Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқарони мактаб интернати директори лавозимига тайинламоқчи бўлган икки нафар шахс ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.

Таъкидланишича, Шўрчи туманидаги Кўзи ожизлар ва заиф кўрувчи болаларга ихтисослаштирилган мактаб интернати директорининг ўринбосари У.Я. фуқаро Б.га 13 минг АҚШ доллари эвазига Халқ таълими бошқармасида ишловчи таниши орқали ўзи ишлайдиган интернатга директор лавозимига тайинлатиб беришни ваъда қилган.

У.Я. сўралган маблағдан 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Директор ўринбосарининг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, Сурхондарё вилояти Халқ таълими бошқармаси кадрлар бўлими бошлиғи Б.Э. ҳам 5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда, дейилади хабарда.