9-феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Қозоғистонга ташриф буюрди.

Кун давомида Нурдинжон Исмоилов Касим-Жомарт Тоқаев билан ҳам учрашди, деб хабар берди Қозоғистон президенти матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти мамлакатлар мустаҳкам дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига, умумий маданий қадриятларга таянган ҳолда мустаҳкам ва тотув муносабатлар ўрнатганини, бу давлатлараро шериклик намунаси эканини таъкидлаган.

«Ўзбекистон Қозоғистон учун қардош давлат ва ишончли ҳамкордир, шунинг учун биз муносабатларимизни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Бизнинг иттифоқчилик муносабатларимиз сиёсий, савдо-иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳалар каби кенг қамровга эга. Бу борада парламент дипломатияси алоҳида ўрин тутади», — деган Касим-Жомарт Тоқаев.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Парламенти Мажлисида ҳам қатор учрашувларни ўтказган.

Фото: «Дунё» АА.

«Дунё» ААнинг хабар беришича, Нурдинжон Исмоилов ва Қозоғистон Мажлиси раиси Ерлан Кошанов Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Парламенти Мажлиси ўртасида Парламентлараро ҳамкорлик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолаган. Мазкур битим декабрь ойида Шавкат Мирзиёевнинг Нур-Султонга ташрифи чоғида келишувга эришган эди.

Учрашувда Ерлан Кошанов Нурдинжон Исмоиловни Қозоғистон президенти фармонига мувофиқ II даражали «Дўстлик» ордени билан тақдирлади. ҚП спикери Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлагани учун ушбу мукофотга лойиқ топилган.

Ерлан Кошанов кенгашнинг ташкил этилиши икки давлат парламентлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликка, жумладан, икки давлат раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни амалга оширишни қонунчилик билан таъминлашга янги мазмун бағишлашини таъкидлади, дейилади парламент матбуот хизмати хабарида.

Нурдинжон Исмоилов, ўз навбатида, парламентлараро мулоқотнинг фаоллашуви икки давлат ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик салоҳиятини оширишга хизмат қилишини қайд этган.