Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ таълими вазирликлари қорақалпоқ тилидаги «Alipbe» методик қўлланмаси муқовасида хато сўз қўлланилгани юзасидан муносабат билдирди. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда бу ҳақдаги маълумот тарқалган эди.

Кейинроқ Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Маълумотда айтилишича, ушбу масала бўйича мутахассислар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.

Қайд этилишича, 1-синф учун «Alipbe» дарслигини ўқитиш бўйича методик қўлланма (ўқитувчилар учун) Ш. Абдиназимов, Ж.Успанова, М.Тлеуова, Н.Сахиева ва Х.Абдижаббарова томонидан ёзилиб, 2021 йилнинг 16 декабрь санасидаЎзбекистон Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) ҳузуридаги Республика таълим марказига электрон тарзда топширилган.

Лекин методик қўлланманинг муқоваси муаллифларга кўрсатилмаган ва нашр этиш жараёнида улардан розилик олинмаган. Аслида эса, дарслик ва қўлланмалар нашрга топширилиш вақтида Қорақалпоғистон ХТВ ҳузуридаги Республика ўқув-методика маркази илмий-методик кенгашида кўриб чиқилиши ва нашриёт томонидан сўнгги (сигнал) нусхаси тасдиқлаш учун берилиши лозим.

«Colorpak нашриёти томонидан 1-синфлар учун «Alipbe» дарслигини ўқитиш бўйича услубий қўлланмасининг (ўқитувчилар учун) муқова вароғида «Әлипбе методикалық қолланба» («Alipbe» услубий қўлланма) сўзи ўрнига «Әлипбе усиликалық қолланба» («Alipbe» усуликалик қўлланма) сўзи билан 1056 донада босиб чиқарилган ва «Транспорт ва логистика хизмати» давлат унитар корхонасининг Қорақалпоғистон филиали томонидан туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларига тарқатилган.

Қорақалпоғистон ХТВ эълон қилишича, бугунги кунда хато билан босиб чиқарилган китоблар қайта йиғиб олиниб, услубий қўлланмаларнинг муқовасини алмаштириш режалаштирилган. Бундан ташқари, Вазирлик ҳузуридаги таълим марказининг мактаб дарсликларини, услубий қўлланмаларни ёзиш ва нашрга тайёрлаш ҳамда нашр этиш фаолияти бўйича хизмат текшируви олиб борилмоқда.

Ўзбекистон ХТВ матбуот хизмати раҳбари Лайло Рустамованинг «Газета.uz»га маълум қилишича, хатоликка пандемия шароитида аксарият дарсликларни ижодкорлари билан масофадан туриб ишлангани сабаб бўлган.

«„Alipbe“ дарслиги учун методик қўлланма муқовасида „Usilikaliq qollanba“ ёзувининг чоп этилиши бўйича ўрганиш ўтказилиб, қўлланма муқовасида хатолик кетгани, аммо унинг кириш варағида ҳамда қолган ўринларда тўғри, яъни „Metodikaliq qollanba“ тарзида берилгани аниқланди», — дейди Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов.

Кўрилган чоралар натижасида «Alipbe» дарслиги учун методик қўлланмалар хатоликни бартараф этиш мақсадида ўқитувчилардан қайтариб олинган. Бугунги кунда қўлланмадаги хатоликни тузатиш ишлари олиб борилмоқда. Қўлланманинг тузатилган талқини янги ўқув чорагига қадар ўқитувчиларга етказилиши таъминланади. Барча харажатлар масъул нашриёт томонидан қоплаб берилади.

«2021 йилнинг март ойида мазкур марказга хат билан мурожаат қилиниб, қорақалпоқ тилидаги янги авлод дарсликларини яратишда малакали муаллифлар, таржимон ҳамда муҳаррирларни жалб қилиш сўралган. 2021 йил мобайнида Марказ томонидан умумтаълим мактабларининг барча синфлари учун 326 номдаги ўқув-методик адабиётларнинг макетлари тайёрланди. Шулардан 61 номдагиси қорақалпоқ тилидаги ўқув адабиётларидир», — дейди Республика таълим маркази директори.

Ўзбекистон ХТВнинг таъкидлашича, «кўрилган тезкор чоралар натижасида 748 нусхадаги „Alipbe“ дарслиги учун методик қўлланма хатоликни бартараф қилиш мақсадида ўқитувчилардан қайтариб олинган». Бугунги кунда қўлланмадаги хатоликни тузатиш ишлари олиб борилмоқда. Қўлланманинг тузатилган талқини янги ўқув чорагига қадар ўқитувчиларга етказилиши таъминланади. Барча харажатлар масъул нашриёт томонидан қоплаб берилади.

Дарсликлар ва ўқув методик мажмуаларни чоп этиш ишлари қонунчиликда белгиланган тартибда тендер савдоларида ғолиб бўлган босмахоналар томонидан амалга оширилади. Очиқ тарзда ўтказиладиган бундай танловларда Қорақалпоғистонда қонуний фаолият олиб борувчи нашриётларнинг иштирок этишлари чекланмагани қўшимча қилинган.