Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергиясини етказиб бериш қайта тикланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

25 январь куни Марказий Осиё электр тизимидаги йирик авария туфайли Ўзбекистондан Афғонистонга импорт қилинадиган электр энергияси узилиб қолгани ҳақида хабар берган эдик.

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» матбуот котибининг маълум қилишича, «экспорт ва импорт амалиётлари имзоланган шартномаларга мувофиқ, блэкаут оқибатлари бартараф этилганидан кейиноқ кунлик режа меъёрида тикланган».

Январь бошида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» ва DABS Тошкентда 2022 йилда Афғонистонга 2 млрд кВт⋅с электр энергияси етказиб беришни кўзда тутган битимни имзолаган эди. Келишувнинг умумий қиймати 100 млн долларни ташкил этди.

Эслатиб ўтамиз, 25 январь куни эрталаб Тошкент шаҳри ва Ўзбекистоннинг бошқа кўплаб вилоятларида электр таъминотида катта узилиш юз берди, бунинг натижасида метро, светофорлар, шунингдек, дўкон ва муассасалар фаолияти тўхтатилди.

Қозоғистоннинг KEGOC компанияси бошқаруви раиси ўринбосари Бакитхан Жазикбаев «Настоящее время»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги Сирдарё ИЭСда авария юз бергани, буни оқибатида станциянинг 4та энергоблоки ишдан чиққанини айтган эди. Бу Қозоғистон энергетика тизимидаги кучланишнинг ошишига олиб келганини айтди.

26 январь куни Ўзбекистон Энергетика вазирлиги бошқармаси бошлиғи Абдумалик Назиров Сирдарё ИЭСда носозлик юз берганини тасдиқлади: «1600 МВтлик катта қувват йўқотилди (ИЭСнинг умумий қуввати 3200 МВт — таҳр.). Аварияга қарши ҳимоянинг [ишга тушиб кетиши] натижасида бутун республика бўйлаб ишлаб чиқариш объектлари тизимдан узиб қўйилди.

Пайшанба куни қозоғистонлик электроэнергетика бўйича эксперт Петр Своик «Газета.uz»га берган интервьюсида авария Сирдарё ИЭСда содир бўлгани ҳақида гапирган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги жума куни бош вазир раислигидаги ҳукумат комиссияси юз берган ҳодиса сабабларини ўрганишда давом этаётганини хабар қилди. «Комиссия иши натижаларига кўра, маълумотлар расман эълон қилинади», — дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида 25 январь куни бошланган энергоинқироз ортидан электр энергия, ичимлик ва иссиқ сув ҳамда газ таъминотидаги узилишлар 28 январь кунига келиб тўлиқ қайта тикланди.