Қашқадарё вилоятида GTL (gas to liquid) технологияси асосида сунъий ёқилғи ишлаб чиқариш заводини август ойида ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги маълуомтлар «Ўзбекнефтгаз» компаниясининг халқаро саноат кўргазмасидаги стендига тақдим этилди.

Холдинг маълумотларига кўра, апрелда заводда газни синтез қилиш ускунаси, май ойида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ускунаси, июнда — ҳавони ажратиш қурилмаси ишга туширилади, августда эса маҳсулотларни ишлаб чиқариш бошланади.

«Ўзбекнефтгаз» вакили заводдаги ишлаб чиқаришни бошлаш муддатлари COVID-19 коронавируси пандемияси сабабли ўзгарганини таъкидлади.

Кўргазмага тақдим этилган «Ўзбекнефтгаз» маълумотларига кўра, заводда йилига 3,6 млрд куб метр газ қайта ишланиб, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 307 минг тонна авиакеросин, 437 минг тонна нафть (нефтни ҳайдашдан олинадиган модда) ва 53 минг тонна сиқилган газ ишлаб чиқарилади.

Заводнинг технологик қисми Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering & Construction компанияси томонидан барпо этилган бўлса, Жанубий Африканинг Sasol компанияси маҳсулотлар лицензиари, Даниянинг Haldor Topsoe компанияси эса синтез газ ишлаб чиқариш технологияларининг етказиб берувчиси саналади. Лойиҳанинг умумий қиймати 3,6 млрд долларни ташкил этиб, унинг 1,3 млрд доллари «Ўзбекнефтгаз»нинг шахсий ресурслари, 2,3 млрд доллари эса «Газпромбанк», «Росэксимбанк» ва Россия экспорт кредитлари суғуртаси агентлигини ўз ичига олган халқаро молиявий консорциум маблағлари ҳисобланади.