Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2021 йил 1 октябрь ҳолатига 37,6 млрд долларни ташкил қилди. Марказий банкнинг Ўзбекистоннинг 2021 йилнинг 9 ойи учун Тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи бўйича нашрига қисқача шарҳида бу ҳақда сўз боради.

Мамлакат ташқи қарзи жорий йилнинг 1 январь ҳолатида 33,8 млрд долларни ташкил қилганди. Қарз йил бошига нисбатан 11 фоизга ёки 3,7 млрд долларга ошди. Хусусан, давлат ташқи қарзи 7 фоизга ёки 1,5 млрд долларга ўсиб 22,9 млрд долларни, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 18 фоизга ёки 2,2 млрд долларга ўсиб 14,7 млрд долларни ташкил этди.

Қайд этилишича, 9 ой давомида Ўзбекистон тўлов баланси кўрсаткичларининг шаклланишига коронакризис шароитида ички ва ташқи бозорлардаги тикланиш, ташқи савдо айланмасининг ва пул ўтказмалари хажмларининг ўсиши, глобал бизнес фаолиятининг мувозанатлашуви каби омиллар ўз таъсирини кўрсатган.

Юқоридаги омиллар таъсирида январь-сентябрь ойлари учун жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,1 млрд доллар (2020 йилнинг 9 ойида 279,2 млн доллар) миқдорида шакллангани айтилди. Бунда, савдо балансининг (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (9,7 млрд доллар) бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (4,6 млрд доллар) ҳисобига қисман қопланган.

Шу йилнинг 9 ойида молиявий ҳисобнинг манфий сальдоси 6 млрд долларни ташкил этган. Бунда, молиявий ҳисоб дефицитининг ўсишига асосий сабаб кредитлар ва қарзлар бўйича норезидентлар олдидаги мажбуриятлар 2,7 млрд долларга, тўғридан-тўғри инвестициялар 1,7 млрд долларга ҳамда портфель инвестицияларида қимматли қоғозлар чиқарилиши эвазига 1,3 млрд долларга ўсиши асосий сабаб бўлган.

Ҳисобот даврида мамлакатнинг чет эл валютасидаги активлари 68,3 млрд долларни, ташқи мажбуриятларининг ҳажми эса 51,4 млрд доллар миқдорида қайд этилган. Шу муносабат билан, Ўзбекистоннинг соф инвестицион позицияси йил бошига нисбатан 17 фоизга ёки 3,4 млрд долларга қисқариб, жорий йилнинг 1 октябрь ҳолатига 16,9 млрд долларга тенг бўлган.

Молия вазирлиги 2022 йилги «Фуқаролар учун бюджет» лойиҳасида 2022 йил якунига умумий давлат қарзи 33,5 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 45,2 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган. Шундан, давлат ташқи қарзи 30,4 млрд долларни ёки ЯИМга нисбатан 41 фоизни ташкил этиши кўзда тутилган. 2022 йилда кутилаётган бюджет тақчиллигининг 66 фоизи ташқи манбалар ҳисобидан қопланиши мўлжалланган.

Эслатиб ўтамиз, биринчи ярим йилликда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи 2 млрд долларга ошиб, 35,9 млрд долларга етганди. Умумий ташқи қарзнинг ЯИМга нисбати эса 57 фоизни ташкил қилган эди.