Шу кунларда қатор ОАВларда Қозоғистонда содир бўлган тартибсизликларда иштирок этишда гумон қилинаётган Ўзбекистон фуқаросининг 17 январь куни Туркистон вилояти (Қозоғистон) «Жибек жоли» ўтиш пунктида қўлга олинганлиги ҳақида хабарлар тарқалди.

«Ўзбекистон Республикасининг Олма-ота шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, қўлга олинган шахс Ўзбекистон фуқароси эмас», — дейилади ТИВ расмий вакилининг баёнотида.

«Жибек жоли» ўтиш пункти орқали Ўзбекистонга ўтишга уринган 1993 йилда туғилган фуқаро қўлга олингани ҳақидаги расмий хабар Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг веб-сайтида жойлаштирилган.

«Қўлга олинган шахснинг мобил телефонида Шимкентдаги тартибсизликлар жойидан суратга олинган видеоматериаллар мавжуд эди. Унинг орқасида эса ўқ изидан қолган жароҳат бор эди (тахминанларга кўра, резина ўқ изи)», — дейилади қўмита хабарида.

Бироқ ҳуқуқ-тартибот органи ҳисоботида ҳибсга олинган шахс бевосита Ўзбекистон фуқароси эканлиги қайд этилмаган.