Ўзбекистонлик шахматчи 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 28 декабрь куни Варшавада бўлиб ўтган тезкор шахмат (рапид) бўйича жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, мусобақа тарихида энг ёш чемпион бўлди. Россиялик шахматчи Ян Непомняший устидан тай-брейкдаги ғалабасидан сўнг у матбуот анжуманида қатнашди.

Унинг сўзларига кўра, у тай-брейкда ўйнашини кутмаган, лекин бунга тайёр бўлган.

«Мен учун энг муҳими партияни ютқазмаслик эди, ва мен буни уддаладим, — дейди ёш гроссмейстер. — Бугун бошқа ўйнашим керакмаслигини ҳис қилиш жуда ажойиб эди. Мен жуда чарчадим, лекин олдинда яна бир мусобақа бор (блиц бўйича жаҳон чемпионати — таҳр.), шунинг учун ҳозир бўшашадиган вақт эмас».

Нодирбек Абдусатторов мусобақанинг 13-туридаги рақиби польшалик 23 ёшли Ян-Кшиштоф Дуда билан партия ҳақида ҳам фикр билдирди.

«Бу жуда ҳам қийин партия эди, чунки мен дебют вақтида жуда оғриқли ўйнадим, кейин позициям ёмонлашди. Қандайдир мўжиза сабабли мен ўйинни ушлаб қолишга эришдим. Менга омад кулиб боқди, лекин омадсиз бу мусобақада ғалаба қозониш жуда мушкул», — дея ўйинни таърифлади шахматчи.

Ўзбекистонлик шахматчи Ян Непомняший билан ўйинга ҳам тўхталди.

«У бизнинг рапиддаги ўйинимиздан кейин (4-турда рақиблар дуранг ўйнашган — таҳр.) яхши тайёргарлик кўрди, биз қайсидир маънода ўхшаш дебютларни такрорладик. Лекин у позицияда қоралар билан ўйнаш осонроқ эди», — деди у.

Шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони Магнус Карлсен тай-брейкка мусобақа жадвалидаги биринчи иккита шахматчи ўтиши ҳақидаги қоидани «аҳмоқона» деб атаган эди, чунки тўртта шахматчида ҳам 9,5 дан очко бор эди. Норвегиялик шахматчининг ўзи 3-ўринда қолди.

«Бу аҳмоқона қоида, — дея Карлсеннинг сўзларини келтиради Норвегиянинг NRK телеканали. Каналнинг фикрига кўра, тай-брейкка бир хил очкоси бўлган барча шахматчилар ўтиши керак. — Бундай тарзда ўйнаш имкониятини йўқотиш жуда қайғули. Ўйинчилар жуда ёмон тизим ҳақида гапирмасликлари керак. Ўз томонимдан айтишим мумкинки, адолатлилик ҳиссига путур етказмайдиган ҳар қандай тай-брейк тизими тўғри келади».


Нодирбек Абдусатторов Магнус Карлсен билан партия давомида. Фото: R. Oleksiewicz.

Журналистлар Нодирбек Абдусатторовдан ушбу қоидага муносабат билдиришини сўрашди. Нодирбек Абдусатторов бу унинг қарори эмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, ўзининг тай-брейкка ўтишини «Менга омад кулиб боқди», дея изоҳлади.

Журналистлардан бири Нодирбек Абдусатторовдан «Ўзингизни 1992 йил Маниладаги шахмат олимпиадасида „кумуш“ медални қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси ва 2004 йил FIDE жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Рустам Қосимжоновларнинг меросхўри деб ҳис қиласизми» дея сўради.

«Йўқ, ўзимни бундай муваффақиятлар билан таққослашга ҳали эрта. Лекин ўйлашимча, келажакда бу ҳақда жиддий фикр юритса бўлади», — деди у.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, МДҲнинг норасмий саммити бўлиб ўтган Санкт-Петербургдан Тошкентга қайтаётган самолётда президент Шавкат Мирзиёев ва бутун делегация тезкор шахмат бўйича жаҳон чемпионатида Нодирбек Абдусатторовнинг иштирокини катта қизиқиш билан онлайн кузатиб борган.

«Давлатимиз раҳбари шахматнинг рапид йўналиши бўйича янги ва энг ёш жаҳон чемпионига ўзининг энг самимий табрикларини йўлламоқда ҳамда унинг ота-онаси ва мураббийларига миннатдорлик билдирмоқда. Баракалла!», — деб ёзади Асадов.

Рапид бўйича жаҳон чемпионатидаги иштирокидан олдин Нодирбек Абдусатторов Elllobregat Open очиқ шахмат турнири ва Испаниядаги Sunway Sitges халқаро шахмат фестивалида ғалаба қозонди.

Чемпионлик йўлида Нодирбек Абдусатторов Магнус Карлсен, Ян Непомняший, Фабиано Каруан, Левон Аронян ва бошқа турнир фаворитлари устидан ғалаб қозонди. Мусобақада ғолиб бўлганлиги учун Нодирбек 60 минг доллар пул мукофоти олади.

Мусобақада Ўзбекистон терма жамоасининг бошқа вакиллари ҳам иштирок этишди. 26 ёшли Жаҳонгир Воҳидов 7 очко билан 71 ўринда, 16 ёшли Жавоҳир Синдоров 6,5 очко билан 93 ўринда, Шамсиддин Воҳидов 6,5 очко билан 103 ўринда.

Нодирбек Абдусатторов — Ўзбекистонлик гроссмейстер, шахмат тарихидаги энг ёш гроссмейстерлардан бири. 2012 йилда 8 ёшгача бўлганлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. 2 йилдан сўнг, 9 ёшида, Агзамов мемориалида иккита гроссмейстерлар Андрей Жигалко ва Рустам Хуснутдиновларни ютган. 2015 йил апрелида 11 ёшида дунёнинг 100 та топ юниорлари рўйхатига кириш бўйича рекорд ўрнатган.