Ўзбекистонда пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқаролар пенсиясига ҳар ойда пенсияни ҳисоблашнинг базавий 100 фоиз миқдорида ҳар ойнинг 15-санасига қадар қўшимча тўлов қилинади. Norma хабар беришича, бу бўйича тегишли низом тасдиқланган.

Бунда қўшимча пенсия:

  • 2015 йилнинг 1 майига қадар 100 ёшга тўлган ва ундан ошган фуқароларнинг пенсиясига 2015 йилнинг май ойидан бошлаб;
  • 2015 йилнинг 1 майидан кейин 100 ёшга тўладиган фуқароларнинг пенсиясига шахс 100 ёшга тўлган ойдан кейинги ойнинг 1-санасидан бошлаб ҳар ойда ариза тақдим этмасдан қўшиб тўланади.

Агарда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори (амалда 289 000 сўм) ўзгарадиган бўлса, қўшимча пул ҳам унга мутаносиб тарзда ўзгаради.

Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, 2022 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистонда 570 нафар 100 ёш ва ундан ошган пенсия ҳамда нафақа олувчи шахслар мавжуд. Шундан, 109 нафари эркак, 461 нафари эса аёл кишини ташкил этади.

Қўшимча тўлов Ўзбекистон фуқаролари, республикада доимий яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилади.

Фуқаро ўз вақтида талаб қилиб олмаган қўшимча тўловининг ҳисобланган суммаси ўтган вақт учун пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари оширилиши ҳисобга олинган ҳолда бирйўла тўланади. Бунда мурожаат қилишдан олдинги 12 ойдан ортиқ вақт ҳисобга олинмайди.

Шунингдек, фуқаро доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига кетишга қарор қилса, у Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиқиб, жўнаб кетишдан 6 ой аввал миллий валютада тўланади.

Бунда қўшимча тўлов тўланадиган 6 ойлик давр доимий яшаш учун Ўзбекистондан ташқарига кетишдан аввалги 6 ой учун қўшимча тўловни тўлаш аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади ва турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўланади.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга қўшимча тўлов яшаш гувоҳномаси ёки идентификация ID-картаси амал қиладиган муддат давомида тўланади.

Фуқаронинг вафоти муносабати билан олинмай қолган қўшимча тўловни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 63-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Унга кўра, вафот этганлик муносабати билан олинмай қолган пенсия пули мерос таркибига киритилмасдан боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиган шахслар доирасига кирувчи оила аъзоларига тўланади. Ота-онаси, эри (хотини), шунингдек пенсионер билан у вафот этган кунигача биргаликда яшаб турган оила аъзолари бу пулни, улар боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланадиганлар доирасига кирмаганлари тақдирида ҳам олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 октябрь ҳолатига 100 ёш ва ундан ошганлар 794 нафарни ташкил қилганди.