Барча демократик давлатларга хос равишда Ўзбекистонда ҳам ҳокимият учга: қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятига бўлинади. Хўш, Ўзбекистонда ҳокимият тармоқларидаги раҳбарлар кимлар, уларнинг мутахассислиги қандай ва улар қайси таълим муассасасини тугатишган?

Ушбу мақолада учта ҳокимият тармоқларидаги 61 нафар юқори лавозимдаги раҳбарлар ҳақидаги баъзи маълумотлар тўпланган.

Маълумотларга кўра, 61 нафар раҳбардан 16 таси Тошкент шаҳрида туғилган. Шунингдек 9 таси Қорақолпоғистон Республикасида (улардан 6 таси Қорақолпоғистон Вазирлар Кенгаши Раиси ва ўринбосарлари), 7 таси Тошкент, 6 таси Наманган, 5 таси Самарқанд, 4 таси Фарғона, 3 таси Қашқадарё, 3 таси Хоразм, 2 таси Андижон, 2 таси Бухоро, 2 таси Жиззах ва яна 2 таси Сурхондарё вилоятларида туғилган.




Раҳбарларни тарбиялаш бўйича Тошкент давлат иқтисодиёт университети кичик фарқ билан Миллий универститетдан олдинда. Кейинги ўринларда Тошкент давлат техника университети ва бошқалар жойлашган.

Ўзбекистоннинг уч ҳокимиятидаги раҳбарларнинг ўртача ёши 53 ёшни ташкил этади. Ўрта ёши энг юқори бўлган тизим парламент ҳисобланади — 58 ёш. Кейинги ўринларда Олий суд — 54 ёш, ҳокимиятлар — 52 ёш ва Вазирлар Маҳкамаси — 51,5 ёш. Энг ёш ва катта амалдорлар орасидаги фарқ — 34 ёш (Халқ таълим вазири Бахтиёр Саидов — 40 ёш, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов — 74 ёш).

1.Қонунчилик ҳокимияти

Сенат

Танзила Нарбаева — 1957 йилда туғилган (64 ёш). Олий Мажлис Сенати раиси

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева 24 ёшида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги: филолог (рус тили ва адабиёти ўқитувчиси). Олий мажлис Сенати раиси лавозимига сайланишидан аввал асли тошкентлик Танзила Нарбаева 15 йил Вазирлар Маҳкамаси ходими, 6 йил Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси, шунингдек деярли 3 йил давомида Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритган.

Содиқ Сафоев — 1954 йилда туғилган (67 ёш). Сенат раисининг биринчи ўринбосари

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев 22 ёшида ҳозирги Миллий университетни тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисодчи. Тошкентлик Содиқ Сафоев 2003—2005 йилларда ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган. Сафоев 2005 йилдан буён Сенат аъзоси ҳисобланади.

Мурат Камалов — 1955 йилда туғилган (66 ёш). Сенати раиси ўринбосари

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси. Олий Мажлис Сенати Раиси ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг раиси Мурат Камалов Нукус шахрида туғулган. Камалов 22 ёшида Давлат хавфсизлик қўмитаси (КГБ) олий мактабини тамомлаган. Мутахассислиги: ҳуқуқшунос. Жўқорғи Кенгеснинг раиси этиб сайланишидан аввал Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақолпоғистон бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган.

Қонунчилик палатаси

Нурдинжон Исмоилов — 1959 йилда туғилган (62 ёш). Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери Нурдинжон Исмоилов 1959 йил Наманган вилоятида туғилган. Исмоилов 21 ёшида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Мутахассислиги: юрист, юридик фанлари номзоди. Спикер этиб сайланишидан аввал 20 йил давомида Олий Мажлис қонунчилик ва суд масалалари бўйича қўмитасининг раиси бўлиб ишлаган

Актам Хаитов — 1974 йилда туғилган (47 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари


Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари — ЎзЛиДеП фракцияси лидери Актам Хаитов 20 ёшида Самарқанд иқтисодиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисод ва бошқарув. Иқтисод фанлари номзоди. Асли Қашқадарёлик Хаитов Ўзбекистон Либерал-демократ партияси етакчисига айланишидан аввал Меҳнат вазири бўлиб ишлаган.

