Фарғона вилоятида етти нафар шахс қисқа вақт давомида «Туронбанк» АТБдан қарийб 700 млн сўмни яширин равишда талон-торож қилган. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарга кўра, Ёзёвон туманида яшаб келган ёш йигит Р. У. 2020 йил 19 декабрь куни соат 21:30 да таниши Р.О. билан ўзаро суҳбат чоғида «Туронбанк»нинг My Тuron мобил иловаси орқали Humo пластик картасидан 9950 сўмни Uzсard картасига ўтказганида, ўтказма амалга ошиб, пуллар қабул қилингани, бироқ ўтказилган пуллар Humo пластик картаси ҳисоб-рақамидан камаймаганини айтган.

Шундан сўнг, Р. У. ушбу ҳолатни текшириш мақсадида яшаш хонадонида «Туронбанк» АТБ Фарғона филиалидан олинган Uzсard ҳамда Humo пластик картасини ўзининг телефонига «смс» хабарнома хизматини ёқиб, My Тuron мобил иловасига ушбу ҳар иккала пластик картасини бириктирган.

Р. У. ва Р. О. юқоридаги усулдан фойдаланиб, 121 млн сўмдан кўпроқ, орадан бир неча кун ўтгач Р. У. ўртоғи Ж. А. билан 220 млн сўмни, сўнг Р. У. ўртоғи И. Қ. билан 29 млн сўмни, сўнг Р. О. таниши С. С. билан 10 млн сўмни, сўнг И. Қ. ўртоғи М. Қ. билан 310 млн сўмни ҳамда Р. О. билан 8 млн сўм пул маблағларини ўзлаштиришган. Умумий ҳисобда ушбу етти нафар шахс қисқа вақт давомида 698 миллион 689 минг сўм банкнинг пулларини яширин равишда талон-торож қилган.

Тезкорлик билан олиб борилган ҳаракатлар натижасида банкнинг пулларини тўлиқ қайтарилишига эришилган, судланувчилар ҳолат аниқланиши билан барча пулларни ўз ихтиёрлари билан топширган.

Ушбу ҳолат жиноят ишлари бўйича Тошлоқ тумани судида кўриб чиқилган.

"Суднинг ҳукми билан судланувчиларнинг 5 нафари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 3 ва 4-қисмлари билан 3 йил 6 ойдан — 5 йил 6 ойгача муддатга озодликдан маҳрум қилинди", — деди Фарғона вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Аброрхон Акрамов. Шунингдек, икки кишига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.