Президентнинг «Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди [ПҚ-111-сон]. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат билан Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.

Пойтахт жамоат транспортини 2025 йилгача ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари доирасида:

  • йўловчи ташишлар ҳажмида жамоат транспортининг улуши 21 фоиздан 43 фоизга оширилади;
  • жамоат транспортида кунлик йўловчи ташиш ҳажми 2,7 миллион йўловчига етказилади;
  • жамоат транспортининг ҳаракатланишидаги оралиқ вақти 2 баробарга камайтирилади;
  • 1 063 та автобус, 673 та электробус харид қилинади.

Шунингдек, Тошкент шаҳар жамоат транспорти соҳасида хусусий сектор улуши 2 баробарга оширилади.

Велосипедларни ижарага бериш ва улар учун махсус турар жойлар ташкил этилади ҳамда «ақлли чорраҳа», «ақлли автобус» ва «ақлли бекат» тизимлари жорий этилади.

Жамоат транспорти ҳаракат таркиби замонавий, экологик тоза автобуслар, жумладан электробуслар билан янгиланади.

«2023 йил 1 январдан „босиб ўтилган йўл“, „йўловчи оқими“ ва „сифат“ мезонлари бўйича молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади», — дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» 1 февраль куни Тошкентга Хитойнинг Yutong Bus компанияси томонидан ишлаб чиқарилган ZK6126BEVG русумли 20 та элекробуслари «Тошшаҳартрансхизмат» автопаркига олиб келингани ҳақида хабар қилган эди. Электробуслар билан биргаликда 10 та қувватлаш ускунаси ҳам олиб келинган.

Эслатиб ўтамиз, 19 январь куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини танқид қилганди. Унинг сўзларига кўра, бу кўрсаткич бор-йўғи — 21 фоизни ташкил қилади, тизимда қарийб 400 та автобус етишмайди.

Йўллар пиёда ва велосипедда юриш учун қулай эмас, бунинг оқибатида ЙТҲлар кўп содир бўлмоқда, дея таъкидланган эди президент иштирокидаги тақдимотда. Ўшанда Шавкат Мирзиёев янги автобус ҳамда электробуслар харид қилиш ва умуман, жамоат транспортидан фойдаланиш даражасини ҳозиргидан 2 баробар ошириш бўйича кўрсатма берганди.