7 февраль куни Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда бериб, бунинг эвазига 80 минг доллар сўраганлиги, шундан 50 минг долларни олганида ушлангани ҳақида ёзгандик.

Қашқадарё вилояти прокуратураси хабар беришича, жиноят иши юзасидан ўтказилган дастлабки терговда ички ишлар органлари кадрлар заҳирасидаги ходим — У.Яхшиев пора олиш жиноятини таниши Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриев билан олдиндан тил бириктирган ҳолда содир этганлиги аниқланган.

Дастлабки тергов органи томонидан Муборак туман ИИБ бошлиғи Х.Бахриевнинг содир этилган жиноятга бевосита дахлдорлигини исботловчи етарли далиллар тўпланганлиги сабабли, Бахриев 11 февраль куни жиноят ишида гумонланувчи сифатида жалб қилиниб, шу куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Бундан ташқари, вилоят прокурорининг фармойишига мувофиқ, тузилган ишчи гуруҳ 7−10 февраль кунлари Муборак туман прокуратураси ва ички ишлар бўлими фаолиятини ҳужжатларни таҳлил қилиш орқали ўрганди.

Натижада туман ИИБ томонидан ўғирлик, безорилик, талончилик ва фирибгарлик каби жиноятларни ҳисобдан яшириш ҳолатлари аниқланган.

Жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганида бунга даҳлдор бўлган шахслардан тушунтириш олиш, қонунда назарда тутилган тартибда далилларни тўплаш суриштирув ва тергов органларининг ҳам ваколати ҳам мажбурияти ҳисобланади.

Шу сабабли, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида жиноятдан жабрланган фуқаролар ва мазкур хабарлар юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатларини ўтказган ИИБ ходимларидан тушунтиришлар олинган.

Жиноятларни яширишга бевосида даҳлдорлиги аниқланган шахслар эса жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида ОАВларда ёлғон маълумотлар тарқатиш орқали аҳолини чалғитишга ҳаракат қилишган. Вилоят прокуратураси томонидан ҳисобдан яширилган 3 та ўғрилик, 3 та безорилик, 1 та талончилик ва 1 та фирибгарлик жиноятлари бўйича жиноят ишлари қўзғатилган.

Вилоят прокурори ҳамда вилоят ИИБ бошлиғи раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ вазиятни жойига чиққан ҳолда ўрганиб, ҳолат юзасидан хизмат текширувлари тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, Миришкор тумани ҳокими ўринбосарига нисбатан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.