Яккасарой туманидаги қурилиш биносида ўқув машғулотларига мўлжалланган ўқ-дорилар топилгани акс этган видеоларга ИИББ изоҳ берди.

Қурилаётган объектдан топилган иккита артиллерия аслаҳаси бўйича 27 декабрь куни 102 рақамига 26 ёшли Қашқадарё вилоятилик Шуҳрат Т. дан хабар келиб тушган.

Унинг сўзларига кўра, Шуҳрат Т. таниши 29 ёшли Алиакбар М. билан биргаликда Яккасарой туманида қурилаётган объектга борган. У ҳудудда шубҳали, артиллерия аслаҳаларига ўхшаш занглаган буюмлар топган. Шундан сўнг тезкор хизматларга хабар берган.

Хабар қилинган манзилга Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ИИВнинг махсус мутахассислари билан биргаликда етиб борган.

Текширув ўтказилгач, топилган буюмлар ўқув машғулотлари давомида фойдаланишга мўлжалланган иккита 115 ммлик ўқув снаряди ва иккита 82 ммлик ўқув миномёти эканлиги маълум бўлган.

Мазкур ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.