Жиззах вилоятида қалбаки диплом савдоси билан шуғулланган шахслар қўлга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати.

Хусусан, тезкор тадбир давомида Пахтакор тумани Оқбулоқ маҳалласида яшовчи фуқарога харидор 400 АҚШ доллари миқдорида пул бериб, ундан олдиндан ваъда қилинган дипломни олаётган вақтда далилий ашёлар билан ушланган. Сотувчи дипломни ўзига олдиндан таниш бўлган тумандаги умумтаълим мактаби директоридан 300 долларга, у эса, ўз навбатида, худуддаги касб-ҳунар мактаби директори ўринбосари вазифасида ишловчи шахсдан 200 долларга сотиб олганлиги маълум бўлган.


Фото: ИИВ.

Олиб борилган терговга қадар текширув ишлари давомида Жиззах шаҳрининг Заргарлик маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро қалбаки диплом ва иловаларни тайёрлаб, унга муҳр ва имзолар билан ишлов бергани аниқланди. Ушбу шахснинг яшаш манзилидан эса принтер ҳамда компьютер ҳужжатлаштириб олинган.

Ҳозирги вақтда тўпланган ҳужжатлар юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.