Зухра Ибрагимова — 1965 йилда туғилган (56 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари


Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари — «Адолат» СДП фракцияси раҳбари 56 ёшли Зухра Ибрагимова 1991 йилда Тошкент педиатрия тиббиёт институтини тамомлаган. Мутахассислиги: педиатр шифокори. Қорақолпоғистонлик Ибрагимова депутат бўлишидан аввал кўп йиллар давомида Қорақалопоғистоннинг турли туманларидаги врачлик-пунктларида фаолият юритган.

Хайрилло Гаппоров — 1971 (50 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари — Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси лидери Хайрилло Гаппоров 1971 йилда Наманган туманида туғилган. Экология партияси фракцияси раҳбари 23 ёшида ҳозирги Миллий университетни тамомлаган. Мутахассислиги: кимёгар, ўқитувчи. Кимё фанлари номзоди. Депутат бўлишидан аввал Гаппоров Наманган давлат университетида 13 йил давомида илмий бўлим раҳбари лавозимидан проректорликкача кўтарилган.

Акмал Саидов — 1958 йилда туғилган (63 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари


Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов Тошкент вилоятида туғилган. Саидов 23 ёшида Миллий университетнинг юридик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги: юрист. Юридик фанлари доктори, профессор. 25 йилдан буён Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ раҳбари бўлиб ишлаб келмоқда. Шунингдек, 24 йилдан буён депутат сифатида фаолият юритмоқда. Охирги маротаба Акмал Саидов Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида Қашқадарё вилоятидан номзод сифатида иштирок этган.

Алишер Қодиров — 1975 йилда туғилган (46 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари — «Миллий тикланиш» ДП фракцияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкент шаҳрида туғилган. У амалдаги партия раҳбарлари ичида энг ёши ҳисобланади. У 21 ёшида Туркиянинг Эгей университетини тамомлаган. Шунингдек, у орадан 13 йил ўтиб Тошкент молия институтининг сиртқи бўлими битирувчиси бўлган. Мутахассислиги: филолог, иқтисодчи. 2015 йилда депутатликка сайланишдан аввал Қодиров 7 йил давомида Жиззах вилояти ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо бошқармаси раҳбари бўлиб ишлаган. 2017−19 йилларда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари сифатида фаолият юритган. 2019 йилда «Миллий тикланиш» ДП раиси этиб сайланган.

Улуғбек Иноятов — 1962 йилда туғилган (59 ёш). Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари

Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Улуғбек Иноятов 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Иноятов 23 ёшида Тошкент политехника институтини, 36 ёшида Тошкент молия институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган. Мутахассислиги: муҳандис, иқтисодчи. Педагогика фанлари доктори. Аввалроқ Наманган давлат университети ректори ва Халқ таълим вазири сифатида фаолият юритган.

2. Ижро ҳокимияти

Вазирлар Маҳкамаси

Абдулла Арипов — 1961 йилда туғилган (60 ёш). Бош вазир

Ҳукумат раҳбари — бош вазир Абдулла Арипов Тошкент шаҳрида туғилган. У 1983 йилда ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Ихтисослиги — Электроалоқа муҳандиси. 2016 йилда бош вазир лавозимига тайинланишидан аввал 4 йил давомида Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежида катта ўқитувчи бўлиб ишлаган.

Очилбой Раматов — 1962 йилда туғилган (59 ёш). Бош вазир биринчи ўринбосари

Очилбой Раматов Хоразм вилоятида туғилган. Собиқ транспорт вазири Тошкент темир-йўллар муҳандислари институтини тамомлаган. Ушбу лавозимга тайинланишидан аввал Транспорт вазири ва 17 йил давомида «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг бошқарув раиси бўлиб ишлаган.

Жамшид Қўчкоров — 1964 йилда туғилган (57 ёш). Бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчкоров ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (1985 йил), бироз вақт ўтиб АҚШнинг Колорадо университетини (1996 йил) тамомлаган. Самарқандлик Жамшид Қўчқоров бундан аввал 3 йил Молия вазири лавозимида ишлаган.

