Ўзбекистон Тожикистондан 23 млн долларлик электр энергияси харид қилган. Бу ҳақда Тожикистон энергетика ва сув хўжалиги вазири Далер Жуманинг сўзларига таяниб, Spot нашри маълум қилди.

Қайд этилишича, 2021 йилда Тожикистон хорижга 2020 йилдагига нисбатан кўпроқ электр энергияси сотган. Мамлакат қарийб 2,5 млрдкВт/соат электр энергияси экспорт қилган. Бу 2020 йилга нисбатан 900 млн кВт/соатга кўпроқ, дея айтиб ўтди вазирлик раҳбари.

Экспортнинг асосий қисми Ўзбекистон ва Афғонистонга йўналтирилган. Жумладан, Афғонистон 1 миллиард кВт/соатдан ортиқ электр энергияси учун қарийб 55 млн доллар маблағ сарфлаган.

Шунингдек, Ўзбекистонга етказиб берилган электр энергияси даражаси 1 миллиард кВт/соатни ташкил қилган. Бунинг учун мамлакат 23 млн доллардан ортиқ пул сарфлаган.

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, Тожикистон электр энергияси ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширган.

2021 йилда ишлаб чиқарилган энергия ресурслари ҳажми 20 млрд кВт/соатдан ошди. Бу 2020 йилга нисбатан 4,3 фоизга кўпроқ ҳисобланади.

Таъкидланишича, Тожикистон давлат раҳбари мамлакатни энергетик қарамликдан халос қилиш зарурлигини эълон қилди. Бунинг учун 2030 йилга бориб Тожикистондаги станциялар қувватини 10 минг МВтгача ошириш мақсад қилинган.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тиклангани хабар берилган эди.