«Толибон» Афғонистон университетлари маблағ етишмаслиги сабабли ёпиқлигича қолишини маълум қилди

Афғонистондаги олий таълим муассасалари иқтисодий инқироз туфайли ёпиқлигича қолмоқда. Бу ҳақда 27 декабрь куни ТАСС хабар берди.

«Университетларни очиш учун кўпроқ вақт керак бўлади. Кадрлар тайёрлаш бошланишидан олдин университетларни молиялаштириш, қизлар учун махсус ўқув хоналари очиш ва улар учун ўқитувчиларни жалб қилиш масалаларини ҳал қилиш керак», — дея таъкидлаган «Толибон» томонидан тайинланган олий таълим вазири Абдул Боқий Ҳаққоний.

Вазирнинг сўзларига кўра, Афғонистонда таълим жараёни жинсга боғлиқ бўлади: ўғил бола талабаларга эркак ўқитувчилар, қиз талабаларга эса аёл ўқитувчилар дарс беради. Қизлар ва йигитлар алоҳида ўқийди. Шу билан бирга, вазир биринчи навбатда коронавирус пандемияси, сўнгра Афғонистондаги ҳукумат ўзгариши сабабли таълим соҳаси энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири эканини тан олди.

Шунингдек, Афғонистон ҳукумати ҳайдовчиларга машинада мусиқа ёқмаслик, шунингдек, аёлларни ҳижобсиз олиб юрмаслик ҳақида ёзма кўрсатма берди. Бундан ташқари, аёлларни узоқ масофага ҳамроҳсиз олиб юриш ҳам тақиқланади.


Ҳиндистон январь ойидан 15 ёшдан ошган ўсмирларни эмлашни бошлайди

Ҳиндистонда 3 январдан бошлаб 15 ёшдан ошган ўсмирлар коронавирусга қарши эмлаш имкониятига эга бўлади, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Нарендра Моди. Мамлакатда 10 январдан хавф гуруҳидаги одамларга ревакцинация қилишга рухсат берилади. Вакцинанинг кучайтирувчи дозаси тиббиёт ходимлари ва қариялар учун мавжуд бўлади.

«3 январдан бошлаб 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар эмлаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу бизга мактабга бораётган фарзандларимизни ҳимоя қилишда ёрдам беради ва уларнинг ота-оналарига ҳам ёрдам беради», — деди бош вазир. Шунингдек, Нарендра Моди тез орада Ҳиндистонда бурун орқали коронавирусга қарши вакцина ва дунёдаги биринчи ДНК вакцинаси тақдим этилишини айтди — Коммперсантъ.


Ямандаги исёнчилар Саудия Арабистонига 400 дан ортиқ ракеталар учирди

Яманнинг «Ансор Аллоҳ» исёнчи ҳаракати (ҳутилар) тарафдорлари Саудия Арабистони томон 400 дан ортиқ баллистик ракета отди. Бу ҳақда 26 декабрь куни Ар-Риёд бошчилигидаги араб коалицияси қўмондонлигининг расмий вакили полковник Турки ал-Маликийга таяниб ТАСС хабар берди.

«Ҳутилар қироллик ҳудудига 430 та баллистик ракета учирди», — деди ал-Маликий. Унинг қўшимча қилишича, ҳутилар Саудия Арабистонига ҳаво ҳужумларида 850 дан ортиқ учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган. Ал-Маликийнинг сўзларига кўра, исёнчилар «Ансор Аллоҳ» назорати остидаги Сано шаҳридаги халқаро аэропортдан ракеталар ва миналанган учувчисиз самолётларни учириш учун фойдаланади.

Бундан ташқари, араб коалицияси вакили таъкидлаганидек, Яман ҳаракати тарафдорлари Қизил денгиздаги объектларга портловчи моддалар билан тўлдирилган 100 га яқин қайиқларни жўнатган. «Уларнинг барчаси коалиция кучлари томонидан йўқ қилинган», — деди ал-Маликий.


Таиланд пойтахтида янги йил тадбирлари коронавирус сабабли бекор қилинди

Бангкок ҳукумати коронавирус тарқалишига қарши кураш доирасида барча оммавий Янги йил байрамларини бекор қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Интерфакс хабар берди.

Хабарда таъкидланишича, хусусий ташкилотларга байрам тадбирларини ўтказишга рухсат берилган. Бироқ фақат бир қатор қатъий чоралар, хусусан, карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда байрамни нишонлаш мумкин. Бундай тадбирлар иштирокчилари, шунингдек, 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда ўтказилган COVID-19'га қарши салбий тестни тақдим этишлари керак.

Таиландда Янги йил арафасида 2,5 мингта янги коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати аниқланди, 22 киши COVID-19 оқибатларидан вафот этди. Пандемия бошланганидан бери мамлакатда 2,1 миллиондан ортиқ фуқароларда коронавирус ҳолати қайд этилган.


Бразилияда икки тўғон ёрилиши оқибатида бир неча шаҳарларда сув тошқинлари кузатилди

Бразилияда бир неча ҳафта давом этган кучли ёмғир аллақачон тўла бошлаган дарёлардаги сув сатҳининг кўтарилишига сабаб бўлди. Оқибатда Баия штатидаги иккита тўғон ёрилиб, атрофдаги шаҳарларни сув босди. Бу ҳақда BBC хабар берди.

Итабуна шаҳрида аҳоли қўшниларга озиқ-овқат етказиб бериш учун соллар ва каноэлардан фойдаланмоқда. Ноябрь ойи бошидан бери Баияда тошқинлар камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлди. Минглаб одамлар сув тошқини кутилаётган 67 шаҳарларнинг баъзиларидан кўчирилди.