Алишер Султонов — 1967 йилда туғилган (54 ёш). Бош вазир ўринбосари


Бош вазир ўринбосари — энергетика вазири Алишер Султонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Султонов 1984−89 йилларда Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган А.Ф.Можайский номидаги ҳарбий муҳандислик институти талабаси бўлган. Бош вазир ўринбосарлигига тайинланишдан аввал Алишер Султонов «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг раҳбари бўлиб ишлаган.

Азиз Абдуҳакимов — 1974 йилда туғилган (47 ёш). Бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари — туризм ва спорт вазири Тошкентлик Азиз Абдуҳакимов ҳам кўпчилик раҳбарлар каби Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Бош вазир ўринбосари этиб тайинланишидан аввал «Ўзбектуризм» кўмитаси раиси, олдинроқ эса 3 йил давомида Меҳнат вазири лавозимида ишлаган.

Сардор Умурзоқов — 1977 йилда туғилган (44 ёш). Бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов 1977 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Умурзоқов 17 ёшида Тошкент Иқтисодиёт университети «Халқаро молия ва банк иши» факультети талабасига айланган. 21 ёшида Буюк Британиядаги Reding университетининг «Банк иши» йўналиши бўйича магистратурага кирган. Вазир этиб тайинланишидан аввал «Узбекчармпойабзали» Ассоциациясида турли йилларда раис маслаҳатчиси, раис ўринбосари ва раис лавозимларида ишлаган.

Беҳзод Мусаев — 1973 йилда туғилган (48 ёш). Бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари — соғлиқни сақлаш вазири тошкентлик Беҳзод Мусаев ҳам Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган вазирлардан бири ҳисобланади. Мутахассислиги — иқтисодчи. Бош вазир ўринбосари лавозимини эгаллашдан аввал Солиқ қўмитаси раиси бўлиб ишлаган.

Шуҳрат Ғаниев — 1968 йилда туғилган (53 ёш). Бош вазир ўринбосари

Бош вазир ўринбосари — аграр ва озиқ овқат масалалари бўйича комплекс раҳбари Шуҳрат Ғаниев 17 ёшида Тошкент аграр университети қабул қилиниб, ушбу институтда 7 йил давомида билим олган. Орадан 13 йил ўтиб, 2005 йилда Тошкент кимё-технологиялари институтини тамомлаган. Фарғоналик Шуҳрат Ғаниев бош вазир ўринбосари этиб тайинланишидан аввал 8 йил давомида Фарғона ҳокими лавозимида ишлаган.

Тимур Ишметов — 1979 йилда туғилган (42 ёш). Молия вазири

Тимур Ишметов Ўзбекистондаги ёш вазирларидан бири ҳисобланади. Тошкентлик Ишметов 21 ёшида Тошкент молия институтининг молия ва кредит факультетини тамомлаган. Орадан 5 йил ўтиб эса Буюк Британиядаги Бирмингем университетининг магистатурасини тугатган. Шунингдек 2008 йилда Тошкент юридик университетини тугатган. Тимур Ишметов Молия вазирлиги тизимига ўтишидан аввал кўп йиллар давомида Марказий банкда турли соҳаларда фаолият юритган.

Илҳом Маҳкамов — 1979 йилда туғилган (42 ёш). Транспорт вазири

Яна бир ёш вазир — Илҳом Маҳкамов Тошкент транспорт институтининг бакалавр ва магистр даражасига эга. Транспорт вазири иқтисод, техника ва маркетинг йўналишини тамомлаган. Вазир бўлишдан аввал Маҳкамов вазир ўринбосари сифатида, ундан аввалроқ эса уй-жой коммунал хизматида турли соҳаларда фаолият юритган. Вазирликка тайинланганидан бир кун ўтиб, 2021 йил 23 февраль куни «Uzbekistan Airways» раҳбарига айланди.

Нозим Ҳусанов — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов 1976 йилда Зангиота тумани (Тошкент вилояти)да туғилган. 21 ёшида Тошкент автомобил йўллар институтини тамомлаган Ҳусанов орадан 5 йил ўтиб Молия институтининг дипломига эга бўлган. Вазир этиб тайинланишидан аввал Тошкент шаҳар Сергели тумани ҳокими бўлиб ишлаган.

