Италиядаги футбол Россия ва Ўзбекистондагидан нимаси билан фарқ қилади?

— Аввало, бу ердаги юқори тезлик. Бу ерда кучли футбол устунлик қилади. Футболчиларнинг маҳорати ҳам албатта, юқорироқ.

— Кейинги даражага чиқиш учун нима қилиш керак эди?

— Биринчи навбатда тезликни ошириш керак эди. Нафақат ҳаракатда, балки фикрлашда ҳам. Италияга кўчиб ўтганимда, мен хотиржам ўйнайман, деб ўйлагандим. Лекин машғулотларда ҳамма вақт улгурмаётганлигимни ҳис қила бошладим. Ҳимоячилар доимо ташланишарди, доим оёғимга тепишарди ва айнан шу борада аниқ ўсишим кераклигини тушундим.

Фото: asroma.com

— Қайси қобилиятларингиз эвазига муваффақиятга эришдингиз?

— Қийин савол. Ўйлашимча, биринчи ўринда, сабр эвазига. Бошида қийин бўлганида, мен ўзимга бу менинг даражам эмаслигини айтиб, ортга қайтишим мумкин эди. Лекин мен чидадим. Ҳаммаси қўлимдан келишини билардим. Ва сабрим туфайли ҳозир менда ҳаммаси яхши.

— «Рома» каби клуб сизни ўз сафига қўшиб олмоқчи эканини билганда, нималарни ҳис қилгансиз?

— Мен менталитетни ўзгартиришим кераклигини англадим. Ҳар бир ўйинга ғалаба ўйлари билан чиқиш керак. Бу ерда катта мақсадлар қўйилишини билардим. Бу ерда рақобат жиддийроқ. Ҳар бир учрашувда таркибга муносиб эканингизни исботлашингиз керак.

— Севимли футболчингиз Дидье Дрогба, севимли мураббийингиз эса Жозе Моуринью. Ҳозир у «Рома»ни бошқармоқда. Бундай мутахассис билан ишлаш қандай?

— У ўз олдига катта вазифалар қўйиши ва уларни амалга оширишни мақсад қилгани илк кунлардан маълум эди. Ўйин ва интизом борасида жуда талабчан. У ҳар бир ўйинда ғалаба қозонишни истайди ва ўйинчилар ҳам шунга интилишига ҳаракат қилади.

Фото: Roma FC

— Моуринью Дрогбани ўша пайтдаги дунёнинг энг яхши ҳужумчисига айлантирган. Мураббий сизга қандай ёрдам берди?

— Ҳозир биз кўпроқ тактика устида ишлаяпмиз. У бизга ҳамма нарсани қандай қилиш кераклигини кўрсатади ва ҳар бир ўйинда боримизни беришимизни талаб қилади. Албатта, кўпроқ гол уришни ҳам талаб қилади.

— Сиз «Рома» учун кўп гол уриб бўлдингиз — Конференция лигасининг плей-офф босқичидаги гол. Ўшанда нималарни ҳис қилдингиз?

— Бу менинг «Рома» сафидаги илк расмий ўйиним эди [УЕФА Конференция Лигаси плей-офф босқичида «Трабзонспор»га қарши сафарда]. Менимча, улар мени алмаштиришга тайёргарлик кўришаётганди. Дебют учрашувида гол урганимдан ва жамоага Конференция лигасига чиқиш имкониятини берганимдан хурсанд бўлгандим. Бу жуда ёқимли ҳислар эди.

— Бу голни бувингизга бағишладингиз…

— Ўйиндан бир кун олдин унинг туғилган куни эди. Мен уни шу тарзда табрикламоқчи эдим. Улар мени жуда қўллаб-қувватлайди, барча ўйинларни кузатиб боради. Менинг бутун оилам — ота-онам, бувим ва аёлим томоша қилишади ва қўллаб-қувватлайди.

— Ушбу мавсумда қандай шахсий ва жамоавий мақсадларни кўзлагансиз?

— Биринчи навбатда — Чемпионлар лигасига чиқиш. Ва Конференция Лигасида ғалаба қозониш. Булар асосий мақсадлар. Шахсий амбицияларга келсак, улар доимо жамоа билан боғлиқ. Мен жамоага ғалаба қозониш ва совринларни қўлга киритишда ёрдам бермоқчиман. Ахир, жамоа ғалаба қозонса, сиз ҳам ғалаба қозонасиз.