Францияда бир суткада 180 мингга яқин коронавирусга чалиниш ҳолатлари қайд этилди

28 декабрь куни Франция Миллий соғлиқни сақлаш агентлиги мамлакатда сўнгги 24 соат ичида 179 807 киши COVID-19 билан касалланганлигини эълон қилди. Бу Францияда пандемия бошланган кундан бери мутлақ рекорд ҳисобланади. Бу ҳақда Интерфакс хабар берди.

Соғлиқни сақлаш вазири Оливье Веран ўтган ҳафта мамлакатда кунлик коронавирус инфекциялари сони Рождество ва Янги йил байрамлари охирида 100 мингга етишини айтган. Бироқ сўнгги маълумотлар ушбу прогноздан анча юқори ва 25 декабрь куни ҳам кунига 104 мингдан ортиқ киши коронавирус инфекциясига чалинган.


Япония «соғлом узоқ умр кўриш» бўйича жаҳон рекордини ўрнатди

Япония «соғлом узоқ умр кўриш» — кекса одамлар ҳеч қандай ёрдамсиз ўзини эплай оладиган ва парваришга муҳтож бўлмаган ёш бўйича жаҳон рекордини ўрнатди, дея хабар берди РИА Новости.

«Японияда эркаклар ва аёллар учун соғлом узоқ умр кўриш ёши дунёдаги энг юқори ёшга айланди», — дейилади вазирлик баёнотида. Ушбу кўрсаткич аёллар учун 75,5 ёш, эркаклар учун 72,6 ёшни ташкил қилган. 2016 йилги маълумотларга нисбатан ўсиш аёллар учун 0,59 йил ва эркаклар учун 0,54 йилни ташкил этди. 2001 йилга нисбатан «соғлом узоқ умр кўриш» ёши аёлларда 2,73 ёшга, эркакларда 3,28 ёшга ошган.


АҚШ Украина билан боғлиқ вазият туфайли самолёт ташувчи кемасини Ўртаер денгизида қолдирди

АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Украина атрофидаги кескинлик давом этаётган бир пайтда «Гарри Труман» авиаташувчи кемасини Ўртаер денгизида қолдириб, унинг Яқин Шарққа кўчирилишини кейинга кечиктиришга буюрди. Бу ҳақда РИА Новости хабар берди.

«Мудофаа вазири „Гарри Труман“ самолёт ташувчиси зарба бериш гуруҳига дастлаб режалаштирилганидек, АҚШ Марказий қўмондонликнинг масъулият зонасига ўтиш ўрнига, Европа қўмондонлигининг жавобгарлик ҳудудида қолишни буюрди», — дейилади хабарда.


Африкада COVID-19 оқибатида ўлимлар сони 72 фоизга ортди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) ҳафталик эпидемиологик бюллетенига кўра, Африкада COVID-19 таъсиридан ўлим ўтган ҳафтага нисбатан 72 фоизга ошди. Бутун дунё бўйлаб коронавирусдан 44,6 мингга яқин ўлим қайд этилган — Коммерсантъ.

Дунё миқёсида коронавирус инфекцияси таъсиридан ўлим даражаси ўтган ҳафтага нисбатан 4 фоизга камайди. Бу кўрсаткич Жануби-Шарқий Осиёда 9 фоизга ва Америка қитъасида 7 фоизга ўсди — Интерфакс.


Қозоғистон ўлим жазосини бутунлай бекор қилди

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Токаев ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни маъқуллади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб РИА Новости хабар берди.

Токаев шу йилнинг 2 январь куни фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган иккинчи факультатив протоколини ратификация қилиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Кейин Қозоғистон ҳарбий характердаги оғир жиноятларни содир этганлик учун уруш даврида ўлим жазосини қўллаш ҳуқуқини сақлаб қолган ҳолда баённомани шартли равишда ратификация қилди.

Ноябрь ойида Токаев республика ўлим жазосини ҳарбий жиноятлар учун қўллаш эҳтимоли ҳақида ҳеч қандай изоҳларсиз бекор қилиши керак, деган фикрни билдирган эди. Имзоланган қонун билан жиноят, жиноят-процессуал, жиноят кодекслари ва бир қатор қонунларга ўзгартишлар киритилди. Жиноят кодексида «ўлим жазоси» моддаси истисно тариқасида жазо чораси сифатида бутунлай чиқариб ташланди.


Қозоғистонда 5 январдан бошлаб «омикрон» штамми сабабли айрим чекловлар жорий этилади

Zakon.kz нашрининг Қозоғистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича идоралараро комиссиясига таяниб хабар беришича, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавируснинг тарқалишини олдини олиш учун қўшимча чораларни кўриш таклифини киритган. Унга кўра, 2022 йилнинг 5 январидан бошлаб Кўнгилочар савдо марказлари, савдо уйлари ва караокеларга кириш фақат «яшил» статуси бор шахслар учун рухсат этилади.

Комиссиянинг таъкидлашича, агар Қозоғистон худудида «омикрон» штамми аниқланса ва вазият оғирлашса, худди шундай чекловлар банклар, Казпочта, халққа хизмат кўрсатиш марказлари, спорт-соғломлаштириш марказлари, СПА салонлар, бассейнлар ва бошқаларга ҳам тадбиқ этилади.

Маълумот учун, Қозоғистонда фуқаролар «яшил» (хавфсиз), «кўк» (нейтрал), «сариқ» (контактда бўлган) ва қизил «зарарланган» статуслари билан таснифланади.