Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни ерларни ҳисобга олиш ва давлат кадастрларини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

«Агар ростини айтсак, Ўзбекистонда 30 йилдан бери ернинг ҳисоби бўлмаган. Масъулият ҳам йўқ, жавобгарлик ҳам йўқ. Парламент ҳам қарамаган, ҳеч ким қарамаган. Ҳеч ким назорат қилмаган», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев «ер масаласида коррупция ҳолатлари кўплигини» таъкидлади. «Қонун қабул қилдик, лекин прокуратура бу қонундан фойдаланмаяпти, фойдалана олмаяпти», — деди у.

«Менда кўплаб ҳокимларнинг: „Ҳозирча инвентаризация ўтказмай туринг, олти ой“, деган ёзувлари бор», — деди президент.

Унинг сўзларига кўра, 30 минг фермер ва деҳқонларга ажратилган ер участкалари майдони ҳужжатга нисбатан 67 минг гектарга кўплиги аниқланган. «Ҳаммаси порахўрлик. Ҳеч ким бир гектар, бир сотих ерни бекорга бермайди», — деди у.

Йиғилишда йўл, электр, газ таъминоти, сув хўжалиги, ободонлаштириш объектлари, кўп қаватли уйларга туташ ҳудудлар кадастрида ҳам кўплаб муаммолар мавжудлиги таъкидланди.

«Ҳоким ва прокурорлар, бунинг орқасида аниқ пора ва коррупция турибди, — деди президент. — Ана шуни бош прокурор ҳам, ёқадими, ёқмайдими, ҳаммага айтиши керак. Пора турибди. Бизда Конституция бўйича коррупцияга қарши [курашиш] прокуратуранинг энг катта бурчидир. Бу уларнинг конституциявий бурчи».

Ниғматилла Йўлдошев (ўнгда). Фото: президент матбуот хизмати.

Президент бош прокурор Ниғматулла Йўлдошевга мурожаат қилди (видео).

«Ўртоқ Йўлдошев шуни ҳаммага қаттиқ айтиши керак. Буни орқасида пора турибди, коррупция турибди. Фақат мажлис ўтказиш эмас, жиноий жавобгарлик [ка тортиш керак]. Катта-катта ҳокимларни жиноий жавобгарликка тортсангиз, мен сизни хурмат қилишни бошлайман», — деди давлат раҳбари.