30 декабрь куни Namanganliklar.uz Telegram каналида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг ниқоб тақиш мажбурияти бекор қилинганини айтган видеоси эълон қилинди.

Видеода ЙПХ ходими нима учун ниқоб тақмасдан юрганлиги бўйича берилган саволга «маска „отмен“ бўлган, 1 ноябрдан отмен бўлган», дея жавоб берган.

«Газета.uz» ушбу ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсовдан изоҳ сўради.

Унинг маълум қилишича, тиббий ниқобни тақиш мажбурияти Коронавирусга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси томонидан бекор қилинмаган.

«Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади», — деди ИИВ матбуот котиби.

ИИВ ЙҲХББ маълум қилишича, ушбу воқеа 30 декабрь куни соат 10:30 ларда Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани ҳудудидан ўтувчи А-373 автомобиль йўлининг 143-километрида содир бўлган. Унда ЙПХ ходими И.Хусанов Lacetti ҳайдовчисини тўхтатган ва тиббий ниқоб тақмаганлиги бўйича эътироз билдирилганда, ходим тиббий ниқоб тақиш мажбурийлиги бекор қилинганлигини таъкидлаб, фуқарога нотўғри маълумот етказган, дейилади хабарда.

Тошкент вилояти ИИББ ЙПХ ходими И.Хусановга нисбатан хизмат текшируви ўтказмоқда.

2020 йил 23 мартдан бошлаб жамоат жойларида ҳимоя воситаларисиз (ниқоб) бўлиш тақиқланган. 25 мартдан бошлаб ушбу қоидани бузганларга нисбатан жарима қўлланилади, унинг миқдори БҲМнинг 5 бараваригача оширилган эди.