Абдуқодир Тошқулов — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Олий таълим вазири

Олий таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 1976 йилда Сурхондарёда туғилган. 22 ёшида Термиз давлат университетини тамомлаган Тошқулов 2021 йилда вазирликка тайинланишидан аввал ушбу университет ректори бўлиб ишлаган.

Бахтиёр Саидов — 1981 йилда туғилган (40 ёш). Халқ таълим вазири

21 ёшида Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган Бахтиёр Саидов ҳукуматдаги энг ёш вазир ҳисобланади. 40 ёшли Халқ таълим вазири, шунингдек, 2007 йилда Жаҳон савдо ташкилоти институтини ҳам тамомлаган. Самарқандлик Саидов халқаро иқтисодий алоқалар ва савдо сиёсати бўйча мутахассис ҳисобланади. Бахтиёр Саидов 2021 йилда вазир этиб тайинланишидан аввал Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси бўлиб ишлаган.

Пўлат Бобожонов — 1961 йилда туғилган (60 ёш). Ички ишлар вазири

Ички ишлар вазири, Генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов 1961 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 21 ёшида Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Бобожонов ўз фаолияти давомида Хоразм, Жиззах ва Бухоро вилоятларида турли лавозимларда ишлаб келган. Вазир этиб тайинланишига (2017 йил) қадар 5 йил Хоразм вилояти ҳокими бўлиб ишлаган. Мутахассислиги: юрист.

Баҳодир Қурбонов — 1969 йилда туғилган (52 ёш). Мудофаа вазири

Мудофаа вазири Генерал-майор Баҳодир Қурбонов 21 ёшида икки йиллик ҳарбий хизматни ўтаб бўлиб, Ўзбекистон ИИВ олий тергов мактабига ўқишга кирган, кейинроқ 23 ёшида ИИВ олий мактабида ўқишни давом эттирган. Жиззахлик Баҳодир Қурбонов вазир этиб тайинланишидан аввал Тошкент ҳарбий округи қўмондони бўлиб фаолият юритган. Айни вақтда параллель равишда Ўзбекистон ММА ассоциацияси раиси ҳисобланади.

Турсинхон Худойберганов — 1951 йилда туғилган 70 ёш. Фавқулотда вазиятлар вазири

Чинозлик Фавқулотда вазиятлар вазири Турсинхон Худойберганов Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини тамомлаган. Шунингдек, Худайберганов 31 ёшида ИИВ Академиясини ҳам битирган. 2016 йилгача 6 йил давомида Фавқулотда вазиятлар вазири бўлиб ишлаган, икки йиллик танаффусдан сўнг ушбу лавозимга қайта тайинланган. Турсинхон Худойберганов 2016 йилдан буён Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича президент маслаҳатчиси бўлиб ишлайди.

Ботир Зокиров — 1963 йилда туғилган (58 ёш). Қурилиш вазири

Қурилиш вазири Ботир Зокиров 1963 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Мутахассислиги: қурувчи-инжинер. Меҳнат фаолиятини 17 ёшида Тошкент инструментал заводида бошлаган. 27 ёшида «12-Трест» корпорациясидда уста бўлиб ишга кирган Зокиров йиллар ўтиб ушбу коорпорация Кенгаши раисига айланган.

Абдулазиз Камилов — 1947 йилда туғилган (74 ёш). Ташқи ишлар вазири

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 1972 йилда Совет иттифоқи Ташқи ишлар вазирлигининг дипломатик академиясини тамомлаган. Узоқ йиллар давомида қатор давлатларда аввал Совет иттифоқи, кейин Ўзбекистон элчихоналарида ишлаган. 1992−1994 йилларда Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари бўлган. 2012 йилдан буён Ўзбекистон ташқи ишлар вазири сифатида фаолият юритмоқда. 1994−2003 йилларда ҳам ушбу лавозимда ишлаган. Тарих фанлари номзоди.

