Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати 2017−2020 йиллардаги мактабгача таълим тизими фаолиятига оид статистик маълумотларни эълон қилди.

Унга мувофиқ, республикада 2020 йил якунига кўра, жами 18 254 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият юритиб келмоқда. Шундан, 6 197 таси — давлат ташкилоти, 10 244 таси — оилавий шаклдаги боғча, яна 788 таси — давлат-хусусий шерикчилиги асосида фаолият юритса, қолган 1 025 таси — хусусий ҳисобланади.

Жами 2,7 млн боғча ёшидаги боладан — 1 699 566 нафари (60,9 фоиз) мактабгача таълим билан қамраб олинган. Ушбу кўрсаткич 2017 йилда — 708 247 нафар (27,7 фоиз), 2018 йилда — 932 310 нафар (37,7 фоиз), 2019 йилда — 1 413 290 нафарни (52,3 фоизни) ташкил этган.

Болалар билан давлат ва нодавлат ташкилотларда умумий ҳисобда — 116 996 нaфaр тарбиячи, шундан 36 990 нaфaри (31,6 фоиз) oлий мaълумoтли ва 80 006 нaфaри (68,4 фоиз) ўртa мaxсус мaълумoтли педагог шуғулланади.

Маълумот ўрнида, давлат раҳбари 29 декабрдаги парламентга йўллаган мурожаатномасида болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 4 йил давомида 2 баробар ортгани, боғчалар сони эса 3 баробарга кўпайганини маълум қилган эди.

Бундан ташқари, президент 2021 йил якунида мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йилда эса 75 фоизга етказиш лозимлигини айтган эди. Бюджетдан 600 млрд сўм субсидия бериш ҳисобидан қўшимча 2 мингта нодавлат боғча ташкил этилиши ва хусусий сектор улуши 25 фоизга етказилиши таъкидланганди.

2021 йилда мактабга тайёрлашнинг бепул тизими билан 560 минг нафар 6 ёшли болалар (уларнинг 82 фоизи) қамраб олиниши кутилмоқда. Қолаверса, ЮНИСEФ ва Жаҳон банки ҳамкорлигида имконияти чекланган болалар учун мактабгача таълимни уйда бериш модели ҳам йўлга қўйилиши маълум қилинган.