Тошкент тез тиббий ёрдам станциясининг call-марказида тез тиббий ёрдам чақирувларини бемор аҳволининг оғирлигига қараб саралаш тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вазирлик маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус инфекцияси ва мавсумий хасталикларга чалиниш ҳолатлари ошиб бормоқда. Бу эса ўз навбатида, «Тез ёрдам» хизматига бўлаётган чақириқлар сони ва соҳа ходимларининг иш юкламаси ортишига сабаб бўлмоқда.

1−18 январь кунлари пойтахт «103» хизматига жами 78 771 та чақириқ келиб тушган. Шундан тана ҳароратининг кўтарилиши бўйича 23 335 та, коронавирусга гумон қилинган, касалликка чалинган ва бошқа юқумли касалликлар билан 2632 та мурожаат қайд этилган.

Cўнгги 5 кун ичида шаҳар «103» хизматига бўлаётган чақириқлар сони кескин ошиб, кунлик ўртача 5200−5300 тани ташкил қилмоқда. Ваҳоланки, январь ойи бошида бу рақам 3200−3400 тадан иборат эди.

«Кейинги кунларда „Тез ёрдам“ хизматига умумий чақириқлар сони ортгани сабабли шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси Call-марказига пойтахтнинг 12 туманида жойлашган марказий поликлиникалардан мутахассислар жалб этилиб, чақириқларни саралаш тизими йўлга қўйилган», — деди Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси call-маркази бўлим бошлиғи Насиба Маҳмудова.

Унинг сўзларига кўра, Эндиликда «103» хизматига мурожаат қилган беморнинг шикоятлари тингланиб, агар унинг аҳволи енгил бўлса, бириктирилган ходимлар чақириқни ўз ҳудуди бўйича оилавий поликлиникаларга йўналтиради. Шундан сўнг, мурожаат қилган беморга поликлиниканинг мобиль бригадалари томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилади.

«Оғир аҳволдаги беморлар эса „Тез ёрдам“ хизмати билан қамраб олинади. Бу эса „103“ хизмати фаолиятини яхшилаш, аҳолига тезкор, сифатли, энг асосийси, ишончли ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради», — дейилади хабарда.

Чақириқлар сони ортгани ва иш юкламаси кўпайиб бораётгани сабабли 19 январь куни шаҳар «103» хизмати тасарруфига ССВ томонидан қўшимча 40 та замонавий жиҳозланган тез тиббий ёрдам машинаси ҳайдовчилари билан бирга бириктириб берилди. Шунингдек, Call-марказ иш самарадорлигини ошириш учун 30 та янги оператор ўрни яратилди.

«Шу ўринда вазирлик аҳолидан ортиқча саросимага берилмасликни, агар коронавирус белгилари кузатилса, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга, пойтахтимиз аҳолиси эса Тошкент шаҳрининг 12 та туманида фаолияти йўлга қўйилган махсус COVID поликлиникаларига мурожаат қилишларини сўрайди», — дея баёнот берди ССВ.

Аввалроқ, Зангиота 1-сон юқумли касалликлар шифохонаси директори Анвар Ҳусанов 5 январдан кейин мурожаат қилган беморларнинг 90−95 фоизида ўпканинг зарарланиши кузатилмаётганини айтганди. У даволаниш муддати ўртача 5 кунни ташкил қилаётгани ва касаллик беморларда енгил кечаётганини маълум қилганди.