Шерзод Шерматов — 1977 йилда туғилган (44 ёш). Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов 22 ёшида Тошкент давлат техника университетини, икки йил ўтиб эса АҚШнинг Йель университетини тамомлаган. Шерматов Ўзбекистонда ижтимоий тармоқлар «блокировка"сидан сўнг ишдан бўшатилган Бахтиёр Содиқов ўрнига 2021 йил 17 ноябрь куни вазир этиб тайинланган. Ундан аввал Шерматов Халқ таълим вазири сифатида фаолият юритган.

Русланбек Давлетов — 1980 йилда туғилган (41 ёш). Адлия вазири

Энг ёш вазирлардан бири Русланбек Давлетов 1980 йилда Хоразм вилоятида туғилган. 21 ёшида Буюк Британиянинг Уорик университетини тугатиб, икки йилдан сўнг Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети магистри даражасини олган. Бундан ташқари у шу йилнинг ўзида яна бир университет — Тошкент давлат иқтисодиёт университида ўқишни бошлаган. Русланбек Давлетов вазир этиб тайинланишидан олдин президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

Озодбек Назарбеков — 1974 йилда туғилган (47 ёш). Маданият вазири

Машҳур санъаткор, маданият вазири Озодбек Назарбеков 1974 йилда Андижон вилоятида туғилган. 33 ёшида Маннон Уйғур номидаги санъат институтини тамомлаган. 2020 йилда вазир этиб тайинланишидан аввал 26 йил давомида ўзбек эстрадасида ижод қилган.

Шерзод Ҳидоятов — 1980 йилда туғилган (41 ёш). Уй-жой коммунал ҳизмати вазири

Энг ёш вазирлардан яна бири, уй-жой коммунал хизмати вазири Шерзод Ҳидоятов 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Хидоятов 26 ёшида Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Олий хўжалик судида 11 йил давомида консультант бўлган. Ундан сўнг 9 йил «Artel Engineering», «Durabel Beton» ва бошқа компанияларда турли лавозимларда ишлаган. Вазир этиб тайинланишидан аввал Қурилиш вазири ўринбосари сифатида фаолият юритган.

Агриппина Шин — 1958 йилда туғилган (63 ёш). Мактабгача таълим вазири

Амалдаги вазирлар орасидаги ягона аёл, мактабгача таълим вазири Агриппина Шин 1958 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 22 ёшида ҳозирги Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган. Вазир бўлишидан аввал 30 йил давомида Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида (2004 йилгача Тошкент шаҳридаги 4-ҳунар техника билим юрти деб номланган) турли лавозимларда ишлаган.

Жамшид Ходжаев — 1979 йилда туғилган (42 ёш). Қишлоқ хўжалиги вазири

Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев 1979 йилда Фарғона вилоятида туғилган. 21 ёшида Тошкент иқтисодиёт университетини тугатиб, Европа давлат бошқаруви институтига ўқишга кирган. 2002 йилда ушбу институтни тамомлаб, 2003 йилда Буюк Британиянинг Бирмингем университетида MBA даражасини олган. Ходжаев 2019 йилда Қишлоқ хўжалиги вазири этиб сайланишидан аввал ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири бўлиб ишлаган.

Шавкат Хамраев — 1964 йилда туғилган (57 ёш). Сув хўжалиги вазири

Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев 1964 йилда Бухоро шаҳрида туғилган. 22 ёшида Тошкент аграр университети тамомлаган. Муҳандис-гидротехник, қишлоқ ҳўжалиги фанлари номзоди. 2018 йилда лавозимга тайинланишидан аввал ушбу вазирликда вазир ўринбосари бўлиб ишлаган.

Раҳмат Маматов — 1967 йилда туғилган (54 ёш). Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Раҳмат Маматов 1967 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган. Маматов 24 ёшида Қарши давлат университетини, 9 йилдан сўнг эса ИИВ академиясини тамомлаган. Вазир этиб тайинланишидан аввал Фарғона вилояти ИИБ раҳбари, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси бўлиб ишлаган.

