Ўзбекистонда электр энергияси ўчиши сабабли «Ўзбекнефтгаз» АЖ объектларида ҳам электр энергия кучланишида узилиш кузатилган. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотга кўра, «Ўзбекнефтгаз» тасарруфида Газли, Шўртан ва Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаларидаги 64 та конлар вақтинча фаолиятини тўхтатди, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси эса муқобил электр энергиси мавжудлиги сабабли ишламоқда.

Бундан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, 3 та газни қайта ишловчи завод (Муборак газни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси ва «Uzbekistan GTL») каби ишлаб чиқариш билан боғлиқ корхоналар фаолиятини тўхтатди. Электр энергия берилиши билан уларни иш режимига тушириш графиклари ишлаб чиқилди ҳамда вақтинчалик штаб ташкил этилгани айтилмоқда.

Компания таъкидлашича, иқтисодиёт тармоқлари ҳамда аҳолига суюлтирилган газ ва нефть маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш давом этмоқда, айни вақтда бу бўйича узилишлар мавжуд эмас.

14 та нефть базада ва Тошкент шаҳрида дизель ёқилғиси ва бензин маҳсулотлари тизимли етказиб берилаётганлиги ва 29 та мобил ёқилғи қуйиш шохобчалари иш фаолиятини бошлаганлиги таъкидланди.

«Бундан ташқари, нефть базаларга барча корхона ва ташкилотларга кечаги кунги ўртача биржа нархидан келиб чиқиб, бензин ва дизель ёқилғисини тўғридан-тўғри сотиш топшириғи берилди. Бугунги кунда 47 минг тонна бензин (20 кунлик), 144 минг тонна (4 ойлик) дизель ёқилғиси захираси мавжуд», — дейилади хабарда.

Шунингдек, дизель ёқилғисида узилишлар учраётган соғлиқни сақлаш муассаларига нефть базалар узлуксиз етказиб бериш чораларини кўрди.

«Ҳозирда, „Ўзбекнефтгаз“ АЖ, „Ҳудудий электр тармоқлари“ АЖ ҳамда „Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари“ АЖнинг тегишли мутахассислари ҳамкорлигида юзага келган ҳолатни бартараф этиш бўйича тезкор ишларни амалга оширилмоқда», — дея якунлади компания баёнотини.