7 январь куни Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев яна халққа мурожаат қилди.

«Террорчилар давлат ва хусусий мулкка зарар етказиш, фуқароларга қарши қурол ишлатишда давом этмоқда. Мен ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армияга огоҳлантиришсиз ўлдириш учун ўт очишни буюрдим», — деди давлат раҳбари.

«Хорижда томонларни муаммоларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар ўтказишга чақиришмоқда», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев. — Қандай бемаънилик! Жиноятчилар, қотиллар билан қандай музокаралар олиб бориш мумкин?"

«Ҳам маҳаллий, ҳам хорижлик қуролли ва тайёргарликда ўтказилган бандитлар билан курашишимизга тўғри келди. Айнан бандитлар ва террорчилар билан. Шунинг учун уларни йўқ қилиш керак ва бу яқин келажакда амалга оширилади. Ҳуқуқ-тартибот кучлари бу вазифани бажаришга маънавий ва техник жиҳатдан тайёр», — деди президент.

У Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти контингенти қисқа муддатга Қозоғистонга ҳимоя қилиш ва дастаклаш вазифаларини бажариш учун келганини эслатиб ўтди. Қозоғистон президенти КХШТга аъзо давлатлар раҳбарларига, хусусан, Россия президентига, шунингдек, ХХР раиси, Ўзбекистон ва Туркия президентларига, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарларига миннатдорлик билдирди.

«Демократия — бу бошбошдоқлик ва айниқса ноқонуний ҳаракатларга гижгижлаш дегани эмас, — дея таъкидлади Қосим-Жомарт Тоқаев. — Олмаота ва Қозоғистоннинг бошқа шаҳарлари фожиаси кўрсатганидек, айнан қонунларга риоя қилмаслик, бошбошдоқлик, анархия инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади. Олмаотада бандитлар ва террорчилар қўлидан нафақат маъмурий бинолар, балки тинч аҳолининг шахсий мулки ҳам зарар кўрди, юзлаб тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларнинг саломатлиги ва ҳаёти ҳақида гапирмаса ҳам бўлади».

Қозоғистон президенти мамлакат қонунчилигида митинглар ўтказиш учун рухсат бериш эмас, балки хабардор қилиш тартиби назарда тутилганини эслатди. Бироқ, унинг таъкидлашича, баъзи ўзини ҳуқуқ ҳимоячилари ва фаоллар деб атайдиганлар «ўзларини қонундан устун қўйишади ва улар хоҳлаган вақтда йиғилиш ва хоҳлаганча суҳбатлашиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайдилар».

«Шу каби фаолларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари туфайли полиция асосий вазифаси — қонун ва тартибни ҳимоя қилишдан чалғитмоқда. Улар тез-тез зўравонлик ва ҳақоратларга дучор бўлишмоқда. Шу каби фаоллар туфайли, таъбир жоиз бўлса, интернет қисқармоқда, бунинг оқибатида миллионлаб фуқаролар ва маҳаллий бизнес манфаатлари зарар кўрмоқда», — деди давлат раҳбари.

«Халқимизнинг туб манфаатларидан узоқда бўлган эркин деб аталмиш оммавий ахборот воситалари ва хориждаги арбоблар ҳуқуқ-тартиботни бузишда ёрдамчи ва аслида рағбатлантирувчи рол ўйнамоқда», — деб таъкидлади Қосим-Жомарт Тоқаев.

«Биз ҳуқуқий вандализмнинг барча актларига қаттиқ жавоб берамиз. Мен бандитлар ва террорчиларни қидириб, ҳибсга оладиган махсус идоралараро гуруҳ туздим. Фуқароларимизга ваъда бераманки, бу шахсларнинг барчаси энг қатъий жиноий жавобгарликка тортилади», — деди президент.

Давлат раҳбари ҳукумат ҳуқуқ-тартибот идоралари ва армия ҳаракатлари муносабати билан муҳокамалар ўтказилишини таъкидлади. «Шунингдек, махсус кучлар, махсус воситалар ва техника етарли эмаслиги маълум бўлди. Биз бу масалаларни зудлик билан ҳал қиламиз», — деди у.

«Давлат нега жангариларнинг „ухлаб ётган“ ячейкаларини яширин тайёргарликдан ўтказилишига бефарқ қолганини тушуниш жуда муҳим, — деди Қозоғистон раҳбари. — Олмаотанинг ўзига 20 минг бандит ҳужум қилди. Уларнинг акциялари қарийб барча ҳудудларда ҳарбий, маъмурий ва ижтимоий объектларга ҳужум қилишнинг аниқ режаси, мувофиқлаштирилган ўзаро уйғун ҳаракатлар, юқори жанговар тайёргарлик ва ваҳший шафқатсизлик мавжудлигини кўрсатди».

Жангарилардан ташқари, дезинформация ёки сохта маълумотлардан фойдаланган ҳолда мафкуравий саботаж бўйича ўқитилган ва одамларнинг кайфиятини бошқаришга қодир мутахассислар ҳам борлигини айтди.

«Афтидан, битта қўмондонлик пункти уларни тайёрлаш ва бошқариш билан шуғулланган. Бу билан Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Бош прокуратура шуғуллана бошлади», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Давлат раҳбари, шунингдек, вазият барқарорлашиши муносабати билан «мамлакатнинг айрим ҳудудларида маълум муддатга» интернетни ёқишга қарор қилганини айтди.

«Аммо мен сизни огоҳлантираманки, интернетга эркин кириш уйдирмаларни, туҳматларни, ҳақоратларни, гижгижловчи чақириқларни бемалол жойлаштиришни англатмайди. Агар шундай материаллар пайдо бўлса, уларнинг муаллифларини аниқлаш ва жазолаш чораларини кўрамиз», — деди президент.

«Террорга қарши операция давом этмоқда. Жангарилар қуролларини қўйгани йўқ, жиноят содир этишда ёки уларга ҳозирлик кўришда давом этмоқдалар. Уларга қарши кураш якунланиши керак. Таслим бўлмаганлар йўқ қилинади», — деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Президент олдинда фожиадан сабоқ олиш, жумладан, ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан ҳам кўп ишлар турганини таъкидлаб, 11 январь куни Мажлисда эълон қилишни режалаштираётган ҳукуматнинг янги қарорларини маълум қилди.

«Ҳозир, азиз ватандошлар, сизлар билан фахрланишимни айтмоқчиман. Шу кунларда осойишталикни сақлаб, барқарорлик ва жамоат тартибини таъминлашга ҳаракат қилган Қозоғистон фуқароларига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Провокацияларга, бузғунчи чақириқларга қарамай, сиз қонунга, ўз юртингизга содиқ қолдингиз», — деди давлат раҳбари. Президент намойишлар тинч ўтган вилоятлар аҳолисига ҳам миннатдорчилик билдирди.

«Биз тинч йўл билан айтилган барча талабларни эшитдик. Мулоқот натижасида муросага эришилди, ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этиш йўллари ишлаб чиқилди. Шу боис барқарор вазият сақланиб қолган ҳудудларда фавқулодда ҳолат тартибини босқичма-босқич олиб ташлаймиз», — деди у якунида.