Иброхим Абдурахмонов — 1975 йилда туғилган (46 ёш). Инновацион ривожланиш вазири

Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов 22 ёшида ҳозирги Миллий университетини, тўрт йилдан сўнг Техас қишлоқ ҳўжалиги ва механика университети (АҚШ)ни тамомлаган. Абдурахмонов вазир этиб тайинланишидан аввал Фанлар Академиясининг Геномика ва биоинформатика маркази директори бўлиб ишлаган. Наманганлик вазир Жаҳон фанлар академияси аъзоси ҳисобланади.

Ҳокимият

Шуҳрат Абдураҳмонов — 1968 йилда туғилган (53 ёш). Андижон вилояти ҳокими


8 йилдан буён Андижон вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Шуҳрат Абдураҳмонов 1992 йилда хозирги Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиалини тамомлаган. Мутахассислиги: агроном. Шуҳрат Абдураҳмонов вилоят ҳокими этиб тайинланишидан аввал 7 йил давомида Пахтаобод тумани ҳокими ва 2 йил Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимларида фаолият юритган

Ботир Зарипов — 1969 йилда туғилган (52 ёш). Бухоро вилояти ҳокими

Ботир Зарипов вилоят ҳокимлари орасида ягона молиячи ҳисобланади. Асли ғиждувонлик вилоят ҳокими 28 ёшида Тошкент молия институти ни тамомлаган. Вилоят ҳокими этиб тайинланишидан аввал 4 йил давомида «Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмаси раиси лавозимида, ундан аввал эса кўп йиллар давомида Марказий банкнинг турли бўлимларида ишлаган.

Эргаш Солиев — 1956 йилда туғилган (65 ёш). Жиззах вилояти ҳокими

Жиззах вилояти ҳокими форишлик Эргаш Солиев ҳоким сифатида деярли 17 йиллик тажрибага эга. У Пахтакор туманида 12 йил, Aрнасой туманида 1 йил ҳоким бўлиб ишлаган. 4 йил аввал эса Бухоро вилояти ҳокими этиб тайинланган. 65 ёшли Солиев 1978 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаб, Беларусь давлат университети аспирантурасида ўқишни бошлаган. Эргаш Солиев амалдаги энг ёши катта ҳоким ҳисобланади

Шавкат Абдураззоқов — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Наманган вилояти ҳокими

Мутахассислиги инженер-технолог бўлган 45 ёшли Шавкат Абдураззоқов 2020 йилнинг охирларида Наманган вилояти ҳокими этиб тайинланишидан аввал Наманган тумани, кейинроқ Наманган шаҳри ҳокими бўлиб ишлаган. Қолаверса, у 6 ой давомида Экология қўмитаси раҳбари бўлиб ишлаган. Наманганлик Абдураззоқов 22 ёшида Наманган саноат-технология институтини тамомлаган.

Нормат Турсунов — 1972 йилда туғилган (49 ёш). Навоий вилояти хокими

Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсунов 22 ёшида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноати институтини тамомлаб, бироз вақтдан сўнг Тошкент Молия институтининг сиртқи бўлимига ўқишга кирган. Тошкент вилоятидан бўлган Турсунов Навоий ҳокими этиб тайинланишидан аввал кўп йиллар солиқ тизимида ваолият юритган.

Муротжон Азимов — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Қашқадарё вилояти ҳокими

Амалдаги ҳокимлар орасида мутахассислиги юрист бўлган ягона ҳоким, қашқадарёлик Муротжон Азимов бир ой аввал, 18 ноябрь куни Қашқадарё вилояти ҳокими этиб тайинланди. Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган Азимов ҳоким бўлгунгача 2 йил давомида Давлат божхона қўмитаси раиси бўлиб ишлаган

Эркинжон Турдимов — 1969 йилда туғилган (52 ёш). Самарқанд вилояти ҳокими

Самарқандлик Эркинжон Турдимов 1991 йилда ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисодчи. Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланишидан олдин икки йил Сурхондарё ва 8 йил давомида Навоий вилоятлари ҳокими вазифасида ишлаган.

Ғофуржон Мирзаев — 1964 йилда туғилган (57 ёш). Сирдарё вилояти ҳокими

Асли фарғоналик Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев 26 ёшида ҳозирги Тошкент техника институтини, 10 йил ўтиб эса Тошкент давлат и қтисодиёт университети сиртқи бўлимини тугатган. 5 йилдан буён Сирдарё вилояти ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Мирзаев 13 йил давомида Президент аппаратида фаолият юритган.

