АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Ўзбекистонда ёшларни иш билан таъминлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 10 миллион долларлик янги беш йиллик дастурни ишга туширди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

«USAID Ўзбекистон ҳукуматини инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларида қўллаб-қувватлайди, ҳамда мамлакат ёшларини меҳнат бозорига муваффақиятли кириб келишида ўз ҳиссасини қўшиш имкони яратилганидан жуда мамнун», — деди USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит.

Халқаро таълим бўйича АҚШ кенгашлари томонидан амалга оширилаётган янги дастур 2022 йил январь ойида бошланган бўлиб, мактабнинг 8−11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлишига кўмаклашади. Дастур мактабда ва мактабдан ташқарида ўқувчиларни мактабни битирганларидан сўнг ишга муваффақиятли ўтишни таъминлашга қаратилган.

Дастурда қизлар ва ногиронларнинг бандликдаги ролини оширишга алоҳида эътибор қаратилади. Дастур шунингдек, хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ходимларининг дастурнинг ҳар бир босқичида иштирок этиши ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун салоҳиятини оширишга хизмат қилади, дейилади хабарда.

АҚШ кенгашлари ушбу ташаббуснинг барча жабҳаларида USAIDнинг таълим бўйича асосий ҳамкори ХТВ билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Шу билан бирга, дастурнинг мувафаққиятли амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий ташкилотлар жамоасини лойиҳага жалб қилади. Ёшлар меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасида глобал даражадаги тажрибага эга бўлган техник ҳамкор сифатида — «World Learning» Халқаро ташкилоти хизматларидан фойдаланилади.

Лойиҳанинг беш йили давомида Америка кенгашлари меҳнат бозорининг ўзига хос эҳтиёжларини тушуниш, натижаларни мониторинг қилиш ва уларни баҳолаш, аёллар ва қизлар ва ногиронлиги бор шахсларни меҳнат бозорига жалб этилишини таъминлаш учун маҳаллий экспертлар билан ишлайди. Бундан ташқари, маслаҳатчи, мураббий сифатида жалб этиладиган ва амалиёт ўташ жойларини таъминлайдиган компаниялар, хусусий сектор билан ишлашда давлат идораларига кўмаклашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ USAIDнинг агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси ҳунарманд аёллар (5−50 млн сўм миқдорида қўшма молиялаштириш) ва аёллар ҳунармандчилиги корхоналарининг (50−200 млн сўм) лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилинганди.