2021 йилда ички ишлар органларининг 89 нафар ходими томонидан 119 коррупциявий жиноят содир этилган. Ички ишлар вазирлигида ўтган анжуманда бу кўрсаткич олдинги йилга нисбатан 2 баробарга кўп экани қайд этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Маълумотларга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлигига 2021 йилда тушган жами беш мингга яқин мурожаатнинг 7 фоизи айнан ички ишлар органлари ходимларининг хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан норозиликни акс эттирган.

Таҳлилларга кўра, 2020 йилда ички ишлар органларининг 46 нафар ходими коррупциявий жинояти учун жавобгарликка тортилган.

2021 йилда эса бу кўрсаткич деярли икки бараварга ортиб, 89 нафар ходим томонидан 119 шу турдаги жиноят содир этилган.

Шундан:

  • 47 таси Жиноят кодексининг 206-моддаси (мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш),
  • 18 таси 209 (мансаб сохтакорлиги) ва 211-моддалари (пора бериш),
  • 14 таси 168-моддаси (фирибгарлик),
  • 13 таси 210-моддаси (пора олиш),
  • қолган 9 таси бошқа коррупциявий жиноятларни ташкил қилган.

Бундан ташқари, криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳудудларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини ўрганиш мақсадида аҳоли ўртасида аноним тарзда сўров ўтказилган.

Унда 5 минг 883 нафар фуқаро ва 4067 нафар ички ишлар органлари ходимлари иштирок этган. Сўровномада ҳуқуқ-тартибот идораларидаги коррупциявий ҳолатларнинг сабаблари ўрганилган.

«Анжуманда уларнинг ҳар бири атрофлича таҳлил қилинди, шунингдек, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган превентив механизмларни ишлаб чиқиш чоралари кўрилаётгани қайд этилди», дейилади хабарда.