Тўра Боболов — 1970 йилда туғилган (51 ёш). Сурхондарё вилояти ҳокими

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ушбу лавозимга тайинланишидан аввал 12 йил давомида Савдо-саноат палатасининг Сурхондарё вилоят бошқармасида раҳбарлик қилган. 51 йшли Боболов 22 ёшида кўп раҳбарлар қатори Тошкент давлат Иқтисодиёт университетини тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисодчи.

Зоир Мирзаев — 1968 йилда туғилган (53 ёш). Тошкент вилояти ҳокими

Яқиндагина Тошкент вилояти ҳокими этиб тайинланган Зоир Мирзаев 26 ёшида Тошкент молия институтини тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисодчи. Асли самарқандлик Мирзаев 6 йил Самарқанд ва 2 йил Қашқадарё вилоятлари ҳокими лавозимида ишлади. Бундан ташқари, у 2016−2018 йилларда бош вазирининг ўринбосари — Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган.

Жаҳонгир Ортиқҳўжаев — 1975 йилда туғилган (46 ёш). Тошкент шаҳар ҳокими

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқҳўжаев ҳам кўплаб раҳбарлар каби Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг битирувчиси ҳисобланади. 17 ёшидаёқ ўзининг биринчи компаниясини очган бўлажак ҳоким ушбу университетни 21 ёшида тамомлаган. Ортиқҳўжаев 36 ёшида «Artel» команиясига асос солган. 2018 йилда ҳоким этиб тайинланишидан аввал узоқ йиллар давомида хусусий бизнес билан шуғулланган.

Хайрулло Бозоров — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Фарғона вилояти ҳокими

Энг ёш ҳокимлардан бири бўлган наманганлик Хайрулло Бозоров 21 ёшида Наманган саноат-технология институтининг сиртқи бўлимини тамомлаган. Мутахассислиги: иқтисодчи. 2020 йилда Фарғона вилояти ҳокими этиб тайинланишидан аввал 7 йил давомида Наманган вилоятининг турли туманлари (Учқўрғон, Чуст ва Мингбулоқ), кейинроқ эса 5 йил Наманган вилояти ҳокими бўлиб ишлаган.

Фарҳод Эрманов — 1958 йилда туғилган (63 ёш). Хоразм вилояти ҳокими

Хоразм вилояти ҳокими сифатида 3 йилдан буён фаолият юритаётган Фарҳод Эрманов 22 ёшида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаган. Қорақалпоғистонлик ҳоким 37 ёшида Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сиртқи бўлимини тугатган. Мутахассислиги: муҳандис-механик, иқтисодчи. Фарҳод Эрманов вилоят ҳокими этиб тайинланишилдан аввал Қорақалпоғистон Республикасидаги Беруний тумани ҳокими лавозимида ишлаган.

Қорақолпоғистон Вазирлар Кенгаши


Қахраман Сариев — 1980 йилда туғилган (41 ёш). Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси

41 ёшли Қорақолпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Қахраман Сариев 2002 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институтини битирган. Орадан икки йил ўтиб эса ушбу институтнинг магистратурасини тамомлаган. Тўрткўллик Сариев 2016 йилда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси этиб сайланишидан аввал кўп йиллар давомида Ўзбекистон давлат статистика қўмитасида турли лавозимларда ишлаган, сал кейинроқ эса Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазири бўлиб ишлаган.

Нуруллан Ерлепесов — 1971 йилда туғилган (50 ёш). Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари

2020 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг Молия, иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири этиб тайинланган Нуруллан Ерлепесов 1971 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Ерлепесов 23 ёшида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтини тамомлаган, 2010 йилда эса Қорақалпоқ давлат университетининнг сиртқи бўлимини тугатган. Мутахассислиги: иқтисодчи, молиячи. Вазир этиб тайинланишидан аввал Ўзбекистон Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган.

