Турли ижтимоий тармоқлар ва olx.uz сайтида арзон квартира ижарага бераман деб, фуқародан пул ўзлаштирганликда гумон қилинаётган шахс қўлга олинди, деб хабар берди ИИВ Киберхавфсизлик маркази.

Хабарга кўра, 17 январь куни Қашқадарё вилояти Нишон туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.И. Тошкент шаҳрида ижарага яшаш учун хонадон қидирганида, olx.uz сайти ва Telegram ижтимоий тармоғидаги бир нечта гуруҳларда айнан битта хонадон мавжудлигини кўради ва дарҳол ушбу эълон эгаси билан алоқага чиқади.

Эълон эгаси хонадон бир-икки кун ичида бўшашини, унгача аванс тариқасида банк пластик картасига 500 000 сўм ташлаб бериши кераклиги, акс ҳолда ушбу хонадонни бошқа кишига бериб юборишини айтади.

Ж.И. хонадондан ажралиб қолмаслик учун сўралган миқдордаги пул маблағини банк пластик картасига ўтказиб беради. Шундан сўнг у номаълум шахс билан бошқа боғлана олмайди ва алданганлигини тушуниб, ички ишлар органларига мурожаат қилади.

ИИВ ТҚҲБ Киберхавфсизлик маркази ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-техник тадбирлар натижасида мазкур жиноят Тошкент шаҳри Чилонзор туманида 1994 йилда туғилган Р.А. томонидан содир этилганлиги аниқланган.

Ҳозирги кунда Р.А нинг бошқа жиноятлари устида суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

ИИВ матбуот хизматининг «Газета.uz»га тақдим этган маълумотларига кўра, ўтган 2021 йилда компьютер техникаси орқали содир этилган фирибгарлик ҳолатлари сони 2700 дан ортиқни ташкил этган.