Муратбай Жуманов — 1970 йилда туғилган (51 ёш). Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари

Вазирлар Кенгаши раисининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Муратбай Жуманов 1970 йилда Нукус шаҳрида туғилган. 25 ёшида Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган Жуманов Ўзбекистон Либерал демократик партияси аъзоси ҳисобланади. Шунингдек Жуманов 7 йилдан буён Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати сифатида фаолият юритмоқда. Вазирликка тайинланишидан аввал Қорақалпоқ давлат университети ректори бўлиб ишлаган.

Ерназар Аташов — 1972 йилда туғилган (49 ёш). Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари

Вазирлар Кенгаши раисининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ерназар Аташов 1993 йилда Нукус давлат педагогика институтини, 2003 йилда эса Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг сиртқи бўлимини тамомлаган. Нукуслик Ерназар Аташов Кенгаш раиси ўринбосари этиб тайинланишидан аввал бир қанча МЧЖларда раҳбар бўлиб ишлаган.

Казбеков Жусипбек — 1972 йилда туғилган (49 ёш). Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари


kun.uz

Вазирлар Кенгаши раисининг экология ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Казбеков Жусипбек 1972 йилда Нукус шаҳрида туғилган. Казбеков 22 ёшида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлаб, 28 ёшида Колорадо (АКШ) университетида магистратура даражасини олган. Мутахассислиги: муҳандис-гидротехник, сув ресурсларини бошқариш. Кенгаш раиси ўринбосари этиб тайинланишидан аввал Марказий Осиё минтақавий экологик маркази халқаро ННТнинг Ўзбекистондаги филиали сув дастурлари бўйича координатори бўлиб ишлаган.

Хабибуллаев Бахитжан — 1969 йилда туғилган (52 ёш). Вазирлар Кенгаши раисининг ўринбосари


kknews.uz

Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари, Инвестиция ва ташқи савдо вазири Хабибуллаев Бахитжан Кегейли туманида туғилган. 24 ёшида Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган Бахитжан Хабибуллаев вазир этиб тайинланишидан аввал 11 йил давомида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикасидаги лойиҳалари координатори бўлиб ишлаган.

3. Суд ҳокимияти

Козимджан Камилов — 1957 йилда туғилган (64 ёш). Олий суд раиси

4 йилдан буён Олий суд раиси лавозимида ишлаб келаётган Козимджан Камилов 23 ёшида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган. Тошкентлик юрист Камилов 5 йиллик муддатга Олий суд раиси этиб тайинланишидан аввал Олий хўжалик суди раиси бўлиб ишлаган.

Робахон Махмудова — 1958 йилда туғилган (63 ёш). Олий суд раисининг биринчи ўринбосари

Олий суд раисининг биринчи ўринбосари — маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Робахон Махмудова 1958 йилда Фарғона туманида туғилган. 25 ёшида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетини тамомлаган Махмудова 2020 йилда 10 йил муддатга Олий суд раиси ўринбосари этиб тайинланган. Бундан аввал юрист Президент халқ қабулхонасида фаолият юритган.

Халилилло Турахужаев — 1972 йилда туғилган (49 ёш). Олий суд раисининг ўринбосари


Олий суд раисининг ўринбосари — фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Халилилло Турахужаев 25 ёшида Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги: юрист. Бундан аввал наманганлик Халилилло Турахужаев Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган.

Икрам Муслимов — 1972 йилда туғилган (49 ёш). Олий суд раисининг ўринбосари

Олий суд раисининг ўринбосари. Олий суд раисининг ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Тошкент вилоятида туғилган Бахтиёр Исаков 22 ёшида Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги: юрист. Исаков 2017 йилда Олий суд раисининг ўринбосари этиб тайинланишидан аввал, Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.

Бахтиёр Исаков — 1976 йилда туғилган (45 ёш). Олий суд раисининг ўринбосари


Олий суд раисининг ўринбосари — иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Тошкент вилоятида туғилган Бахтиёр Исаков 22 ёшида Тошкент давлат юридик университетини тамомлаган. Мутахассислиги: юрист. Исаков 2017 йилда Олий суд раисининг ўринбосари этиб тайинланишидан аввал, Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.


Ушбу маълумотлар очиқ манбалардан олинган бўлиб, мақола эълон қилинган кун ҳолатига актуал ҳисобланади.